Спорт | 14:47 / 03.11.2023
37020
2 дақиқада ўқилади

Расман: Ўзбекистон U20 жамоаси аъзоси ОФК томонидан 4 йилга дисквалификация қилинди

Ўзбекистон ёшлар (U20) жамоаси аъзоси Шаҳриёр Жабборов тақиқланган моддаларни қабул қилишда айбли деб топилиб, 4 йилга футболдан четлатилди.

Фото: ЎФА

Шаҳриёр Жабборовнинг Осиё Кубоги U-20 чоракфиналидаги Австралияга қарши ўйиндан кейин топширган допинг тести мусбат натижа берган ва якуний қарор қабул қилингунича футболчининг лицензияси вақтинчалик тўхтатиб турилганди. 

ОФК дисциплинар қўмитаси ўзбекистонлик футболчи бўйича қарорини эълон қилди. Унга кўра, Шаҳриёр Жабборов тақиқланган моддани қабул қилгани туфайли 4 йилга футболдаги ҳар қандай фаолиятдан дисквалификация қилинди. Унинг четлатиш муддати 2023 йилнинг 17 апрел кунидан бошланади.

Қайд этиш жоиз, Жабборов эҳтиётсизлик туфайли сифатсиз биологик фаол моддалар истеъмол қилган бўлиши мумкин. 

Аввалроқ, турнир давомида Ўзбекистон U20 жамоасининг яна бир қатор футболчилари допинг текширувдан ўтказилгани ва Жабборовдан бошқа ҳеч кимда тақиқланган воситалар аниқланмагани хабар қилинганди. 

Маълумот учун, «Пахтакор»нинг ёш ўйинчиси ўтган мавсум Суперлигада 4 ўйинда, ОЧЛ-2022/23 йилги мавсумида бир ўйинда майдонга тушган. 

Эслатиб ўтамиз, март ойида юртимизда ўтган Осиё кубоги-2023да 20 ёшли ҳужумкор яримҳимоячи гуруҳ босқичида Индонезияга қарши (0:0), чоракфиналда Австралия (1:1, пен – 6:5), яримфиналда Жанубий Корея (0:0, пен – 3:1) ва финалда Ироққа (1:0) қарши майдонга тушган эди. Жабборовнинг дисквалификацияси турнир ғолибига айланган Равшан Ҳайдаров мураббийлигидаги Ўзбекистон ёшлар жамоасининг натижасига таъсир қилмайди.

Мавзуга оид