Ўзбекистон | 14:13 / 06.04.2025
1826
5 дақиқада ўқилади

Дунё парламентларида аёл сиёсатчиларнинг сони ва нуфузи ортмоқда — Мартин Чунгонг

Авваллари аёллар парламент таркибига хўжакўрсинга киритиб қўйилган бўлса, энди ундай эмас, ҳозир парламентларнинг учдан бир қисмида спикер лавозимини аёллар эгаллаб турибди, деди Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг Тошкентдаги форумда. Форум иштирокчилари хотин-қизларнинг дунё бўйлаб сиёсий ҳаётдаги ўрни ҳамон мураккабчилигича қолаётгани ҳақида сўз юритишди.

5 апрел куни Тошкентда Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеяси доирасида парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди. Тадбирда турли мамлакатлардан 200 дан ортиқ парламентарийлар қатнашиб, гендер тенглик ва аёлларнинг сиёсий ҳаётдаги иштирокини муҳокама қилди.

Иштирокчилар инсон ҳуқуқлари, Фаластинда икки давлат тузиш ечимини илгари суришда парламентларнинг роли ва қуролли можароларнинг узоқ муддатли таъсирини юмшатиш бўйича парламент стратегиялари ҳақида ҳам сўз юритди.

Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонгнинг айтишича, ҳозирда дунё парламентларининг учдан бир қисмида спикер лавозимини аёллар эгаллаб турибди. Бу кўрсаткични 50 фоизга етказиш керак, дейди у. Лекин бунга бир қатор тўсиқлар бор. Мартин Чунгонгнинг таъкидлашича, Осиё-Тинч океани минтақаси парламентларида аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари учрайди, бу бўйича тадқиқот ҳам ўтказилган.

Дунёнинг кўп қисмларида тазйиқ ва зўравонлик туфайли аёлларнинг сиёсатда иштирок этолмаётганини кўрмоқдамиз. Гендер тенгликни орқага сураётган, аёлларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокига аҳамият бермаётган одамлар бор. Бу форум бутун дунёда кузатилаётган аёллар ҳуқуқларига қаршилик шароитида гендер тенглигини тарғиб қилиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни кучайтириш учун муҳим фурсат”, – дейди у.

Ташкилот раҳбари аёлларни парламент таркибига фақат хўжакўрсинга киритиш ҳолатлари камайиб бораётганини айтади.

Ҳа, тўғри, илгари аёлларнинг аксарияти парламентларга шунчаки безак эди, лекин энди ундай эмас. Бугун дунё парламентларининг учдан бир қисмида спикер лавозимини аёллар эгаллаб турибди, бу яхши. Лекин бу етарли эмас. Биз 50 фоиз тенгликни хоҳлаймиз. Қолаверса, кўп мамлакатларда аёллар парламентга сайланганда орқа қаторларда ўтиришади. Шунинг учун биз гендерга сезгир парламентлар режасини ишлаб чиқдик. Парламентлар эркаклар ва аёллар манфаатларини тенг даражада кўриб чиқадиган ва ҳисобга оладиган институтга айланиши керак”, – дейди Мартин Чунгонг.

Монголия парламенти вакили Ўзбекистон Олий Мажлиси аъзолари орасида аёллар сони анча ошганини эътироф этди.

Парламентдаги аёллар сони, албатта, йиллар давомида ошди. Ўзбекистон ҳозир Осиёда энг юқори ўринлардан бирини эгаллаган, чунки парламент аъзоларингизнинг деярли 40 фоизини аёллар ташкил этади. Ҳозир Мўғулистонда парламент аъзоларининг 25 фоизи аёллар, яъни 5 та сиёсий партиядан сайланган 126 депутатнинг 32 нафари аёл киши. Бу Мўғулистон парламентининг 33 йиллик тарихидаги энг юқори кўрсаткич. Олдинги энг юқори натижа 17 фоиз эди”, – дейди Ҳурелбаатарин Булгантуя.

Болгария парламенти аъзоси Росица Кирова муҳокама марказидаги мавзуларнинг айримларини санаб ўтди.

Форумда халқаро миқёсда зўравонлик, аёллар ва ёш қизларга нисбатан шафқатсизлик масалалари муҳокама қилиняпти. Шунингдек, дунёнинг кўплаб қисмларида аёлларга бир хил иш учун эркаклар билан тенг ҳақ тўланмаслиги муаммосини ҳам кўриб чиқяпти. Аёлларни сиёсатга, айниқса қарорлар қабул қилинадиган соҳаларга жалб этиш йўлларини кўрсатяпмиз. Аёлларнинг иштироки билан боғлиқ кўплаб муаммолар мавжуд. Хотин-қизларнинг таълим олишидаги услубларни ўзгартириш, ёш қизларни ҳаётга тайёрлаш зарур.

Аёлларнинг парламентдаги ўрнини белгилашда баъзи мамлакатлар квоталардан фойдаланади. Масалан, аёллар учун 30 ёки 40 фоизлик квота белгилайди. Мен Болгария парламентининг аъзосиман. Мамлакатимиз парламентида аёлларнинг улуши 25-26 фоизни ташкил этади. Болгарияда бу унчалик катта рақам эмас, бизда 240 нафар депутатнинг 60 нафари аёллардир. Масалан, сизларда аёл депутатлар тахминан 40 фоизни ташкил этади, бу яхши кўрсаткич. Аммо баъзида фоизлар аёлларнинг ҳақиқий вакиллигини тўлиқ акс эттирмайди”, – дейди Кирова.

Форумдан ташқари, кун давомида турли давлатлар ўртасида ўзаро парламентлараро ҳамкорлик масалалалари ҳам кўриб чиқилди. Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеяси 9 апрелга қадар давом этади. Анжуман доирасида турли ёпиқ сессиялар бўлиши ҳам кўзда тутилган.

Мавзуга оид