Спорт | 18:24 / 09.11.2023
28080
10 дақиқада ўқилади

ЕЧЛда 4 тур якунлари. Кимда вазият қандай?

Олти жамоа – «Сити», «Реал», «Бавария», «Интер», «Лейпциг» ва «Реал Сосиедад» гуруҳ босқичи масаласини муддатидан илгари ҳал қилиб улгурди. Қолган турларда уларнинг сафига қўшилиш учун кимга қандай натижа керак?

Фото: MARCO LUZZANI/GETTY IMAGES

А гуруҳи

«Галатасарой»ни таслим этиш орқали «Бавария» ғалабали сериясини давом эттирди ва максимум очко жамғарган ҳолда муддатидан олдин гуруҳда биринчи ўринни эгаллади - фақат мюнхенликлар ўз гуруҳида биринчи ўриннни кафолатлаган. Гуруҳнинг қолган уч вакилида эса плей-оффга чиқиш имконияти сақланиб турибди, аммо «МЮ»да вазият энди шунчалик қийинлашганки, кейинги икки ўйиндаги икки ғалаба ҳам 1/8 финалга олиб чиқмаслиги мумкин. Бу ўйинларни эса Истанбулда «Галатасарой» ва Манчестерда «Бавария»га қарши ўтказиш талаб этилади.

Мотивацияси қолмаган «Бавария» қолган ўйинларда ҳам ғалаба қозонса, «Галатасарой» иккинчи йўлланма учун асосий даъвогар саналади, чунки турклар немислар грандига қарши ўйинларни ўтказиб бўлган. Бу мавсум учун кучли таркиб йиғган жамоа уйда инглизларни қабул қилишдан ташқари, охирги турда «Копенҳаген» меҳмони бўлади. Иккинчи йўлланма тақдири катта эҳтимол билан ўша ўйинда ҳал қилинади.

29 ноябр. «Галатасарой» — «Манчестер Юнайтед», «Бавария» — «Копенҳаген».
12 декабр. «Манчестер Юнайтед» — «Бавария», «Копенҳаген» — «Галатасарой».

В гуруҳи

«Арсенал» гуруҳдаги асосий рақобатчиси бўлиши кутилган «Севиля»ни икки ўйинда ҳам ишонч билан мағлуб этди ва амалда плей-офф масаласини ҳал қилди. Лондонликлар фақатгина кейинги икки ўйинда ютқазса, ПСВ Испанияда ғалаба қозонса, «Ланс» эса охирги турда очко олса, учинчи ўринга тушиб кетиши мумкин. Лекин катта эҳтимол билан кейинги турда французлар билан ўйинда йўлланма нақд қилинади.

Охирги ўринда қолаётган «Севиля»да ҳам барчаси йўқотилмаган. Кейинги ўйинлардаги икки ғалаба катта эҳтимол билан испанларни 1/8 финалга олиб чиқади, битта ғалаба — севимли Европа Лигасига. ПСВ ва «Ланс» жуфтлигида эса ўзаро учрашувлар бўйича устунлик нидерландлар томонида (1:1, 1:0).

29 ноябр. «Севиля» — ПСВ, «Арсенал» — «Ланс».
12 декабр. «Ланс» — «Севиля», ПСВ — «Арсенал».

C гуруҳи

Қаторасига тўрт ғалабадан кейин «Реал» плей-офф масаласини ҳал этди. Катта эҳтимол билан мадридликлар гуруҳ босқичи якунида ҳам биринчи ўринда қолишади ва қуръада сараланганлар саватчасидан жой олади. «Наполи» «Унион» билан ўйинда ғалабани бой берганига қарамай, гуруҳдан иккинчи ўрин билан чиқишга асосий даъвогар. Италянлар назарий жиҳатдан кейинги турда 1/8 финалга чиқиши мумкин, «Реал» катта эҳтимол билан натижаси у қадар аҳамиятли бўлмаган ўйинда ротация қилади.

Агар кейин тур муваффақиятсиз якунланса ва «Брага» «Унион» устидан йирик ғалабага эришса, барчаси декабрда Неаполда ўтадиган ўйинда ҳал бўлади, бу ўйинда Италия чемпионларини дуранг қониқтиради – Португалиядаги ўйинда ғалаба қозонилганди. «Унион» эса ЕЧЛдаги дебютида олти ўйин билан кифояланиши аниқ бўлиб улгурган, лекин немислар жамоаси кейинги турда Португалияда ғалаба қозонса, Европа Лигаси йўлланмаси учун яхши имконият ҳосил қилади.

29 ноябр. «Реал» — «Наполи», «Брага» — «Унион».
12 декабр. «Наполи» — «Брага», «Унион» — «Реал».

D гуруҳи

Бу гуруҳда амалда барчаси ҳал бўлган. «Реал Сосиедад» ва «Интер» муддатидан олдин 1/8 финалга чиқди. Учинчи ўриндаги «РБ Залцбург» қолган икки турда етти очколик фарқни йўққа чиқара олмайди. Австрияликлар клубидан ўрнини «Бенфика»га олдириб қўймаслик талаб этилади. Масала бешинчи турдаёқ ҳал бўлиши мумкин, лекин «Залцбург» Испанияда керакли натижага эриша олмаса, барчаси сўнгги турга қолади. «Интер» ва «Сосиедад» биринчи ўрин учун, «Залцбург» ва «Бенфика» Европа Лигаси йўлланмаси учун кураш олиб боради.

29 ноябр. «Бенфика» — «Интер», «Реал Сосиедад» — «Залцбург».
12 декабр. «Интер» — «Реал Сосиедад», «Залцбург»— «Бенфика».

Е гуруҳи

«Селтик» Мадридда олтита гол ўтказди, аммо ҳали ҳам плей-оффга чиқишдан бутунлай умид узгани йўқ. Шотландлар бунинг учун нафақат ўз ўйинларида 6 очко жамғариши, балки «Атлетико» ҳам қолган икки ўйинда ғалаба қозонишига умид қилиши керак. Албатта, бунинг эҳтимоли жуда кам. Қолган уч жамоадан исталган бири биринчи ўринни эгаллаши мумкин. Ҳозирда учинчи ўринда турган «Фейеноорд»да имконият камроқ, нидерландлар кейинги турда «Атлетико»га ютқазса, амалда гуруҳдан чиқиш имкониятини йўқотади, чунки «Лацио» ўз уйида шотландларга очко бермаслиги эҳтимоли юқори. «Атлетико» учун эса вазият максимал даражада оддий: 1/8 финалга чиқиш учун қолган икки ўйиндан биттасида ютиш кифоя («Фейеноорд» билан сафарда ёки «Лацио» билан уйда).

28 ноябр. «Лацио» — «Селтик», «Фейеноорд» — «Атлетико».
13 декабр. «Селтик» — «Фейеноорд», «Атлетико» — «Лацио».

F гуруҳи

«Ўлим гуруҳи» ўзига берилган мақомни тўла оқламоқда. Тўрт турдан кейин ҳам барчаси тушунарсиз – жамоаларни бир-биридан биттадан очко ажратиб турибди. Вазият уч ҳафта кейин ҳам ойдинлашиши қийин. Исталган клуб гуруҳни исталган поғонада якунлаши мумкин ва бу сенсация  бўлмайди.

Бошқа томондан, кейинги турдаёқ қайси жамоалар гуруҳдан чиқиши маълум бўлиши мумкин. Агар «Боруссия» ва «ПСЖ» ўз ўйинларида ғалаба қозонса (немислар «Милан»ни сафарда, французлар «Нюкасл»ни ўз уйида), 1/8 финал масаласи ҳал бўлади ва сўнгги турда жамоалар гуруҳ ғолиблиги учун ўйин ўтказади. Яна бир вариантга кўра, «Нюкасл» муддатидан олдин сўнгги ўринни кафолатлайди – бунинг учун 5-турда «Милан» ва «ПСЖ»нинг ғалабалари талаб этилади.

28 ноябр. «ПСЖ» — «Нюкасл», «Милан» — «Боруссия» Д.
13 декабр. «Боруссия» Д — «ПСЖ», «Нюкасл» — «Милан».

G гуруҳи

Бу гуруҳда ҳам барчаси оддий. Кейинги тур ҳал қилувчи бўлади. «Лейпциг» биринчи ўринни эгаллашга ҳаракат қилиб кўради (бунинг учун Англияда ғалаба қозониш лозим), «Янг Бойз» ва «Црвена Звезда» Европа Лигаси йўлланмасини ҳал қилишга уриниб кўради. Бернда дуранг қайд этилиши швейцарцияликларни учинчи ўрин учун курашда фаворитга айлантиради, аммо сербларни еврокубокда қолиш амбициясидан маҳрум этолмайди.

28 ноябр. «Манчестер Сити» — «Лейпциг», «Янг Бойз» — «Црвена Звезда».
13 декабр. «Лейпциг» — «Янг Бойз», «Црвена Звезда» — «Манчестер Сити».

H гуруҳи

Ҳамбургдаги ўйинда ютқазиб қўйган «Барселона» H гуруҳидаги вазиятни чигаллаштириб юборди. Аммо ҳамон Хави жамоаси гуруҳ ғолиблиги учун асосий фаворит бўлиб қолмоқда. Гап «Барселона» – ушбу квартетдаги энг номдор клуб эканида эмас. Шунчаки «Барса»да тақвим осонроқ, масала кейинги турда «Порту» билан ўйинда ҳал қилинмаса ҳам, сўнгги турда аутсайдер «Антверпен» билан ўйин бор. 

«Шахтёр»ни уч очко фарқ билан ортда қолдираётганига қарамай, португалларда вазият анча мураккаб. «Порту» кейинги турни Барселонада ўтказади, катта эҳтимол билан йўлланма масаласи охирги турга қолади – 13 декабр куни «Порту» «Шахтёр»ни қабул қилади.

28 ноябр. «Шахтёр» — «Антверпен», «Барселона» — «Порту».
13 декабр. «Порту» — «Шахтёр», «Антверпен» — «Барселона».

Мавзуга оид