Фан-техника | 16:14 / 26.10.2023
52808
12 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сунъий интеллектнинг келажаги қандай? Энг сўнгги трендлар ва воқеаларга назар  

Замон шиддат билан олға илгариламоқда. 20 йил аввал ғиштдек келадиган тугмали телефонни кўчада кўтариб юрган одам ҳамманинг эътиборини ўзига жалб қилган бўлса, бугун ўша телефон орқали энди улар смартфонга айланган – кино кўришимиз, уйга бозорлик қилишимиз, фарзандимизнинг мактабдаги ҳаётини кузатишимиз, мутолаа, мулоқот ва яна жуда кўплаб ишларни бажаришимиз оддий ҳолга айланди.

Фото: Getty Images

Ахборот технологиялари соҳаси охирги ўн йилликларда улкан трансформацияларни ўз бошидан кечирди ва бутун ҳаётимизни ўзгартириб юборди. Булутли технологиялар, 5G ва интернет, миллиардларни қамраб олган ижтимоий тармоқлар, медианинг ақл бовар қилмас тараққиёти... Бу мислсиз кашфиётларни яна давом эттириш мумкин. Шубҳасиз, бутун дунё миқёсида шов-шув кўтаришга улгурган сунъий интеллект ва у билан боғлиқ ҳолда қалқиб чиққан мутлақо янги йўналишлар бу технологик янгиликларнинг энг чўққиси бўлди.  

Сунъий интеллект ўзи нима? У қандай ишлайди?

Сиз кўриб турган ушбу ускуна сунъий интеллект томонидан бошқарилади. Асосий вазифаси янги дори воситаларини яратиш бўлган бу қурилма протеин, нуклеид, кислота сингари кимёвий моддалар билан молекуляр даражада (“доналаб” деб ўқисангиз ҳам бўлади) ишлайди. Сунъий интеллект тадқиқотларни узлуксиз равишда давом эттирар экан, маълумотларни реал вақт режимида таҳлил қилиб боради. Керакли натижага эришилмагунча миллионлаб вариантдаги турли сценарийларни синаб кўради.

Янги дори яратиш жуда катта меҳнат, вақт ва харажат талаб қиладиган иш. Масалан, протеинлар ёрдамида ўтказиладиган тажрибаларнинг муваффақият кўрсаткичи 10 фоиздан ҳам кам. Ҳар бир омадсиз натижа эса ўртача 30-200 миллион долларга тушади. Аммо сунъий интеллект технологияларининг кириб келиши фармацевтика соҳасида ҳам инқилобий бурилишлар ясамоқда. Илгари ўн йиллаб вақт сарфланган тадқиқотлар машина тафаккури ёрдамида имитация қилиниб, ақл бовар қилмас даражада тез ва энг муҳими, ўта катта харажатларсиз рўёбга чиқариляпти. Суратдаги ускунани ишлаб чиққан Atomwize компанияси 10 йил ичида биофарма соҳасида дунё бўйича етакчилардан бирига айланди. Ўтган йили дори ишлаб чиқарувчи гигант Sanofi у билан 1,2 миллиард долларга тенг шартнома имзолади.

Бу – сунъий интеллект технологиялари яратиб берган имкониятларга битта мисол. Бугунга келиб одамлар аллақачон ушбу кашфиётдан матн (мақола, диссертация ва ҳатто шеър) ёзиш, расм/видео/аудиони қайта ишлаш ва янгиларини яратиш, мураккаб касалликларга диагноз қўйиш, компютер дастурлари ёзиш, корхоналарни бошқариш, маркетинг, суҳбатлашиш, веб-сайтлар яратиш сингари мақсадларда фойдаланмоқда.

Оддий сўзлар билан айтадиган бўлсак, сунъий интеллект (ингл. Artificial intellegence) – компютер тизимларининг шу вақтгача инсонларга хос бўлган ижодкорлик ва интеллектуал фаолиятни бажариш қобилиятидир. У нейрон тармоқлар, машинани ўқитиш (machine learning), табиий тилни қайта ишлаш, когнитив (онгли) ҳисоб-китоблар, компютернинг тасвирни кўриши сингари фаннинг ўта мураккаб янги йўналишларини ўзида бирлаштиради.

Масалан, машинани ўқитиш технологияси маълумотларни қайта ишлаш учун билимларни чуқур “ўргана оладиган” компютер тизимларидир. Бу тизимлар уни яратган дастурчи ёзиб берган алгоритмдан чиқиб, улкан маълумотлар ва тажрибаларни мустақил таҳлил қилади, умумийлик ва қонуниятларни топади ва шу асосда “билимини бойитиб боради”. Масалан, ҳозир бутун дунёда шуҳрат қозонган ChatGPTʼни ўқитишда 570 ГБ ҳажмдаги маълумотлардан фойдаланилган. Бу эса инсон тафаккури чегараларидан анча юқори кўрсаткич. Йил бошида Microsoft компанияси 10 миллиард доллар инвестиция киритган ChatGPT сиз билан кўплаб тилларда бемалол суҳбат қуриши, мақола ёки шеър ёзиб бериши мумкин.

