Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тоза ҳаво қиммат туради – нега камбағаллар ифлосланган ҳаводан кўпроқ нафас олишга маҳкум?
Йирик мегаполисларда ҳам, қишлоқларда ҳам ифлосланган ҳаводан кўпроқ кам даромадли одамлар нафас олади. Шаҳарларда саноат зоналари, яшил парклар камроқ жойларда оддий одамлар, баҳаво жойларда эса бойлар яшаши эҳтимоли юқори. Қолаверса, пули борлар ҳавоси ифлос ҳудуддан кўчиб кетиши ҳам мумкин. Камбағаллар эса осонликча уйини ташлаб кетолмайди.
Гарчи бугун дунёдаги деярли барча инсон қайсидир жиҳатдан ифлосланган ҳаводан нафас олаётган бўлса-да, ҳаво ифлосланиши ҳам ҳаммага бирдай хавф солмаяпти. Ифлос ҳаво ҳам ҳозир иқлим тенгсизлигининг бир кўринишига айланиб улгурди.
Бу қандай рўй бериши ҳақида BBC мақоласида ҳикоя қилинади.
Ифлосланган ҳаво умрни қисқартиради
Деҳли харобаларида жойлашган кичик кулбада яшайдиган Митилеш овқат пишириш учун печни ёққанда кўзлари ҳам тутунга тўлади. 29 ёшли уй бекаси бир хонадонда фарзандлари, эри, қари қайнона-қайнотаси билан яшайди. Печка ёнганда уй тутунга тўлганидан бирор нарсани кўриш ҳам қийин бўлиб қолади. Митилеш ташқарига чиққани билан жуда катта ўзгариш йўқ. Сабаби Деҳли ҳаво ифлослиги бўйича дунёда иккинчи ўринда турадиган мегаполис ҳисобланади.
Ҳиндистон ҳукумати ҳаво сифатини яхшилаш учун ҳаракат қилаётган бўлса-да, шаҳар ҳавосида кўплаб ифлослантирувчи моддалар миқдори ЖССТ белгилаган меъёрлардан доимий баланд бўлиб қолмоқда. Чикаго университети ўтказган тадқиқот ҳиндистонликларни агар пойтахт ҳавоси миқдоридаги зарарли моддаларни ЖССТ белгилаган нормагача камайтирмаса, аҳолининг умри 11,9 йилгача қисқариши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Митилеш ва унинг оиласи глобал миқёсда ифлосланган ҳаводан нафас олаётганларнинг энг қўрқинчли мисоли бўлиши мумкин. Лекин, аслида, дунёда ҳамма ҳам қайсидир даражада зарарланган ҳаводан нафас оляпти. Баъзилар эса бу ҳаводан ўзини энг кам миқдорда ҳимоя қила олади.
Масалан, ҳали ҳам дунёда 2,4 млрд одам керосин, ўтин, писта кўмири, кўмир ва таппи каби самараси кам ёқилғи турларидан овқат пиширишда фойдаланади. Гарчи бу ёқилғилардан фойдаланиш давом этса ҳам, уларни тутаган ҳаводан нафас олишда эҳтиёткор бўлишлари ҳақида хабардор қилиб бориш лозим.
Охирги 20 йилда қашшоқлик даражаси пасайиши билан ёпиқ ҳаво ифлосланиши даражаси ҳам сезиларли пасайди. Бироқ унинг ўрнига саноатлаштириш ва қазиб олинаётган турли ёнилғиларни ёқиш ҳисобига кўплаб одамлар қурбон бўлишига сабаб бўлувчи янги ва зарарли муаммо тури пайдо бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2019 йилда ҳаво ифлосланишидан 4,5 млн одам бевақт вафот этди, бу 2000 йилга нисбатан 1,6 млнга, 2015 йилга нисбатан эса 300 мингга кўпроқ.
Дунёда тахминан 716 млн кам даромадли одам ҳаво ифлосланиши юқори бўлган ҳудудларда яшаяпти.
Ҳатто Европа ва Шимолий Америка каби ривожланган ҳудудларда ҳам ҳаво ифлосланишидан зарар кўпроқ кам таъминланганлар ва аҳолининг бошқа тенгсиз қатламлари зиммасига тушади.
Олимларнинг таъкидлашича, қазиб олинадиган ёқилғилар сабаб ҳаво ифлосланишидан ўлим ҳолатлари ошиб кетган. Баъзи тадқиқотларга кўра, бундай ўлимлар сони анча юқори: 8,7 млн одамнинг бевақт ўлими ёнилғилардан ифлосланган ҳаводан нафас олиш сабабли бўлиши мумкин.
Хавфли ПМ 2.5
Кўмир, бензин ва дизел ПМ 2.5 деб номланувчи майда заррачаларнинг асосий манбаи ҳисобланади. У диаметри 2,5 микрометрдан кам бўлган майда зарралардан иборат бўлиб, нафас олаётганимизда ўпкамизга чуқур кириб боради. Заррачалар қон оқимига ўтиб олиш қобилиятига ҳам эга. Қонда бу заррачалар яллиғланишлар даражасини оширади, юрак, ўпка касалликлари ва саратон каби узоқ муддат давом этадиган сурункали касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.
