Ўзбекистон | 22:03 / 30.10.2023
21786
6 дақиқада ўқилади

Бухоро шаҳри ҳокимлиги кўчирилди. Шаҳар маркази “снос”га тайёрланаётгани айтилмоқда

Бухоро шаҳри марказидаги 29 гектар ҳудудда жойлашган бинолар, шу жумладан стадион ҳам бузилиб, ўрнига туристик марказ қурилиши лойиҳаси йил бошида эътирозлар сабаб тўхтаб қолганди. Kun.uz манбаларига кўра, масала кун тартибига қайтган. Шу сабаб Бухоро шаҳар ҳокимлиги бошқа жойга кўчирилган, бузиладиган объектларнинг мулкдорлари билан компенсация масаласида музокаралар олиб бориляпти.

Фото: Kun.uz

2023 йил январ ойида жамоатчилик Бухоро шаҳри марказида туристик мажмуа қурилишидан хабар топган эди. Лойиҳага кўра, бунинг учун Иброҳим Мўминов, Ҳамза ва Хофиз Тониш кўчалари кесишмасида жойлашган 32,6 гектар ҳудуддаги бинолар, хусусан марказий стадион ҳам бузиб ташланиши кўзда тутилганди.

Ўз навбатида, Бухоронинг янги маъмурий маркази Гулчорбоғ ва Отбозор маҳаллалари ҳудудида танланган 1000 гектар ерда қурилиши, унга давлат ташкилотлари жойлаштирилиши керак эди. Жамоатчилик эътирозларидан кейин туристик марказ лойиҳаси тўхтатилганди.

Бухоро туризм шаҳарчасининг дастлабки лойиҳавий жойлашуви / Фото: "Подслушано в Бухаре" Telegram-канали

Маълум бўлишича, бу масала яна кун тартибига қайтган. Бир неча кун илгари Бухоро шаҳар ҳокимлиги Чўлпон кўчасидаги байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт мажмуасига кўчирилган.

Kun.uz мухбири ҳокимлик биносида бўлиб, бино бўшатилгани, фақат йиғилишлар учун мажлислар зали ишлаб турганига гувоҳ бўлди. Аммо бу ҳақда ҳокимликнинг расмий саҳифаларида маълумот берилмаган. Ҳокимлик вакилининг айтишича, бино капитал таъмирланаётгани сабабли ҳокимият вақтинча бошқа жойга кўчган. У марказ бузилаётгани учун ҳокимият кўчирилганини рад этди.

Бўшатилган Бухоро шаҳри ҳокимлиги / Фото: Kun.uz
Бўшатилган Бухоро шаҳри ҳокимлиги / Фото: Kun.uz

Маҳаллий журналистлардан бири эса кўчиш сабаби “снос” билан боғлиқлигини айтмоқда.

“Бу аниқ эди. Туризм шаҳарчаси барибир шу ердан қурилади. Аммо ҳозирча жимжитлик. Бузиш бошланмаган, тайёргарлик кўриляпти”, – дейди бухоролик журналист.

Ҳудуддаги Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактаби ҳам тез кунда кўчирилиши мумкин. Бу ҳақда мактаб ходимлари маълум қилди. Лекин мактаб айнан қачон ва қаерга кўчирилиши аниқ эмас.

Туристик шаҳарча қурилиши кўзда тутилган жойлардан бири. Суратда ўнгда – Бухоро вилояти ҳокимлиги / Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

“Катта компенсация билан мулк эгаларининг оғзи ёпилган”

Kun.uz манбасининг сўзларига кўра, Бухоро марказини бузиш учун дастлаб 80 млрд сўм маблағ ажратилиши керак бўлган. Лекин бу масала биринчи марта кўтарилганда мулк эгалари компенсация миқдорини арзимас деб баҳолаб, “снос”га қарши бўлган.

“Бу сафар шовқин чиқармаслик учун бошқача йўл қилиняпти: ҳаммани бир жойга йиғиб, биноларни бўшатишга мажбурлашмаяпти, балки ҳар бир мулкдорга каттароқ компенсация таклиф қилиняпти. Дейлик, А бинони мулкдор 10 млрд сўмга сота олади, шу 10 млрд сўмдан кўпроқ пул таклиф қилиняпти. Ўтган йил нархни паст баҳолашгани учун ҳамма норози бўлган ва шовқин чиқиб кетган. Норозиликларнинг сабабини тушуниб етишди ва энди бу сафар ҳаммани бир жойга йиғиб, мажлис қилишдек хатони такрорлашмаяпти”, – деди у.

Манбанинг таъкидлашича, янги режада стадионни сақлаб қолиш кўзда тутилган, шу билан норозиликларни пасайтиришга ҳаракат кетяпти.

Аҳоли норозилиги сабабли Бухоро марказий стадионини сақлаб қолишга қарор қилинган / Фото: "Бухоро" ФК

“Бу масала биринчи марта кўтарилганда стадион бузилишига қарши чиққанларнинг овози баландроқ эшитилди, эътирозлар кутубхона, мактаб, давлат идораларини бузиш атрофида бўлмаган. Давлат раҳбарининг олдига ҳам одамлар стадион бузилишидан норозилиги ҳақидаги аргументни олиб киришган. Шу сабабли бу сафар шовқин чиқмаслиги учун стадионни ўрнида қолдиришяпти, мулк эгаларининг ҳам оғзи ёпиляпти. Лекин ҳақли савол туғилади: ўзи қийналиб ётган давлат бюджети бунча катта суммадаги “снос” учун қаердан пул топиб беради? Мен бузиш яна солиқ тўловчиларнинг зиммасига, давлат бюджетига тушишини эслатмоқчиман”, – дейди манба.

Шу билан бирга, бу ердаги 2 та банкдан бири ўзига янги бинони тайёрлаб бўлган. Инвестор банклар билан компенсация масаласини келишгани айтилмоқда.

Дастлабки хабарларда бузиш, демонтаж ишларини баҳолаш, бузилган объектлар эгаларига бошқа давлат объектлари ёки пул компенсацияси таклиф этиш ишлари давлат бюджетидан қопланиши маълум бўлганди. Аммо қурилиш вазири Ботир Зокиров “снос” учун харажатларни инвестор қоплашини айтганди.

“Лойиҳа таклифи ишланади. Кейин логикасига қараб лотга бўлинади. Қайси инвесторга қайси лот тушадиган бўлса, ўша жойни бузишми, ҳамма харажати ўзидан. Давлат фақат шу ташқи чегарага инженерлик коммуникациясини олиб келиб бериши шарт. Бу давлатнинг мажбурияти”, – деганди вазир.

Бухоро туризм шаҳарчасининг дастлабки лойиҳаси

Ҳозирча туристик шаҳарчага оид янги режалар аниқ эмас.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси туристик мажмуа қуриш лойиҳасини қўллаб-қувватламагани ҳам яна бир масала. Бухоро туризм марказини қуриш учун танланган жой Бухоро тарихий марказининг буфер зонасида жойлашгани сабабли, бу ҳудуддаги ҳар қандай йирик лойиҳалар ЮНЕСКО билан ва маҳаллий қонунчиликка кўра, Маданий мерос агентлиги билан мажбурий тартибда олдиндан келишилиши керак.

Январ ойида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Сара Ношади бу лойиҳани Бухоро тарихий марказининг муҳофаза зонасидан 1,8 км узоқликдаги, Гулчорбоғ маҳалласи Қалқон кўчаси ёқасидаги ер майдонида қуриш мақсадга мувофиқлигини таклиф этгани маълум қилинганди. Лекин масъуллар масаланинг бу томонига изоҳ бермаган.

Йил бошидаги маълумотларга кўра, Бухоро вилоятининг янги маъмурий маркази бўйича буюртмачи сифатида вилоят ҳокимлигининг Ягона буюртмачи хизмати танланган. Туризм маркази буюртмачиси эса “Enter Engineering” ёки унинг тузилмасидаги ташкилот бўлиши мумкин.

Мавзуга оид