Вуҳледар учун жанглар ва «ДХР»да қамалган украин ҳарбийси. Уруш суратлари
Украинадаги урушнинг 623-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Еврокомиссия Украинанинг Евроиттифоққа аъзолиги бўйича музокараларни бошлашни тавсия қилди.
- Айблов россиялик рассом аёл Саша Скочиленкони саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум этишни сўради, у дўконда маҳсулотларга нархлар ўрнига урушга қарши сўзлар битилган қоғозларни ёпиштириб чиққани учун қўлга олинганди.
- Одессада суд Херсон областининг аннексия қилинган қисми «губернатори» Владимир Салдони сиртдан 15 йилга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилди. Уни давлатга хиёнат қилиш, коллаборационизм ва Россиянинг Украинага қарши қуролли тажовузини оқлашда айбдор деб топишган.
- Россия икки мамлакат ўртасидаги келишув муддати якунлангани туфайли Грециянинг Москвадаги элчихонасини ёпди.
- Россия ИИВ Халқаро жиноят суди судяси, Путинни ҳибсга олишга ордер берган Серхио Херардо Угалде Годинесга қидирув эълон қилди.
- Луҳанскда «ЛХР милицияси» собиқ бошлиғи Михаил Филипоненко автомобилга ўрнатилган бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлди.
- Владимир Путин россиялик инвесторларнинг музлатилган активларини хорижликларники билан алмаштириш тўғрисидаги фармонини имзолади.
Кун кадри. Ростов-Донда украиналик ҳарбий маҳбус 19 йил муддатга қамалди
Россияда украиналик ҳарбийлар томонидан тинч аҳоли ўлдирилиши билан боғлиқ биринчи иш апрел ойида Ростов-Донда Жанубий ҳарбий округ судида кўриб чиқилиши бошланганди. Украина қуролли кучлари денгиз пиёдаси Антон Чередник Мариупол яқинидаги Мирное посёлкасида яшовчи Олександр Пискуновни отиб ташлашда айбланган. Чередникнинг тарихи ҳақида ёзган «Ґрати» нашри тахминига кўра, 2022 йил апрелида уни Мариупол яқинида 501-баталённинг бошқа жангчилари билан биргаликда қўлга олишган, ўшанда баталён ҳарбийлари қуршовга тушиб қолган ва «Азов» полки ҳамда шаҳарнинг бошқа ҳимоячилари мудофааланаётган «Азовстал» заводига ўта олмаган.
Иш материалларига кўра, украиналик денгиз пиёдаси қўлга олиш чоғидаёқ тинч аҳоли вакилини отганини тасдиқлаган. Кейинроқ асирдалик чоғида уни бир неча бор камера қаршисида сўроқ қилишган. Видеода ҳам Чередник қотиллик қилганини тан олади, аммо ҳодисанинг турли деталларини ошкор этади. Масалан, биринчи сафар у ўзи ўлдирган киши «паляниця» нима дегани (украинчасига нон) ҳақидаги саволга жавоб бера олмаганини айтади, бошқа сафар эса — у жавоб бергани, аммо «жойидан қимирлагани», шундан кейин ўт очганини айтади. Бу видеолар нега ёзиб олгани номаълум. Шунингдек, ўша вақтда аскарнинг адвокати ҳам бўлгани аниқ эмас.
Антон Чередникка 8 ноябр куни суд ҳукми ўқилди, у «ДХР» аҳолиси вакилига куч ишлатиш ва ўлдиришда айбли деб топилиб, 19 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди . Прокурор Чередник учун 17 йил сўраганди.
Украина ҚКнинг Вуҳледар атрофидаги позициялари
Донецкдан 50 километр жануби-ғарбда жойлашган Вуҳледар шаҳри учун жанглар 2022 йил февралидан буён давом этмоқда. Кенг кўламли босқин бошлангунига қадар Вуҳледарда 15 минг атрофида одам яшаган — 2023 йил ёзига келиб шаҳарда қолган тинч аҳоли вакиллари сони юз нафар ҳам чиқмасди. Амалда барча бинолар шикастланган ёки вайрон қилинган, шаҳарда электр ва ичимлик суви таъминоти йўқ.
Ноябр ойи бошида Россия қўшини Вуҳледар йўналишида олдинга силжишга ҳаракат қилди. Володимир Зеленский Украина қуролли кучлари бу юришни тўхтатгани, РФ армияси эса «оғир йўқотишлар»га учраганини маълум қилган. Россияликлар шаҳарни ўққа тутишда давом этмоқда.
Мавзуга оид
22:59 / 26.11.2024
Украина – Жанубий Корея: кутилмаганда пайдо бўлган иттифоқ
19:07 / 26.11.2024
Украина армиясига ёлланган британиялик Россияда асирликка тушди
17:41 / 26.11.2024
«Путин доим ҳужумга тайёр, Трамп – табиатан девелопер». Меркелнинг мемуаридан парчалар
13:20 / 26.11.2024