“Аҳволим шу экан деб ётиб олсак бўлмайди” — автомобилни қўлсиз бошқараётган фарғоналик ҳайдовчи
Музаффар Раҳмонов 3 ёшида бахтсиз ҳодиса сабаб икки қўлидан айрилган. Қўлсиз машина бошқариб, юк ташийди, ҳовлисида чорва боқади. Икки ўғилнинг отаси Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти сиртқи таълим йўналишининг тўртинчи курсида ўқийди.
Фарғона шаҳри Ёрмозор маҳалласида яшовчи Музаффар кунлик иш фаолияти, оиласи, қўлсиз машинани қандай бошқариши ҳақида сўзлаб берди.
“3 ёшимда эшиги очилиб қолган трансформаторни билмай ушлаб олганман, ўшанда қўлим куйиб кетган. Эсимни таниганимда шу аҳволда эдим. Бошқалар қатори боғча, мактабга бордим. Бошланғич синф ўқитувчим Раъно опа бошқалар билан баробар ёзиш-чизишни ўргатди, сен ҳам қилоласан, деб далда бўлди доим. Шу устозларим туфайли Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти сиртқи таълим йўналишининг 4-курсида давлат томонидан грант асосида таҳсил оляпман.
Оиламиз тинч, икки ўғлим бор, аёлимга раҳмат. Катта ўғлим қўлимга қараб нима бўлганини сўраб қолади баъзида. Худо берган синов деб тўғри тушунтираман. Ўғлим ақлли. Иккинчиси ҳали кичик.
Эрталаб болаларни боғчага ташлаб, кўчага чиқиб кетаман машина билан. Машина ҳайдаш одатий ҳол мен учун, қийналмайман, ўрганиб қолганман. Пешонага ёзилгани шу экан деб уйда ётиб олсак бўлмайди. Яратган дард бергани билан шунга яраша юракка ўт ҳам солиб қўяркан. Бир жойда ўтиришни ёмон кўраман. Қўлимдан келган ишни қилавераман. Ота-онам ҳам менга ишониб, ишлаб юришимга туртки бўлишган, болам шунақа экан деб уйда олиб ўтиришмаган, ҳаракат қилишни ўргатишган. Бошида қийин бўлган, лекин кўникиб, ўрганиб кетдим.
Кунларнинг бирида Ёзёвонга юк ташлаб келаётсам, ЙПХ ходимлари тўхтатишди. Ҳайдовчилик гувоҳномам йўқ, доктор рухсатини ололмаганмиз (тўғри тушунса бўлади уларни ҳам, жавобгарлиги бор, бирор нима бўлса). Хуллас, тўхтатишгач, савол беришди, ҳужжат сўрашди. Очиғини айтдим мен ҳам. Қийналмаяпсизми, дейишди, машина ҳайдашимни кўрсатдим ўзларини миндириб. Шундан кейин ҳайдовчилик гувоҳномаси берамиз, дейишди. Машина эски экан, машина олинг, дейишди. Шундан сўнг Labo машинасини олиб бериб, тўловларини ҳам ўзлари тўлашди.
Ҳаётда энг бахтли одамлардан бириман, дейишим мумкин. Ҳамманинг ошкора ё фақат ўзига аён бир ками бўлади. Худога шукр, дейман, шунчалик қилиб яратди. Бари ўтиб кетади, барчамиз бир кун кетамиз, борига шукр қилиш керак. Бир жойда тўхтаб қолганим йўқ, шунга яраша куч-қувват берди. Ҳаракат қилавериш керак, секинлик билан бўлади ҳаммаси. Йиқилса, туриб яна давом этиш керак, Яратган бир кун ҳаммасини беради.
Овқатланишда ҳам ўзим бемалол овқатланаман, бироз қийинчилиги бордир, лекин овқатниям ўзим қилоламан. Қалбимиз соғ, танимиз соғ. Бола-чақам ёнимда, ота-онам саломат — Худонинг берган яхши куни шу-да.
Тирикчилик шу машинанинг ортидан. Биров унимни олиб бориб бер, дейди, биров бошқа бир юк айтади. Халқнинг хизмати билан ризқимизни териб юрибмиз. Йўлда ЙПХ ходимлари тўхтатиб қолишади. Қўлларсиз шунчалик тирикчилик қилиб юрибсиз экан, деб ҳайратга тушишади. Ўзи қоида бузмайман, шунчаки текшириш учун тўхтатишади. Эҳтиёт бўлинг, деб тайинлаб қўйиб юборишади”.
Сарвар Зиёев, Kun.uz,
Монтаж устаси: Муҳиддин Нидо
Мавзуга оид
11:20 / 22.11.2024
“Қани депутатлар, нега қарамаяпти?” — пропан нархидан ҳайдовчилар хавотирда
19:02 / 21.11.2024
Фарғона аэропортида ҳаво кемаларини қабул қилишга вақтинчалик чекловлар жорий этилди
11:28 / 21.11.2024
Фарғонада содир бўлган ЙТҲда вояга етмаган қиз ҳалок бўлди
10:16 / 12.11.2024