Жаҳон | 23:34 / 23.10.2023
35701
10 дақиқада ўқилади

Иммигрант учун «бир қоп пул» – турли давлатларда кўчиб келганларга пул таклиф этилади, фақат шартлари бор…

Америка ва Европа қитъасидаги айрим давлатлар у ерларга бориш истагидагилар учун яшаш ҳуқуқига қўшимча 30 минг долларгача пул ҳам ваъда қиляпти. Италия ва Хорватия каби давлатларда уй-жойлар атиги 2 мингдан 12 минг сўмгача сотилмоқда. Kun.uz мазкур давлатлар рўйхати, у ерларга кўчиб бориш шартлари, “янги мезбон”ларга тўланадиган маблағлар миқдори ҳамда ариза учун ҳаволалар ҳақидаги маълумотларни саралади.

Сўнгги пайтларда интернет тармоқларида Канада, Швейцария, Германия, Италия, Ирландия ва шунга ўхшаш орзудаги ўнлаб давлатларда у ерларга кўчиб келувчилар учун фуқаролик берилаётгани, камига “янги мезбонлар”га жарақ-жарақ ойлик пул тўловлари ҳам ваъда қилингани айтилаётган маълумотлар болалаб кетди. Бу гаплар ростми? Булар бор гап. Қандай қилиб, кимларга, биз-чи, қачон, қайси давлатларга?” каби бериладиган саволларингизга эса, мана, биз олдиндан бирма-бир жавоб топиб қўйдик.

Бундай қарорларга сабаб бўлган омиллар 

Америка ва Европа қитъасида жойлашган Канада, Чили, Испания, Италия, Англия, Ирландия, Швейцария ва бошқа бир қатор ривожланган, иқтисодий барқарор давлатлар хорижлик фуқароларнинг келиб яшашлари учун яхшигина пул таклиф қиладиган лойиҳаларни бошлаган. Яъни сиз у ерларга борасиз, ҳужжатларни расмийлаштирасиз ва ойлик тўловларингизни чўнтакка солиб, эртакнамо умргузаронлик қиласиз. 

Ҳақли савол туғилади: бу давлатларни бундай грантлар ва дастурлар жорий этишга нима мажбур қилди? Сабаблар ҳар хил:

  • туғилишлар камайиб, аҳоли сонининг қисқариб бораётгани;
  • кичик шаҳарлар ва қишлоқлардаги одамларнинг йирик мегаполисларга интилиши ортидан у ерлардаги иқтисодий ричагнинг бузилиши;
  • ўқимишли фуқароларнинг туғилиб ўсган жойларига қайтмаслиги сабабли бинойидек уй-жой ва қишлоқлар кимсасиз руҳ ҳудудларга айланиб бораётгани;
  • айниқса, ёшларнинг камлиги туфайли жойларга “янги қонлар” кераклиги каби объектив ва субъектив оқибатлар ҳудудларни қайта жонлантириш масаласини ўртага қўймоқда. 

Шуни аввалдан айтиб қўйиш керакки, ётқизиб қўйиб пул тўлайдиган давлат ҳеч қаерда йўқ. Ҳар бир яхши шароит ваъдаси остида маълум шартлар бор. Уларга тўғри келсангизгина сизни қабул қилишади. Ҳар бир шартларни эса сизга биз бир бошидан санаб берамиз, сиз маъқулини танлаб олаверасиз. 

Ҳам Швейцария, ҳам пул

Сиз 45 ёшга тўлмагансиз ва бетакрор Алп тоғлари, табиати ва юқори маошлари билан танилган Швейцарияда яшамоқчисиз. Марҳамат, ушбу давлатдаги тоғ бағрида жойлашган Албинен қишлоғига кўчиб боринг. Тобора камайиб бораётган бу қишлоқ аҳолиси сонини оширишни мақсад қилган Швейцария сизни жон-жон деб қабул қилиши билан бирга, ҳар бир киши учун катталарга 28 минг, болалар учун эса 11 минг АҚШ доллари миқдорида пул беришга ҳам тайёр. Бу эса 4 кишилик оила учун 70 минг доллардан ҳам кўпроқ маблағ дегани. 

