Ўзбекистон | 15:59 / 01.11.2023
13904
4 дақиқада ўқилади

«Кўплар туҳмат ва ҳуқуқий билими етмаганидан қамаляпти» – юрист ҳукуматни Россия билан маҳбуслар алмашиш бўйича келишувга чақирди 

Миграция масалалари бўйича юрист Ботиржон Шермуҳаммад Ўзбекистон ҳукуматини Россия билан маҳбуслар алмашиш бўйича келишувни тезроқ имзолашга чақирди. Юристнинг билдиришича, бу бир неча омилларга кўра муҳим.

— Ботиржон ака, таҳририятимизга фарзанди ёки бирор яқини Россияда қамалиб қолган ва аллақачон қамоқда бўлган инсонлардан кўп мурожаат бўлади. Улар ўз мурожаатида қамоқдаги яқинини Ўзбекистон қамоқхоналарига кўчириш мумкин ё мумкин эмаслиги ҳақида сўрашади. Хўш, бугун ҳуқуқий асосларга кўра бунинг имкони қанчалик?

— Афсуски, Россия билан ўртамизда бундай механизм йўқ. МДҲ доирасида ҳам шундай шартномалар бор экан, лекин Ўзбекистон бундай келишувга қўшилмаган бўлса керак. Россия ва Ўзбекистон ўртасида бу борада шартнома тайёрланган, 2016 йил 1 майда Путиннинг Ўзбекистон билан шундай шартнома имзоланиши бўйича қарори ҳам чиққан. Россия томондан Адлия вазирлиги, Ўзбекистондан Бош прокуратура масъул бўлган, жуда яхши лойиҳа тузилган, ўқиб чиққанман ўзим. Лекин нимагадир келишув лойиҳалигича тўхтаб қолган. Бу бўйича Россия томони тайёр, Путин қарори ҳам бор, лекин Ўзбекистон томонидан ҳеч қандай расмий ҳужжат йўқ. Балки биз билмайдиган ва келишувга тўсиқ бўлувчи қандайдир ҳолатлар бордир. Лекин барибир шундай механизм яратиш керак, чунки ҳозирги кунда жуда кўп ватандошларимиз Россияда қамалиб кетяпти. Кўплар туҳмат билан, адвокатлиги йўқлигидан, ҳуқуқий билими етмаганидан қамаляпти. Агар Ўзбекистонга қайтарилса, уларнинг иши қайта кўрилиши мумкин. Шунингдек, узоқроқ муддатга қамалган шахсларни яқинлари кўриши бор, қандайдир илтимосномалар киритиш масаласи бор, узоқда бўлса булар имконсиз. Кўпчилик ҳатто фарзанди ё яқини қайси қамоқхонада эканини ҳам билмайди.

Украина уруши бошлангач, айнан мана шундай наркотик масаласида узоқ йилга қамалганларни урушга жалб қилиш ҳам бўляпти.

— Сиз охирги вақтларда Россияда мигрантлар қамалишининг Украинадаги урушга алоқаси бор, деган фикрга қандай қарайсиз? Ҳарҳолда қамоқдаги ҳар бир маҳбусга урушга бориб келиш ва жазони енгиллатиш варианти таклиф қилинмоқда.

— Бундай тахминлар ҳам бор, ҳа, атай қилинаётган бўлиши мумкин. Адвокатлар ҳам бундай ҳолатлар бирдан кўпайганини айтяпти. Ҳатто енгилроқ жазо олган бошқа турдаги маҳбусларга ҳам урушга бориш таклифи бериляпти экан. Бир йил ўтириб чиққан танишим унга ҳам шундай таклиф бўлганини айтди.

Биз ҳозир огоҳлантирган билан улар қамоқда ўтирибди, бизни эшитишмайли. Дейлик, 10 йилга қамалган киши, унинг қамоқхонада шароити оғирдир, қийноқ бордир, биз билмаймиз. Ўша одамга 6 ой урушга бор ва озод бўл, деса, у алданиб қолиши мумкин. Буларнинг олдини олиш учун ягона йўл — маҳбуслар алмашинуви, келишув. Ҳарҳолда бизнинг қамоқхоналарда бундай таклифлар берилмайди.

Элчихонанинг фаолиятидан ҳам бехабармиз. Нечта одам Россиядаги қамоқхонада, уларга ҳуқуқий ёрдам бериляптими, ўзи элчихонанинг имконияти борми — бу каби бир қанча масалалар бор. Биздаги охирги маълумотларга кўра, 6,5 минг ватандошимиз Россиядаги қамоқхонада эди, 8 мингга ҳам боргандир балки. Россия катта давлат, элчихонадагилар ҳамма жойга бориб ёрдам беролмайди ҳам. Россия ҳукумати атай шу урушга жалб этиш учун шу ишларни қилаётган бўлса, ҳар қандай йўл билан имконини топади. Шунинг учун фуқароларимизни ўзимизга қайтаришимиз керак. Бошқа чора йўқ.

  • Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид