Ўзбекистон | 19:35 / 08.11.2023
8894
5 дақиқада ўқилади

Эксперт ИҲТ ҳақида: “Бу ташкилотни сиёсийлаштирмаслик керак”

Тошкент илк марта мезбонлик қилаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг жаҳондаги ўрни, тарихи, мақсад ва вазифалари қандай? Нега бу минтақавий ташкилотнинг потенциали тўлиқ рўёбга чиқмай келди? Прогрессив ислоҳотлар маркази эксперти Алоуддин Камилов шу ва бошқа саволларга жавоб берди.

ИҲТнинг жаҳон ҳамжамиятида ўрни қандай?

— Аъзо давлатлар – тили, маданияти, тарихи жиҳатдан яқин давлатлар ҳисобланади. Ташкилот тузилишида бир неча босқичлар бўлган. 1964 йилда Туркия, Эрон ва Покистон ўртасида тузилган шартнома асосида мазкур ташкилот фаолият бошлаган. 70-йиллардаги савдо-сотиқ масалаларидаги қийинчиликлар сабаб вақтинча тўхтаб қолган ва 1985 йилда ҳозирги ном билан қайта ишга тушган.

Марказий Осиё давлатлари мустақил бўлгач, бу ташкилотга аъзо бўлишган, шундан сўнг 10 тага етган ташкилот аъзолари. Ҳудудий жиҳатдан бу 10 та давлат катта жойни эгаллайди, аҳоли эса ярим миллиардга етади.

Умуман олганда, жаҳон ҳамжамиятида бу ташкилот ўрни жуда баланд дейиш бироз қийин, чунки бу минтақалар сиёсий, геосиёсий жиҳатдан мураккаб. Яқин тарихдаги турли вазиятлар бу ташкилотнинг тўлиқ салоҳиятини кўрсатишига халақит берган. Яъни ўтган асрдаги Эрон инқилоби, Эрон-Ироқ уруши, Тожикистондаги фуқаролар уруши, Афғонистонга АҚШ қўшинлари кириши ва шунга ўхшаш ҳолатлар.

ИҲТ саммити биринчи маротаба Ўзбекистонда ўтказилмоқда. Расмий Тошкент нега шу вақтгача ташкилотда фаол бўлмади ёки масофа сақлади?

— Ташкилот ўз иқтисодий потенциалини кўрсатиб беролмаган. Масалан, ташкилот 90-йилларда Марказий Осиё давлатлари учун муҳим бўлмаган. У пайтда кўпроқ постсовет давлатлари билан алоқа кучлироқ бўлган.

2017 йилдан бошлаб бизнинг ташқи сиёсат ва иқтисодий дипломатиямиз ўзгарди. Шу баробарда ташкилотда ҳам фаоллик оша бошлади. 2017 йилгача Марказий Осиё давлатларида ўзаро таранглик ҳам бор эди, ташкилотнинг ярми эса айни шу минтақа давлатлари. Ўзаро муаммолар ҳал бўлгач, ташкилот фаоллиги ҳам ошди.

Одатда МО давлатлари мавжуд платформаларга Хитой ва Россия ҳам суқилиб киришга интилади. Икки куч марказининг бу ташкилотга аъзо ёки кузатувчи бўлиб киришга хоҳишлари борми?

— Бу борада бирор нима дейиш қийин. Хитой ва Россияда ўзларининг иқтисодий ташкилотлари етарли ва ўша ташкилотларнинг салоҳияти Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотидан юқори, шунинг учун қизиқиш уйғотмаган. Лекин бундан кейин қизиқиш бўлиши мумкин.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотидаги давлатларнинг ўзаро савдо айланмаси 8 фоизни ташкил қилади, бу жуда кам. Лекин ўсиш суръати яхши, яъни 2017 йилгача бундан 2 баробар кам бўлган. Шундай давом этса, яхши кўрсаткичларга эришса бўлади.

Афғонистондаги вазият ва Эронга нисбатан санкциялар фонида бу ташкилот истиқболига қандай қарайсиз?

— Бу ташкилот истиқболига ижобий қарайман. Дейлик, ШҲТда Хитой ва Россия катта иқтисодий кучга эга, лекин Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида имкониятлар деярли тенг, яққол устун давлатлар йўқ. Масалан, Ўзбекистон санкцияларга амал қилган ҳолда Эрон билан алоқаларни узмаган.

Ташкилот Марказий Осиё давлатлари учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки минтақамиз давлатлари денгизга чиқиши керак. Агар бу ташкилот яхши ишлаб кетса, бу борада бошқа бир вариантлар излашга ҳожат қолмайди. Бундан ташқари, Трансафғон темирйўл коридори масаласи ҳам муҳим. Бу лойиҳалар ишга тушса, ташкилот истиқболига хизмат қилади.

Афғонистон ҳам аъзо, бу амалдаги «Толибон» ҳукуматининг унда овозга эга эканини англатадими-йўқми?

— Мураккаб масала бу. Ҳозирги ҳокимият бу ташкилотда иштирок этмаяпти. Чунки ҳали «Толибон» тўлиқ тан олингани йўқ. Агар амалдаги ҳукумат тан олиниб, Афғонистон ташкилотда фаол қатнашса, унинг ўзи учун катта фойда бўлар эди.

Эрон ёки Покистон Афғонистон учун воситачи давлат бўлган эди. Лекин Эрон ва Покистоннинг Ғарб билан алоқалари яхши эмас. Шунинг учун Ўзбекистон бу вазифани амалга ошириши мумкин. Шу потенциалдан тўғри фойдалансак, бу ҳам фойда беради. Дейлик, Қўштепа канали масаласида таъсир ўтказа олишимиз мумкин.

Саммитда Яқин Шарқ масаласи ҳам кўрилиши мумкинми? Ҳар ҳолда, Эрон ва Туркия бор, улар Исроилнинг ҳаракатлари бўйича кескин баёнотлар бериб келади.

— Ташкилотни сиёсийлаштирмаган бўлардим. Асосан савдо-иқтисодий алоқаларни яхшилашга қаратилган. Тўғри, баъзи давлатлар ўз позициясини айтиб ўтиши мумкин, бир платформа сифатида. Лекин ташкилот мақсади бошқа барибир.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид