Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Бу – адвокатуранинг оёғига болта уриш” — адвокатлар уларнинг эркини чеклайдиган янги лойиҳа ҳақида
Адвокат Жаҳонгир Муталипов, Саидали Мухторалиев ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов Kun.uz’га берган интервюсида янги таҳрирдаги “Адвокатнинг касб этикаси қоидалари” лойиҳасининг конституцияга зид жиҳатларини санаб ўтди.
Маълумот учун, Адвокатлар палатаси муаллифи бўлган Адвокатларнинг касб этикаси қоидаларида “амалдорларни муҳокама қилмаслик ва фуқароларда ислоҳотларга ишончсизлик уйғотмаслик” талабини қўйиш кўзда тутилмоқда.
Саидали Мухторалиев:
— Адвокат сифатида шахсан менга бу лойиҳа жуда оғир таъсир қилди. Лойиҳанинг 55-бандида кўтарилаётган масала шуки: адвокат давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятини ижтимоий тармоқларда муҳокама қилишга ҳақли эмас экан. Кўряпсиз, таклиф жуда кўп муҳокама қилинди ва палата унга расмий баёнот ҳам берди.
Биздаги асосий фикр шуки, бу лойиҳа адвокатларнинг сўз эркинлигини мутлақ чеклайди. Ўзи адвокатларнинг фаолияти гапириш, изоҳлаш ва муҳокамадан иборат. Бу нарса адвокатуранинг оёғига болта уриш деб қабул қиламиз.
Жаҳонгир Муталипов:

— Биласиз, бир неча йилдан буён адвокатларнинг ижтимоий тармоқларда фаоллиги ортиши билан одамларда уларга нисбатан ишонч ортди, обрўси бир қадар кўтарилди. Хўш, лойиҳа тасдиқдан ўтиб кетса нима бўлади?
Дейлик, адвокат ўз мижози билан кўришолмагани ва бунинг қонунга зид экани ҳақида ижтимоий тармоқларда ўз фикрини ёзди. Ўша ёзгани таклиф қилинаётган лойиҳа бўйича ўз-ўзидан жазони ижро этувчи муассасани (ЖИМ) обрўсизлантирган ҳисобланади.
Адвокат исталган қонун ҳужжатидаги хатоларни, камчиликларни тармоқда муҳокама қилиши керак. Ижтимоий тармоққа чиқмаса, ишлар битмаяпти. Шунақа «касал» бўлиб қолди жамият.
Саидали Мухторалиев:
— Янги лойиҳадаги бир бандни ўқиб бераман. Хулосани сиз чиқарасиз. Эски таҳрирнинг 63-бандида шундай қоида бор: «Адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва ушбу қоидалар талаблари бузилса, бироқ кам аҳамиятли бўлгани сабабли адвокатнинг шаъни, қадр-қимматига доғ туширмайдиган, адвокатура обрўсини тўкмайдиган ҳамда ишонч билдирувчи шахсга зарар келтирмайдиган ҳолатлар бўлса, адвокатга интизомий жазо қўлланмайди» дейилган. Янги таҳрирда бу чиқариб ташланмоқда, дейиляпти ва асословчи қисмда айтяпти: «Адвокат содир этган қилмиши катта ёки кичиклигидан қатъи назар белгиланган жавобгарликка тортилиши лозим», дейилмоқда.
Амалдаги этика қоидасида кам аҳамиятли қоида бузилса,интизомий жазога тортилмайди, деяпти. Янги таҳрирда эса бундай эмас. Шунга ҳам эътирозимиз бор. Катта эҳтимол билан бу банд ўтиб кетиши мумкин.
Абдураҳмон Ташанов:

— Жудаям ғалати ҳолат. Нимага энди ҳаммага берилган конституцион ҳуқуқ адвокатдан тортиб олиняпти? Бир соҳани бўғиб қўйиш бу. Чиндан шундай қилмоқчи бўлишса, ана, конституцияни ўзгартиришсин. Бизда Конституцион суд деган орган бор, хўш, у ўзи нимага керак? Бу суд ҳар қандай ҳужжатнинг конституцияга зид бўлмаслигини таъминлаши керак эмасми? Бу вазиятда конституциявий суд лойиҳани бекор қилиши лозим.
Саидали Мухторалиев:

— Янги лойиҳада худди 55-бандга ўхшаш яна 9 та банд бор. Менимча, лойиҳани ишлаётганлар бири бўлмаса бирининг ўтиб кетишини ўйлашган. Дейлик, лойиҳанинг бир жойида «адвокат ўзини ва адвокатлик тузилмасини реклама қилиши мумкин эмас» дейиляпти. Аммо бу “Реклама тўғрисида”ги қонунга зид. Унда ҳамма нарса белгиланган. Бир адвокат мен фалон йўналиш бўйича адвокатман деса ҳам, лицензияга дахл қилиши мумкин янги лойиҳа бўйича.
Палата янги лойиҳанинг фақат 55-бандига қаршилигини билдирди, бошқаларини айтмади. Шунинг учун ҳам баёнотдан қониқмадик биз.
Адвокатларга амалдаги касб этикаси қоидалари етарли, янгилашга эҳтиёж йўқ. 18 ноябрда бўладиган конференцияда янги лойиҳа умуман муҳокамага қўйилиши керак эмас. Асосий масала янги раҳбарият сайланишига қаратилиши керак. Ўшандан кейин, янги таркиб билан янги лойиҳа ишлаб чиқсак, тўғри бўлади. Ҳеч қандай ғаразсиз, ҳақиқатпарвар раҳбарлар бошчилигида бўлсин.
Мавзуга оид
12:02 / 24.05.2025
«Сизга ачинаман, жаноблар!» – Абдураҳмон Ташановнинг шу номли пости камситиш деб топилди
07:40 / 21.05.2025
ДХХ Қашқадарёда 3 нафар адвокатнинг фирибгарлик ҳаракатларини фош этди
09:00 / 18.05.2025
“Ижтимоий тармоқлар қонуни” ва грин-картадаги лидерлик — ҳафта дайжести
10:43 / 09.05.2025