Швейсария, Aлбинен

Қизиқ. Таклиф зўр, унда нега ҳамма ёппасига Албиненга кўчиб кетмаяпти? Ўринли савол-а? Гап шундаки, у ерга кўчганингиздан сўнг сиз мазкур қишлоқда 10 йил давомида муқим яшашингиз керак бўлади. Унданам чатоғи эса сиз у ерда ўз ҳисобингиздан олинган 220 минг АҚШ доллари қийматидаги уйда яшашингиз шарт. Бундан ҳам қийинроғи бу имкониятлар Швейцарияда 12 йил давомида яшаганлар, “Б” турдаги рухсатномасига 5 йил тўлганлар, швейцариялик билан турмуш қурганларга тақдим этилади. Агар сиз бу шартларнинг ҳеч бирига тўғри келмасангиз, кейинги давлатларга ўтамиз.

Ирландиялик бўлиш учун осон шартлар 

Ирландияда ҳеч қандай фуқаролик талаби ва қўшимча бошоғриқларсиз яшаш ҳуқуқи. Корпоратив солиқларнинг пастлиги ва ишончли бизнес муҳити учун кафолат берувчи бу давлат ёш, қони қайноқ ёшларни ўзига чорлайди. Янаям аниқлаштирсак, сиз бир Ирландияда рўйхатдан ўтган компания очасиз, 3 йил ичида энг камида атиги 10 та ишчи ўрни яратиш ва 1 млн евро айланмага эга бўла олишингизга уларни ишонтирасиз. Уддалай олсангиз, у ерда яшаш ҳуқуқини қўлга киритиш билан бирга бизнесингиз ҳам турли даражада қўллаб-қувватланади. Марҳамат, уриниб кўринг.

Ирландия

Испанияда биноларни таъмирланг, яшанг ва ишланг

Испания ранг-баранг колоридли ва ўзига хос маданиятига эга гўзал мамлакат. Аммо 20-асрнинг охирларига келиб, Испаниянинг қишлоқ хўжалигидан шаҳар жамиятига тез ўзгариши кўплаб одамларнинг анъанавий пуеблолар, яъни қишлоқлардаги мулкларини йирик шаҳарлар фойдасига ташлаб кетишларига олиб келди. Бугунги кунда улар қолдириб кетган уйлар ва корхоналар ҳали ҳам ўз ҳолича турибди. Шунчаки, уларни қайтадан таъмирлаб, ишга тушириш керак. Бу ишлар учун эса Испаниядаги маҳаллий кенгашлар турли малакага эга одамларнинг қишлоқларга кўчиб ўтишларини рағбатлантиришга қарор қилишди ва бу орқали улар кимсасиз қолган ҳудудларини қайта жонлантиришмоқчи

Испания, Aстурия

Бундай жойлардан бири Астуриядаги Понга шаҳри бўлиб, у ерда оилалар жойлашишига ёрдам бериш учун 3000 евро ва шаҳарда туғилган ҳар бир чақалоқ учун қўшимча 3000 евро берилади. Шунингдек, Рубия, Галисия тоғларидаги маҳаллий шаҳарча муниципалитети сизнинг даромадингизни ойига қўшимча 100-150 евро билан тўлдиради. Шарти эса мазкур шаҳарчалардаги ўзингиз фойдаланадиган биноларни жонлантириш ва таъмирлаш учун ўз ёнингиздан харажат қилишингизга тўғри келади.

Океан орти Чили

Океан, яшил тоғлар сиз учун қизиқми? Янги лойиҳаларингиз ғоя босқичидан нарига ўтолмай, молиялаштирилишга муҳтожми? Унда нега Чилига бормаяпсиз? Жанубий Америка материгида жойлашган бу давлат томонидан тақдим этилаётган 300 минг АҚШ долларигача бўлган маблағлар ғояларингизни рағбатлантириши мумкин. Чили Иқтисодий ривожланиш агентлиги томонидан бошқариладиган ушбу схемада ҳар йили инвесторлар гуруҳи томонидан аризалар қабул қилинади. Дунёнинг энг олис ҳудудлари сизга қизиқ бўлса, ҳаракат қилиб кўришингиз мумкин.

Чили

Англияга ўқитувчилар керак!

Англияда яшаш ҳар доим жозибали бўлган. Энг яхши таълим, романтик ёмғирлар, яхши маош ва сифатли ҳаётни ўзида мужассам этган бу давлатда айни даврда ўқитувчилар етишмовчилиги кузатилмоқда. Гап шундаки, Буюк Британияда аҳоли сони маориф ходимлари сонидан тезроқ ўсмоқда. Бу эса ўқитувчиларга бўлган талабни шакллантиряпти. Ўтган йили бу талаб 79 фоизга қондирилган бўлса, бу йилги кўрсаткич 59 фоизни ташкил қилган. Тасаввур қилинг, Англия қарийб яна шунча ўқитувчиларни ишга қабул қилишга тайёр. У ерда 10 минг фунт-стерлинг ёки 12 минг АҚШ доллари миқдорида ойлик маошга эга бўлиш учун ариза топширишингиз мумкин.

