Иқтисодиёт | 21:08 / 31.10.2023
13081
10 дақиқада ўқилади

Алис Эванс: Аёлларнинг иқтисодий фаоллигини оширувчи омил – бу иқтисодий ўсиш

Гендер тенгликни таъминлаш жамиятнинг нафақат маданиятига, балки иқтисодиётига ҳам боғлиқ, дейди профессор Алис Эванс. Унинг сўзларига кўра, иқтисодий ўсиш орқали иш ўринларининг кўпайиши аёлларнинг иқтисодий фаоллиги ортишига олиб келади, натижада уларнинг ишлашига нисбатан жамиятдаги салбий муносабат ҳам ўзгаради.

Алис Эванс – Британиядаги Kings College университетида халқаро тараққиёт масалалари бўйича катта маърузачи, Канададаги Халқаро ишлар ва давлат бошқаруви мактаби (Munk school)да профессор сифатида фаолият юритади. У бунгача Ҳарвард университетида ҳам дарс берган.

Олима 14 йилдан бери дунёдаги гендер тенглик масалаларини ўрганиб келади. Олиб бораётган тадқиқотлари асосида “Гендердаги катта тафовутлар” номли китоб ёзяпти.

Эванс ўзбекистонлик иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовга берган интервюсида гендер тенгликни таъминлашда давлатларнинг иқтисодиёти қанчалик рол ўйнашини тушунтириб берди.

— Суҳбатга рози бўлгангиз учун раҳмат. Келинг, дастлаб LinkedIn'га қўйган биографиянгиздан бошласак, у ерда сиз шундай ёзасиз:

“Бизнинг дунёмиз гендердаги катта фарқлар сабаб ажралиб туради. Жанубий Осиё ва Яқин Шарқда аксарият аёллар изоляцияда қолмоқда. Хитойлик хотин-қизлар эса ишлашади, аммо сиёсатдан узилган. Лотин Америкаси эса радикал трансформацияни бошидан кечирди, бунинг натижасида мамлакат гендер тенгликка, фуқароларнинг сиёсий дахлдорлигига ҳамда эркакларнинг зўравонлигига қарши оммавий митингларга деярли эришди. Гарчи Скандинавия давлатлари ҳали ҳам феминистик утопияга энг яқин мамлакатлар қаторида бўлса ҳам, узоқ йиллар давомида Европа Жануби-Шарқий Осиё ва Жанубий Африкага нисбатан анча патриархал қитъа бўлган”.

Сиз бу ҳақда китоб ёзаётганингиздан хабардорман. Дастлаб бу мавзуни қандай топганингиз, ҳозирда Munk school'да ва умуман академик карьерангизда нима билан машғул эканингиз ҳақида айтиб бера оласизми?

— Катта раҳмат. Сўнгги 14 йил давомида мен гендер тенгик масалаларини ўрганиб келяпман. Замбияда этнографик иш қилиш билан бошладим. Айни вақтда бемба тилида гаплаша оламан. Турли жамиятларда яшаб, 100 йиллик гендер муносабатларини ўргандим. Кейин бу борада қишлоқ ва шаҳардаги хатоларни солиштириб, қиёсий иш олиб бордим. Кейин Камбоджага гендерни ўрганиш учун саёҳат қилдим.

Шундан кейин, 2019 йилда мен иқтисодиёт тарихини ва Ғарб қандай қилиб бой ва демократик бўлгани ҳақидаги барча ажойиб китобларни ўқий бошладим. Одамлар ҳам нега баъзи мамлакатлар бой ва демократик, бошқалари эса камбағал, авторитар экани бўйича савол беришади. Ўшанда мен гендер ҳақида худди шу глобал қиёсий саволни беришимиз мумкинлигини англадим.

Нима учун баъзи давлатларда гендер тенглик жуда юқори, баъзилари эса, масалан, Эрон, Афғонистон ва Покистон, анча патриархаллигича қолмоқда? Нима сабаб? Ва бу биз жавоб беришимиз керак бўлган катта ҳаяжонли савол деб ўйладим. Ҳозиргача ҳеч ким бу саволга жавоб топа олмаган. Ҳатто, бир мамлакатда тарихни гендер масалалари билан тушунтирувчи тадқиқотларимиз ҳам йўқ. Тўғри, бу алқбовар қилмас иш, лекин уни бажариш керак. Амалга оширмоқчи бўлган режам – сўнгги 4 минг йил давомида дунёдаги ҳар бир мамлакатнинг тарихини ўрганиш ва вақт ўтиши билан нима ўзгарганини, бутун дунёда қандай қилиб гендер тенглиги кучайиб бораётганини ва нима учун баъзилари бу масалада кўпроқ муваффақиятга эришганини тушунтиришга уринишдир.

— Сизни бироз расмийроқ таништиришга ижозат берсангиз. Тушунишимча, докторлик ишингизни иқтисодий география фанлари бўйича қилгансиз ва ҳозирда Kings College'нинг ривожланиш тадқиқотлари бўйича катта лекторисиз. Демак, сиз ҳам иқтисодий ривожланиш, ҳам гендер муаммолари бўйича дарс берасиз, шундайми?

— Мен фақат сиёсий иқтисодиёт фанидан, ХХ асрда ўсиш ёки етарлича ўсмаслик бўйича дарс бераман.

— Сиз Ғарб давлатлари қандай қилиб бойиб кетгани ҳақидаги ўрганишлардан илҳомланиб, халқлар орасида нима сабаб гендер тафовутлар юзага келганига қизиқиб қолгансиз. Давлатларнинг бой экани бу масалага қанчалик боғлиқ?

— Албатта, шубҳасиз алоқадор. Иқтисодий ўсиш орқали иш ўринларини яратишга эришиш – гендер тенгликни таъминлашнинг асосий муҳим омили саналади. Бутун дунё жамиятларида аёлларни уйга “қамаб қўйиш” ёки уй бекаларини қадрлаш даражаси турлича, улар орасида фарқлар бор. Масалан, Саудия Арабистони каби жамиятларда бу кўпроқ афзал кўрилса, Таиланд, Камбоджада бунинг акси. Лекин иқтисодий ўсиш сабаб иш ўринларини яратиш барча жамиятларда аёлларнинг ишчи кучи сифатида меҳнат бозорига кириб келишига сабаб бўлади, аммо бу турлича даражада бўлади. Мен буни даромадлар, савдо-сотиқ нуқтайи назаридан тушунтираман.

Агар иқтисодий ўсиш орқали яратиладиган иш ўринлари етарлича кўп бўлса, шунга мувофиқ аёлларнинг даромади етарлича юқори бўлса, ҳатто эркак шаънини қадрлайдиган, уларнинг ор-номуси аёлларнинг иффатига боғлиқ бўлган консерватив жамиятларда ҳам бу нарса йўқотишларни қоплай олади.

Биз буни 1970 йилларда Шарқий Осиё, 1990 йилларда Хитойда аниқ кузатганмиз. Бу давлатдаги оилалар ўз ғурурига катта эътибор берарди. Агар қиз бола ҳақида ҳар хил гап-сўз тарқалса, ундан яхшилик чиқмайди деб, қизларни четлатиб қўйишар ва бу ўз навбатида унинг оила қуриш истиқболига ҳам салбий таъсир кўрсатарди. Ваҳоланки, ўша вақтда жуда кўплаб фабрикаларда иш ўрни сони, ишчиларга бўлган талаб юқори бўлган ва шу сабабли барча қизлар шаҳарларга кетишган. Бунинг ортидан эса аёлларнинг ишга бориши одатий ҳолга айланди. Яъни аёлларнинг даромад кўра бошлаши ғурур масаласини иккинчи даражага чиқарди.

— Бу ўринда ғурур, ҳамият каби тушунчаларни ўртага қўйиш қанчалик ўринли? Менимча, оилада кимдир уй ишлари билан банд бўлиши табиий. Масалан, 80 йил олдин кимдир қудуқдан сув олиб келиши, уни қайнатиши ва ҳоказо ишларни қилиши керак эди. Умуман олганда, уй хўжалигининг нормал фаолиятини таъминлаш учун жуда кўп меҳнат талаб этиларди ва бошқа вариантлар, масалан, фабрикада ишлаш фойда келтирмас эди. Яъни ишга бормасдан, уй ишлари билан шуғулланиш – инсонларнинг рационал танлови бўлган. Шундай экан, бу ўринда ғурур ҳақида гапиришга қандай зарурат бор?