Турли давлатлар ҳаводаги бу каби зарарли заррачалар миқдорини назорат қилишга ҳаракат қиляпти. Миннесота университети профессори Стивен Поласкийга кўра, юқори даромадли давлатларда ПМ 2.5 заррачалари экологик сабаб туфайли содир бўладиган бевақт ўлимларнинг асосий фактори ҳисобланади.
Нотенг тақсимланиш
Полаский ва бошқа тадқиқотчилар 2019 йилда Америкада ўтказган тадқиқотга кўра, мамлакатдаги ифлосланиш юки одамлар зиммасига тенгсизлик билан тақсимланади. Бойлик одамларнинг ҳаво ифлосланишидан қанчалик зарарланишида катта рол ўйнайди.
"Масалан, агар сиз бой бўлсангиз ва ҳавоси ифлосланган жамиятдан кета олиш имконига эга бўлсангиз, шундай қиласиз. Бироқ камбағал ва озчилик қатламлар бой одамлар қилаётган истеъмол таъсиридаги зарарни бўйинларига олишади ва улар ўз уйларидан ҳам осонликча силжий олишмайди", дейди Полаский.
Европада ҳам ПМ 2.5 даражаси камбағаллик юқори ҳудудларда бойроқ жойларга қараганда 3 баравар юқори. Кам даромадли одамлар кўпроқ ҳавони ифлослантираётган саноат зоналарига яқин жойларда яшайди ва уларнинг ёнида яшил майдонлар ҳам камроқ бўлади.
Мичиган университети доценти Кетрин Ҳаусманга кўра, ҳукуматлар ҳаво ифлосланишининг юқори даражаси, ундан соғликни қандай ҳимоялаш ҳақида одамларга кўпроқ тушунтиришлари керак. Дунёнинг кўп жойларида ҳавони мониторинг қилиш тармоқлари етарли эмас, одамлар шунчаки маҳалласидаги ҳаво ифлосланиши қай даражада юқори эканини билмайди. Ҳатто уларга яқин жойда мониторинг қилиб турилса ҳам, хонадонлар ўз соғликлари ифлос ҳаво сабаб қанчалик зарарланаётганини англамаётган ва ўзларини ҳимоялаш учун керакли чораларни кўрмаётган бўлиши мумкин.
Бунда ҳам кам даромадли оилаларга қийинроқ бўлади. Масалан, Ҳиндистонда ҳаво тозалагичларга бўлган эҳтиёж йилдан йилга ошиб боряпти. Лекин кам даромадли оилалар кўп ҳолларда буни сотиб ололмайди.
Қолаверса, очиқ ҳавода жисмоний меҳнат билан шуғулланувчилар кўрадиган зарар ҳам бошқа касблар, асосан, ичкари хоналарда ишловчиларга қараганда каттароқ бўлади. Масалан, Ҳиндистонда йўл ҳаракатини тартибга солувчи полиция ходимларининг ўпкаси бошқа касбдагиларга қараганда ёмонроқ аҳволда экани аниқланган.
Қандай чоралар кўриш мумкин?
Ташқи ҳаво ифлосланишини камайтириш учун ҳолатни тизимли ўзгартириш керак бўлиши мумкин. Ҳозиргача бир қанча усуллар ўйлаб топилган: дизел юк машиналарининг йўналишини ўзгартириш, ҳаво ифлосланиши камроқ кузатиладиган кичик зоналар яратиш ўша атрофда яшайдиганлар соғлиги учун фойдали бўлади. Европада бундай зоналар бор. АҚШ эса 2,6 кв км ҳудудда фақатгина электр билан юрадиган машиналарга рухсат бериш орқали ҳаво чиқиндиси йўқ илк пилот зонани яратди.
Шаҳарларда жамоат транспортини янгилаш автомобил газлари чиқиндиларини камайтиришга ёрдам берадиган яна бир чорадир.
Қолаверса, ҳукуматлар ҳаво ифлосланишининг олдини олиш учун қатъийроқ чоралар кўриши ҳам керак. Бу ҳаво ифлосланишга саноат қўшадиган ҳиссани қатъийроқ назорат қилишни англатади. Поласкийнинг айтишича, ҳукуматлар энди ҳар қандай шароитда ҳам иқтисодий ўсишга эришиш устувор вазифа эмаслигини тушунишлари керак. Агар шундай бўлиб қолса, бу заиф жамиятларга катта зарар етказиши мумкин.
Мавзуга оид
17:37 / 13.05.2025
“На кетишни биламиз, на қолишни” — бойсунликлар газ ҳиди ҳақида
20:33 / 28.04.2025
БМТ Ўзбекистон ташаббуси бўлган резолюцияни қабул қилди
17:06 / 28.04.2025
“Судлашиб, Тошкентдаги мингдан зиёд дарахтларни асраб қолганмиз” — экофаол Алишер Насимов
09:38 / 26.04.2025