Yandex Go нақд шаклдаги тўловларда ҳам чек бера бошлади
Солиқ қўмитасининг талаби билан 1 декабрдан Ўзбекистонда солиқ тўлай бошлаган компания аввалига фақат карта орқали тўловлар учун чек беришни бошлаган эди. Эндиликда такси учун нақд пулда тўлов қилган йўловчиларга ҳам электрон фискал чеклар берила бошланди.

Фото: Yandex Go
Давлат солиқ қўмитаси Yandex Go йўловчиларга нақд пулдаги тўлови учун электрон чек беришни бошлаганини маълум қилди. Қўмитага кўра, онлайн-такси агрегаторлари солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграциялашганидан кейин йўловчи ташиш динамикаси Солиқ қўмитаси маълумотлар базасида акс этмоқда.
“Ўтган йилнинг декабр ойида онлайн-такси агрегаторлари орқали 4,4 млн ташувлар амалга оширилди. Йўловчи ташиш фаолияти 80,1 минг нафар ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи томонидан амалга оширилган. Жорий йил январ ойида қатновлар сони 5 млнга етди. Ташиш хизматлари 113,5 минг нафар ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи томонидан кўрсатилди.
Солиқ қўмитаси бошқа онлайн-такси агрегаторларининг солиқ органлари билан интеграциялашувини таъминлаш ва тўлов шаклидан қатъи назар, йўловчиларга чек бериш бўйича ишларни давом эттирмоқда”, – дейилади расмий хабарда.
Аввалроқ Yandex Go хизмати Солиқ қўмитасининг талаби билан Ўзбекистон резидентига айланиб, қонунчиликда белгиланган барча солиқларни тўлай бошлагани, шу билан бир пайтда ҳайдовчилардан оладиган хизмат комиссиясини оширгани хабар қилинган эди. Солиқ қўмитаси ушбу компания 1-6 декабр оралиғида 13,5 млрд сўмлик 800 483 та чек шакллантирганини маълум қилганди. Бу пайтда Yandex Go фақат карта орқали тўловлар учун чек берарди.
Йил якунида Рақобат қўмитаси Yandex Go'нинг бозордаги устун мавқейини тан олди. Аниқланишича, Ўзбекистонда такси агрегаторлари ва диспетчерлик хизматлари бозори юқори даражада концентрациялашган бўлиб, бу бозорнинг 86,3 фоиз улуши биргина Yandex Go ҳиссасига тўғри келади. Шунга кўра, монополияга қарши орган бу компаниянинг ўз устун мавқейини суиистеъмол қилмаслигини назорат қилиб бориши лозим бўлади.
Мавзуга оид

18:11 / 02.04.2025
Тошкентда минивэнларда ўзини ўзи банд қилувчи тарзида такси фаолиятини амалга оширишга рухсат берилади

19:45 / 04.03.2025
Таксичиларнинг даромадлари ҳисоб-китоби нолдан бошланади

23:33 / 01.03.2025
Тошкентда таксида чақалоқ туғилди

09:47 / 15.01.2025