Ўзбекистон | 10:48 / 23.10.2023
3891
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Япония ўртасида янги уюшма ташкил этилди

Япониянинг Киото шаҳрида Ўзбекистон инвестициявий ва туризм салоҳияти тақдимот қилинди.

Фото: Дунё АА

Мамлакат элчихонаси томонидан Киото шаҳрида Япония-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (JapanUzECO) билан ҳамкорликда бизнес-семинар ташкил қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Тадбир аввалида янги ташкил қилинган JapanUzECO уюшмасининг тақдимоти ўтказилди. Ушбу ташкилот Япония ва Ўзбекистон ўртасида кичик ва ўрта бизнес соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро қўшма тадбирлар, бизнес-форумлар уюштириш, икки давлат компаниялари ўртасида алоқаларни ривожлантирган ҳолда ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилгани маълум қилинди.

Бизнес-семинар давомида Kyoto Plaza Hotels Co.Ltd компанияси президенти, JapanUzECO асосчиларидан бири Юкио Шимизу сўзга чиқиб, Хоразм вилоятига тўғридан тўғри инвестиция киритилган ҳолда амалга оширилиши режалаштирилган янги лойиҳа ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов ўз чиқишида япон компаниялари учун қизиқиш уйғотадиган автомобилсозлик, тўқимачилик, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, ахборот технологиялар каби тармоқларга ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имкониятлари билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистонга бизнес-миссия билан келишга таклиф қилди.

Киото префектураси сайёҳлик компаниялари вакиллари билан суҳбатда мамлакатга ушбу ҳудуддан сайёҳлар оқимини ошириш ҳамда Ўзбекистон туризм брендини кенг тарғиб қилиш бўйича келишиб олинди.

Мавзуга оид