Сунъий интеллект Ўзбекистонда

2021 йилда президентнинг алоҳида қарори қабул қилиниши ушбу соҳадаги ишларни бир тизимга солиш ва ташкиллаштириш имконини берди. Жумладан, “Сунъий интеллектга тайёрлик индексида Ўзбекистон Республикаси ўрнини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди. Унда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада, давлат бошқаруви тизимида сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги, энергетика, соғлиқни сақлаш, электрон ҳукумат соҳаларига мазкур технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Нейротармоқлар, улкан маълумотлар (Big Data), сунъий интеллект имкониятлари давлат тизимларида ҳам босқичма-босқич жорий қилина бошланди. Улар орасида кўлами жиҳатидан бутун мамлакатни қамраб олган MyID тизимини айтиб ўтиш мумкин. Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотларига қараганда, бугунги кунда 23 та банк, 5 та йирик давлат ташкилоти ушбу тизимдан доимий фойдаланмоқда, рўйхатдан ўтганлар сони эса 2,5 миллионга етди.

MyID биринчи навбатда шахсни биометрик идентификациялаш имконини беради ва натижада жараёнга кетадиган вақтни 1 сонияга туширади, ҳужжатларни текшириш буткул автоматлашади.

Яна бир ўзига хос лойиҳа – қишлоқ хўжалиги ерлари ва экинлари мониторинги лойиҳаси доирасида космосдан ва дронлар билан олинган суратлар, реал вақт режимида тўпланадиган маълумотлар асосида далалар сунъий интеллект ёрдамида мониторинг қилиниб, уларнинг геоахборот тизими яратилди.

Бироқ кадрлар муаммоси ҳамон ушбу йўналишдаги энг муҳим масаладир. 2022/2023 ўқув йилидан “Сунъий интеллект” йўналишида кадрлар тайёрлаш бўйича жами 6 та олий таълим муассасаларида 245 та квота ажратилди. Шунингдек, алоҳида “Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект” докторантура йўналиши очилганини қайд этиш лозим.

Президент қарори асосида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Соҳа бўйича фан докторлари, турли йўналишлардаги етук мутахассисларни ўзида жамлаган муассаса катта илмий салоҳиятга эга ва бундан фойдаланмоқда ҳам. Икки йил ичида институт томонидан Оролбўйи минтақасининг атроф-муҳит ва экологик ҳолатини мониторинг қилиш ҳамда нутқ сигналларини қайта ишлаш асосида шахсни таниб олиш бўйича дастурий маҳсулот ишлаб чиқилди.

Ҳозирда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда, ўзбек тилида ўтказилган йиғилишларни стенограмма қилиш, ер юзаси тасвирларини қайта ишлаш, қайта тикланувчи энергия манбалари асосидаги энерготизим маълумотларини тадқиқ қилиш сингари лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.

Албатта, бу ишлар ўз натижасини кўрсата бошлади. Ҳаётимизда ҳар куни дуч келадиган давлат ахборот тизимлари фаолиятидаги жиддий ўзгаришларга ўзимиз гувоҳ бўлаётганимиздек, Ўзбекистоннинг бу борадаги кўрсаткичлари халқаро рейтингларда ҳам яхшиланмоқда.

Манба: Oxford Insights.

Буюк Британиянинг “Oxford Insights” ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган “Government Artificial Intelligence Readines Index”да кўрсатилган статистика бўйича Ўзбекистон Республикаси 2019 йилда 158-ўринни, 2020 йилда 95-ўринни, 2021 йилда 93-ўринни ва 2022 йилда 79-ўринни (181 та давлат ичида) эгаллаган.  

Муаммолар ва хатарлар

Яхши ўзгаришлар билан бир қаторда ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар ҳам талайгина. Шу жумладан:

- Ҳалигача ўзбек тилидаги матнни текширадиган (фақат сўзларнинг тўғри ёзилганини эмас, балки стилистик жиҳатдан ҳам) дастур йўқ. Бугунги кунда сунъий интеллект ёрдамида ишловчи бундай дастур кўплаб тиллар учун яратиб бўлинди.

- Ўзбек тилидаги аудиони матнга айлантириш (Speech-to-Text) бўйича мукаммал ишловчи технологияни ишлаб чиқиш зарур. Бундай инструмент таълим, тиббиёт, давлат органлари фаолияти, суд мажлислари ва бошқа кўплаб соҳаларда катта самара бериши мумкин. Қайд этиш керакки, ўзбек тилидаги аудиони матнга айлантириш ғояси устида Google, Microsoft, Mozilla компаниялари бир неча йилдан бери иш олиб бормоқда.

- GPT технологияларни ўзбек тилида жорий қилиш бўйича анча орқада қолиб кетганмиз. Асосий сабаб – интернетда ўзбек тилидаги бадиий ва илмий материалларнинг бошқа тиллардагига нисбатан жуда камлигидир.

Сунъий интеллектнинг хатарларига келсак, бундай тортишувлар авжига чиққанига анча бўлди ва улар асосан хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига дахлдор. Жиддий хавф-хатар сифатида қуйидагиларни алоҳида айтиб ўтиш мумкин:

-         Автоматлаштирилган ҳужумлар. Бунда турли киберҳужумлар, ахборот хуружларини СИ ёрдамида амалга ошириш имконияти назарда тутилади.

-         Маълумотларни қалбакилаштириш ва фирибгарлик. Яъни ушбу технологиянинг чексиз имкониятларидан фойдаланган ҳолда, жамоатчилик фикрига, қарорлар қабул қилиш ва сайловлар жараёнига таъсир кўрсата оладиган ёлғон ахборотларни тарқатиш (яқинда тарқалган Владимир Путиннинг араб тилида гапирган видеосини эсланг. Бу – исталган шахсни исталган тилда ва ҳар қандай матн бўйича “гапиртира оладиган” DeepFake технологиялар иши).

-         Таълим тизимига зарар. ChatGPT эрасида инсондан қолишмайдиган даражада мукаммал илмий матн ёза оладиган компютер тизимларининг майдонга чиқиши ва қисқа вақт ичида миллионлаб талабалар, тадқиқотчилар орасида оммалашиши дунё таълим тизимида академик ҳалоллик тушунчасига таҳдид қилмоқда. Курс ишининг талаба эмас, балки ChatGPT томонидан ёзилганини ажратиб олиш имконсиз даражага етди ва бу, умуман, таълим жараёнининг мақсад-муддаосини йўққа чиқаради.

-         Шахсий маълумотлар дахлсизлиги муаммоси. СИ ёрдамида улкан миқёсда персонал маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва узатиш хавфи мавжуд. Хусусан, у одамларнинг хулқ-атвори, хоҳишлари, ҳиссиётлари ва саломатлигини таҳлил қилишда қўлланиши мумкин.

-         Ишсизлик муаммоси. СИ жуда кўплаб такрорланувчи вазифаларни бажариши мумкин. Кўплаб илғор компаниялар маълумот киритиш ёки мижозлар билан мулоқот сингари лавозимларни қисқартириб, сунъий интеллектдан фойдаланмоқда. McKinsey тадқиқотларида айтилишича, 2030 йилга бориб роботлар камида 30 фоиз, яъни 400 дан 800 миллионгача инсонлар меҳнатининг ўрнини босади. Ҳа, бу улкан ва хавотирли рақам. Аммо инсоният тамуддуни тарихидан бизга маълумки, ғилдиракнинг кашф этилишидан тортиб, электр энергияси, пўлат қуйиш, ёзув машинкаси, ички ёнув двигателигача – ҳар қандай янгилик ўз даврининг кўплаб касбларини йўқ қилган бўлса-да, ундан бир неча баравар кўп янги иш ўринлари яратилишига сабабчи бўлган.

-         Масъулият масаласи. Автоном ишловчи СИ тизими одамларга ёки атроф-муҳитга зарар етказган тақдирда, бунга ким жавоб бериши керак? Бу ерда СИ хатти-ҳаракатларининг юридик ва ахлоқий оқибатлари ҳақида сўз бормоқда. Масалан, ҳайдовчисиз бошқариладиган такси авария содир этса, бунга ким жавоб беради?

Бу технологиялар машина ва инсон ўртасидаги чегарани қайта чизиб, ижод ва яратувчилик жараёнини радикал равишда ўзгартириб юборди. Аммо буни хавф эмас, балки чексиз имконият деб қабул қилувчи сунъий интеллект тарафдорлари ҳозирча кўпчиликни ташкил этмоқда.

Дунё илмий ҳамжамияти, сиёсатчилар, бутун жамоатчиликни энг кўп ташвишга солаётган хатар эса қачондир сунъий интеллект ўзини ўзи ривожлантириб, инсон онгига таъсир кўрсата олиш қобилиятига эга бўлиши ва бутун дунёни назоратга олиши ҳақидаги гипотезадир. Аммо бу энди бошқа мақола учун мавзу.

Ботир Ғофуров,
журналист

Мавзуга оид