— Тўғри, лекин ҳатто иқтисодий ривожланишини назорат қила оладиган баъзи мамлакатларда аёлларнинг ишчи кучи сифатидаги иштироки кутилган даражадан анча паст бўлган. Масалан, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларида аёлларнинг меҳнат бозоридаги улуши айнан иқтисодий ҳолати тенг бўлган бошқа мамлакатларга нисбатан жуда паст.

Хусусан, Туркия билан Мексикани мисол қилиш мумкин. Туркия Мексикага қараганда бу борада аёлларни четлатишни кўпроқ афзал кўради, Мексикада эса аёлларнинг ишлаш кўрсаткичи анча тез сураътларда ўсмоқда. Бу икки мамлакатнинг ҳам аҳоли жон бошига ЯИМ бир хил, аммо улар аёлларнинг ишлаши ёки бундан четлатилишини афзал кўриши билан маданий жиҳатдан фарқ қилади.

Сиз мутлақо ҳақсиз, яъни агар аёлларда уй ишларида катта юклама бўлса, печлар, кир ювиш машиналари, микротўлқинли печлар каби меҳнатни тежайдиган асбоблар, контрацептик воситалар бўлмаса, улар кўчага чиқиб ишлай олмайди. Биласизми, замонавий давр келишидан олдин аёл умрининг 60 фоизи ҳомиладорликда ёки болани эмизиш билан ўтган.

Аммо кўплаб жамиятлар туғилиш даражасини кескин камайтириб, инсон меҳнатини тежайдиган воситалардан фойдаланиш шароитини яратди. Шунга қарамай, ҳали ҳам аёллари уйда қолаётган мамлакатлар мавжуд. Масалан, Ҳиндистонда туғруқлар сони камайтирилди, лекин аёлларнинг иш билан таъминланганлик даражаси атиги 20 фоизни ташкил этади.

— Нима деб ўйлайсиз, бу уйда қолишнинг муқобил харажатлари камроқлиги билан боғлиқ эмасми?

— Бунинг асосий сабабларидан бири – оммавий ишсизлик. Жануби-Шарқий Осиёда, Мексикада, Африканинг катта қисмидаги бир хил иқтисодий имкониятларга эга мамлакатларда бу борада мутлақо бошқача маданий муносабатни кўрамиз.

— Иқтисодиётда айнан шу йўналишдаги адабиётлар борасида қандай фикрдасиз?

— Эстер Босеруп шудгор ғоясини илгари сурган биринчи иқтисодчи ҳисобланади. Унинг теориясига кўра, ерни шудгор қилиш учун кучли эркак керак, яъни бунда юқори тана кучи керак бўлади, эркаклар танасининг юқори қисми одатда аёлларга нисбатан 2,5 баравар кучли бўлади. Шундай қилиб, Эстер Босерупнинг назарияси эркаклар шудгорлаши мантиқий экани айтилиб, аёллар уйда қолиб, бошқа уй юмушлари билан банд бўлиши кераклиги илгари сурилди. Ва бу назария аёллар “хонакилаштирилиши”ни нормаллаштириб, бўйсунувчан бўлишига рағбат яратади. Улар буни эмпирик тарзда синаб кўришган ва унинг ўзаро корреляциясини кўрсатишган. Буни биринчи бўлиб Эстер Боссеруп қилган ва бу борадаги илк назариётчи у. Бу назариянинг муаммоси шундаки, аёл киши уйда ўтирибди дегани у изоляцияга тушиб қолган дегани эмас. Айнан изоляцияда бўлиш аёлларнинг иқтисодий имкониятларга бўлган муносабатини белгилаб беради.

Мисол учун, жамият пайдо бўлишининг дастлабки даврларида эркаклар овга чиқишарди, улар сувсар, тулен ёки китларни овлашарди, тўғрими? Аёллар эса уйда қолиб, болаларига қарашар ва ҳайвон терисидан кийимлар тикишар эди. Мана шу оилавий турмуш эди, маданий ҳаётдан ажратиш эмас. Аёллар мусиқачи бўлиши, рақсга тушиши мумкин эди, 1970-80-йилларга келиб, уларда ишлаш имкони яратилгач, аёллар буни дарҳол қарши олишди. Демак, жамиятда аёлларнинг уй юмушлари билан шуғулланиши керак деган ғояси бор экан, бу уларни изоляция қилиш кераклигини англатмайди.

Мавзуга оид