Жамият | 14:09 / 19.10.2023
12909
6 дақиқада ўқилади

Лондонда “Ўзбекистонлик” III халқаро форуми ва Uzbekistan’s club янги лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди 

18 октябрь куни Буюк Британиянинг пойтахти Лондон шаҳрида III халқаро “Ўзбекистонлик” форуми ўтказилди. Унда “Uzbekistan’s club” номли янги жилокор журнал тақдимоти ҳамда кўпчиликка танилган “Ўзбекистонлик” фильмининг 4-эпизоди премьераси бўлиб ўтди. 

Фото: Uzbekistan’s club

Форумда бутун дунёдан келган 200 дан зиёд ўзбекистонлик ватандошлар, Ўзбекистондан ташриф буюрган делегатлар, шунингдек, Буюк Британиядаги нуфузли шахслар, бизнесменлар, дипломатлар ва жамоат арбоблари иштирок этди. Тадбирни ўз кириш нутқи билан Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги Муваққат ишлар вакили Бахтиёр Ходжаев ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Одиль Рено-Бассо очиб берди.

“Ўзбекистонлик” форумларининг мақсади – бутун дунё бўйлаб ёйилган ўзбекистонликлар ўртасида глобал нетворкингни йўлга қўйиш ва Ўзбекистонни интеллектуал, истеъдодли ва меҳнаткаш инсонлар мамлакати сифатида тараннум этиш. Uzbekistan’s club ижодий жамоаси томонидан ташкил этиладиган халқаро “Ўзбекистонлик” форумлари аввалроқ Берлин (Германия) ва Париж (Франция) шаҳарларида муваффақият билан бўлиб ўтган эди. 

Форумнинг асосий воқеаларидан бири айни номдаги “Ўзбекистонлик” фильмнинг 4-эпизоди премьераси бўлди. Юз минглаб томошабинларнинг меҳрини қозониб улгурган бадиий-ҳужжатли фильмлар туркуми ўз соҳасида оламшумул натижаларга эришган ватандошларимизнинг ҳикояларини сўзлаб беришда давом этмоқда. Янги, бу сафарги эпизод қаҳрамонлари Европа тикланиш ва тараққиёт банки директори Камола Маҳмудова ва Кембриж университети биологи, фан доктори Темур Юнусовлар бўлди. Фильм Youtube тармоғи ва MY5 телеканали орқали 19 октябрь куни соат 18:00 да премьера қилинади.

Форумга ташриф буюрганлар “Uzbekistan’s club” номли янги жилокор журналнинг илк сони билан ҳам танишиш имкониятига эга бўлди. Замонавий ва ўзига хос услубга эга ушбу журнал трендларни бошлаб бериш учун яратилган. Унинг вазифаси – замонавий ўзбекистонликнинг янги қиёфасига намуна бўлаётган шахслар ва уларнинг образларини тарғиб қилиш. Журнал йилига икки марта ўзбек ва инглиз тилларида чиқади. У бепул равишда Тошкентдаги гавжум жамоат жойларида, қолаверса, хорижий мамлакатларда дипломатик ваколатхоналар орқали тарқатилади. 

“Uzbekistan’s club” журналининг янги сонида таҳририят версиясига кўра энг прогрессив ўзбекистонликларнинг ТОП 20 талиги эълон қилинди. Бундай рўйхат миллатнинг шу номга энг муносиб вакилларини аниқлаш ва уларнинг фаолиятига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш учун мунтазам тузиб борилади. Журналнинг яна бир тренди – ESG (атроф-муҳит, жамият ва ҳиссадорлар олдидаги масъулият) концепциясини оммалаштиришдир. Бунинг учун таҳририят ижтимоий масъулиятли бизнесларнинг кучли еттилигини тузди ҳамда таҳририят версиясига кўра шу рўйхатдан жой олган энг яхши лойиҳаларни журналнинг биринчи сонида эълон қилди. 

Лондондаги форумда Uzbekistan’s club жамоаси uzbekistans.club онлайн платформаси ҳамда айни номдаги Android ва iOS мобиль иловаларининг тўлиқ функционалини тақдим этди. Ушбу платформа орқали клуб ташаббусларига қўшилиш, диаспорамиз янгиликлари ва яратилаётган контент билан танишиб бориш мумкин бўлади. Хорижда яшаётган фаол ўзбекистонликлар учун эса унда бепул ариза топшириш орқали Uzbekistan’s club резиденти бўлиш имконияти бор. 

Клуб томонидан ватан ҳамда диаспоралар орасида яратилган “кўприк” ўз натижаларини бермоқда. Uzbekistan’s club резиденти, инвестор ва молиячи Алишер Жуманов янги GulfCA Corp. компанияси режалари билан бўлишди. У ушбу компанияни ўзбекистонлик ватандошлар билан Форс кўрфази мамлакатларидан 10 миллиард АҚШ долларидан ошиқроқ қийматдаги инвестицияларни жалб қилиш мақсадида ташкил қилган. Клубнинг яна бир резиденти бир нечта муваффақиятли бизнеслар эгаси Миршод Шокиров Uzbex.com платформаси ҳақида сўзлаб берди. У ушбу майдончани Ўзбекистондаги тадбиркорларга ўз бизнесларини жаҳон миқёсига олиб чиқиш ва “Made in Uzbekistan” брендини дунёда кенг ёйиш мақсадида ишлаб чиқмоқда. 

Форум меҳмонлари шунингдек Uzbekistan’s club’нинг янги ижодий лойиҳалари тафсилотлари ҳақида ҳам билиб олдилар. Ëшлар аудиторияси учун махсус яратилган “O‘zbekistonlik.Student” номли янги сериал намойиши келаси ой ҳам давом этади. У дунёнинг энг яхши университетларини кўрсатиб бериб, Ўзбекистондан чиққан истеъдодли талабалар мисоли орқали шундай билим юртларига кириш жараёни ҳақида сўзлайди. Ноябрь, декабрь ва январь ойларида томошабинлар эътиборига ушбу сериялнинг Буюк Британияда суратга олинган яна 3 та қисми ҳавола этилади. Кейинги мавсум АҚШдаги олий таълим муассасаларига бағишланади. 

Uzbekistan’s club – Ўзбекистондаги креатив индустрия профессионаллари томонидан таъсис этилган халқаро нодавлат нотижорат ташкилот. Жамоанинг барча лойиҳалари ҳомий ва ҳамкорларнинг серҳиммат кўмаги туфайли амалга оширилмоқда.

Янги мавсумда Uzbekistan’s club ва унинг лойиҳаларини Ucell мобиль оператори, Тошкентдаги Турин политехника университети ва Uzbekistan Airways миллий авиакомпанияси қўллаб-қувватламоқда. 

Лондондаги тадбир охирида Uzbekistan’s club жамоаси, анъанага кўра, навбатдаги форум ҳамда “Ўзбекистонлик”нинг янги эпизоди премьераси қаерда ва қачон бўлиб ўтишини эълон қилди. Жамоа учун кейинги манзил АҚШ бўлади. Тадбирлар 2024 йилнинг баҳорида бўлиб ўтади.

Мавзуга оид