Иқтисодиёт | 16:00 / 25.10.2023
21255
2 дақиқада ўқилади

Yandex Go Ўзбекистонда юридик шахс ташкил этди

Компания йўловчиларга фискал чек бериш масаласини кўриб чиқаётганини билдирди.

Фото: Yandex Go

Yandex Go Ўзбекистонда юридик шахсни рўйхатдан ўтказган. Бу ҳақда компаниянинг МДҲ бўйича раҳбари Кирилл Свинцов Gazeta.uz мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

“Биз республика қонунчилиги асосида иш олиб борамиз. Аллақачон Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтдик. 1 декабргача Yandex Go ахборот хизматини мамлакатда маҳаллийлаштиришимизни тасдиқлаймиз. Бу хизматнинг амалдаги солиқларни тўловчи маҳаллий компания томонидан кўрсатилишини англатади. Ҳозирда жараёнларни такомиллаштиряпмиз”, - деган Свинцов.

Бундан ташқари, компания Солиқ қўмитаси билан йўловчи ташишни фискаллаштириш масаласида ҳам мулоқот олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, сентябр ойида Солиқ қўмитаси Нидерландияда рўйхатдан ўтган, Yandex Go хизматларини тақдим этувчи Ridetech International компаниясидан Ўзбекистон солиқ резиденти бўлишини талаб қилганди. Бундан ташқари, компания солиқ органларининг ахборот тизими билан интеграцияни таъминлаши ва мижозларга автоматик тарзда шакллантириладиган фискал квитанцияни тақдим этиши керак эди. Талаблар бажарилмаса, платформа блокланиши ҳақида огоҳлантирилган.

Солиқ қўмитасининг ушбу баёноти эълон қилинган куниёқ Yandex Go компанияси Ўзбекистоннинг солиқ резиденти бўлишини ва 1 декабрдан кейин фаолиятини давом эттиришини эълон қилганди. 

Мавзуга оид