Италия ҳам пул тўлайди 

Бўйдоқ бўлсангиз 800 евро, жуфтингиз билан эса 1200 евродан 2000 еврогача пул рағбатлари бериши мумкин бўлган жой бу Италиянинг Апулия ҳудудида жойлашган Кандела шаҳарчасидир. Кандела ўзининг ажойиб гўзаллиги ва енгил ҳаёт тарзи учун "Кичик Неапол" таърифини олган. Афсуски, 20-аср давомида у ерларда фаол турмуш тарзи сусайди. Шаҳар раҳбарияти маҳаллий аҳоли ва маданиятини тиклаш учун рағбатлантириш схемасини амалга оширишга мажбур бўлди. Бунда ягона шарт шундаки, сиз Канделада расмий резидентликка ариза топширишингиз ва камида 7500 евро маошга эга бўлишингиз керак.

Италия, Кандела

Бундан қониқмасангиз, Абруззо минтақасидаги Санто Стефано ди Сессанио шаҳри 18-40 ёш орасидагиларни рағбатлантириш учун 44 минг еврогача грантлар таклиф қила бошлаганини ҳам маълум қиламиз. Ушбу схема барча учун очиқ бўлиб, янги резидентлар бизнес очишлари ва камида 5 йил шу тош кўчали шаҳарчада қолиб яшашлари шарт бўлади.

1 евролик ва 0,16 центлик уйлар

Италия ва Хорватия кимсасиз қолиб кетаётган ҳудудларини қайта жонлантириш учун мос равишда 1 евролик ва 0,16 центлик уйлар сотувини йўлга қўйгани ҳақидаги хабарлар дунё матбуоти сарлавҳаларини тўлдирмоқда.

12 минг сўм ёки 2 минг сўм эвазига уй сотиб олишдан яхшиси борми? Шартлари қандай деб сўрашингиз табиий. Масалан, Сицилия, Сардиния, Абруззо, Миланда таклиф қилинаётган бу каби сув текин уйларга эга бўлиш учун ҳудуд ривожига ҳисса қўшадиган асосли лойиҳангиз, маълум миқдорда депозит суммангиз бўлиши даркор. Шуни унутмаслик керакки, ҳар бир киши учун алоҳида тузиладиган шартномалар шартлари бажарилмаса, янги резидентлар яхшигина жарималар билан жазоланиши мумкин.

Хорватиянинг Леград шаҳридаги 2 минг сўмлик уй-жойларга эга бўлиш учун эса ҳукумат у ердаги танлаган уйингизни таъмирлаб бериш учун ҳатто 4 минг АҚШ долларидан кўпроқ пул беришга тайёр. Фақат бунинг учун сиз молиявий барқарор, 40 ёшдан кичик ва у ерда 15 йил давомида қолишга рози бўлишингиз лозим.

Хулоса 

Бу каби рўйхатларни яна ўнлаб давом эттириш мумкин. Бироқ юқоридаги етти давлат мисолида ҳам гувоҳи бўляпсизки, қайси давлатга сиз фойда бера олсангизгина сизга ёрдам қилишади. Аниқроғи, барча таклиф қилинаётган имтиёз ва грантлар, асосан, маҳаллий иқтисодиётга ҳисса қўша оладиган ёки мамлакатнинг ўзига хос эҳтиёжларини қондира оладиган малакали мутахассислар, тадбиркорлар ёки жисмоний шахсларни жалб қилишга қаратилган. Шундай мазмундаги видеоларга “мана мен бораман”, “мен кетсам бўладими?” “кимга мурожаат қилиш керак?” мазмунидаги изоҳлар кўпайиб бораётгани учун барчага бугунги маълумотларни аниқроқ етказишга уриндик. Ҳамма ерда илм, касб-ҳунар, малака талаб этилишини, буларсиз ҳеч қайси давлатда ётқизиб пул бериб қўйилмаслигини унутмасак бўлди. Зеро, “Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тош-у тарозу” дея бежиз айтилмаган.

Сардорбек Усмоний тайёрлади.

Сардор Раҳмонқулов
Муаллиф Сардор Раҳмонқулов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид