Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Испанияда грандлар таъқибчи ролида, Лондон жамоаларида қийин давр бошланмоқда. Ҳафта ўйинлари анонси
«Тоттенҳэм» ўтган турдаги, «Юнайтед» Копенҳагендаги драмани қанчалик тез унута олади, Германиянинг учинчи жамоаси қайси? Римнинг биринчи жамоасичи? Испания грандлари етакчиликка қайта оладими? Миллий жамоалар иштирокидаги навбатдаги учрашувлардан олдин яна икки кун клублар ижросидаги шиддатли баҳслар гувоҳи бўлишимиз мумкин.
«ВУЛВЕРҲЭМПТОН» – «ТОТТЕНҲЭМ» (11 ноябр, 17:30)
Бемалол айтиш мумкинки, «Тоттенҳэм» АПЛда мавсум старти кашфиёти бўлди. Бежиз Пастекўғли қаторасига уч марта ойнинг энг яхши мураббийи бўлгани йўқ. Аммо жамоа ҳақиқий синовлар арафасида турибди. «Челси» билан ўйин шунчаки мағлубият, йўқотилган очколар эмас, оқибатлар нуқтайи назаридан ҳам муҳим бўлди. Ўйин жиҳатидан ҳатто тўққиз киши қолганда ҳам «Тоттенҳэм» ёмон кўринмади, аммо ушбу ўйиндаги жароҳатлар ва дисквалификациялар навбатдаги ўйинларда таъсир қилиши шубҳасиз.
Асосий марказий ҳимоячилар Ромеро (дисквалификация) ва ван де Вейн (жароҳат) майдонга туша олишмайди. Яна бир ҳимоячи Иенома Удожи ҳам «Челси»га қарши ўйинда майдондан четлатилганди. Жамоанинг ҳужум чизиғидаги асосий ижрочиларидан бири Жеймс Мэддисоннинг ҳам жароҳати жиддий бўлиб чиқди – у ҳатто йил охиригача шерикларига ёрдам бера олмаслиги мумкин. Бунинг устига ротацион шаклда ўринларни тўлдириши мумкин бўлган Перишич, Ришарлисон, Соломон, Сессенон каби футболчилар ҳам турли жароҳатлар туфайли майдонга туша олмайди. Табиийки, янги қурилаётган ва бир йўлга тушиб олган жамоа учун бу йўқотишларнинг ўрни катта бўлади. Олдинда эса «Вулверҳэмптон»дан ташқари, «Астон Вилла», «Манчестер Сити», «Нюкасл» каби рақиблар кутиб турибди.
«Бўрилар» турнир жадвалида пастки ўринларда бораётган бўлса-да, айниқса, катта жамоаларга қарши ўйинларда бемалол қаршилик кўрсата олишини исботлаб улгуришди. Жамоа «Сити»ни мағлуб этди, «Нюкасл» билан ўйинда дурангга эришди. Ўз майдонидаги ўйинларда жамоа доим хавфли рақиб бўлиб келган. Хусусан, ўтган мавсумдаги ўзаро ўйинда ҳам мезбонлар кичик ҳисобда ғалаба қозонганини эслаш мумкин.
«Вулверҳэмптон» таркибида жароҳатлар нисбатан камроқ, аммо Педру Нетунинг ўзи катта йўқотиш бўлиши керак. Дастлабки турларда у нафақат жамоа сафида, умуман АПЛда ҳам кўп кўрсаткичлар бўйича энг яхшилардан бўлганди. У миллий жамоалар билан боғлиқ танаффусдан кейингина машғулотларга қайтиши мумкин. Шунингдек, Буэно ҳам «Тоттенҳэм»га қарши майдонга туша олмайди.
«ЧЕЛСИ» – «МАНЧЕСТЕР СИТИ» (12 ноябр, 21:30)
«Челси» учун синов даври давом этяпти – ўтган турда пешқадам «Тоттенҳэм», бу сафар янги пешқадам «Манчестер Сити», танаффусдан кейин ҳали «Брайтон», «Нюкасл», «МЮ» каби рақиблар кутиб турибди. Тўғри, биринчи босқичдан яхши ўтилди, «Тоттенҳэм» устидан 4:1 ҳисобидаги ғалаба катта натижа, аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, Почеттино шогирдлари бир киши кўп бўлиб қолгандагина ҳисобни тенглаштиришди, кейинги уч гол эса, умуман рақиб 9 киши қолганда қарши ҳужумларда урилди. Барибир, «Челси» ўйинига ҳали саволлар кўплиги, ўтган турдаги ғалаба уч очкодан бошқа у қадар кўп ижобий хулосаларга сабаб бўлмаганини эътиборга олиш керак.
«Манчестер Сити» умуман бошқа даража, айниқса, сўнгги ўйинларда Гвардиола шогирдлари ростанам «қутуриб» кетишди. Барча мусобақаларда қаторасига 5 ғалаба, учтаси йирик ҳисобда, жами 17 та гол урилди. 7 гол Ҳолланд томонидан урилган, аммо у танаффусда алмаштирилганида ҳам, «Борнмут» дарвозасига 6 гол йўлланган. Яъни манчестерликлар ўйини анча ранг-баранглашиб бормоқда ва хавф қайси томондан келишини пайқаш осон эмас. «Челси» шу пайтгача «Ливерпул» ва «Арсенал» билан ўйнаб улгурган бўлса-да, тан олиш керак, ўша ўйинларда рақибларда муаммолар кузатилганди, хўп, шундай ўйнашга Почеттино режаси таъсир қилган деб ҳисоблаган тақдиримизда ҳам, «Манчестер Сити» юқорироқ даражадаги синов бўлишини тан олишимиз керак.
Яна бир қизиқ факт. Гвардиола айнан «Челси»га қарши ўйинларда анча жиддий ва прагматик тайёргарлик кўрадигандек туюлади. Эсингизда бўлса, икки ярим йил олдин лондонликлар ЕЧЛ финалида «Манчестер Сити»ни мағлуб этган ва Гвардиоланинг ЕЧЛ орзусини икки йилга кечиктирганди. Лекин ўша ўйиндан бери «Челси» Гвардиола жамоасига қарши ўйинларда очко олиш уёқда турсин, ҳатто бирорта гол ҳам уролмай келяпти. 6 ўйин, 6 мағлубият, тўплар нисбати – 0:10. Ўша финалдан олдин эса «Челси» қаторасига уч ўйинда ушбу рақибини мағлуб эта олганди. Балки, ниҳоят Почеттино ушбу қора анъанага чек қўяр?
Ўйин Лондонда бўлаётгани, «Сити» ҳафта ўртасида ЕЧЛ доирасидаги учрашувда майдонга тушгани, Стоунз, Аканжи каби футболчиларнинг жароҳати «Челси»нинг имкониятларини бироз ошириши мумкин. Шунингдек, мезбонлар таркибида Палмер ва Стерлинг ўз вақтида «шаҳарликлар» таркибида ўйнаган ва сотиб юборилган. Бу футболчиларда ўзини кўрсатиб, Гвардиоланинг қарори хато бўлганини исботлаш имконияти бор.
Навбатдаги тур арафасида турнир жадвалидаги ҳолат:

«РЕАЛ» — «ВАЛЕНСИЯ» (12 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)
12 ноябрга ўтар кечаси «Реал» Испания чемпионатининг 13-турида «Валенсия»ни қабул қилади. «Сантияго Бернабеу» стадионидаги ўйин Тошкент вақти билан соат 01.00 да бошланади.
Класикода «Барса» устидан қозонилган иродали ғалабадан (2:1) кейин Карло Анчелотти йигитлари кутилмаганда «Райо Валекано»га очко совға қилди (0:0). «Асаларилар» жамоаси «Сантияго Бернабеу»да 23 йил ичида илк бор очкога эга бўлди — 2000 йил мартидаги ўйинда ҳам голсиз дуранг қайд этилганди. Меҳмонлар омад туфайли шундай натижага эришди: улар мезбонлар дарвозаси томон бирор марта зарба йўлламади ва кутилган голлар статистикаси (xG) бўйича ҳам яққол ортда қолди — 2,05 га қарши 0,16. Мадридликлар мавсумда илк бор ўйинни голсиз якунлашди ва «Жирона»дан икки очкога ортда қолди — бунгача Каталониянинг ушбу жамоаси турнир жадвалидаги пешқадамликни «бланкослар» билан бўлишиб турганди.
«Реал» ўтган турда очколардан ташқари Жуд Беллингҳемни ҳам йўқотишига бир бахя қолди — англиялик футболчи рақиб билан ҳаводаги яккакурашдан кейин газонга ноқулай йиқилди ва елкасини шикастлаб олди. Жароҳат жиддий бўлиб чиқмади, аммо эҳтиёткорлик чораси сифатида Анчелотти уни ЕЧЛнинг 4-тур ўйинига туширмади. «Брага» билан ўйинда испанлар Жудсиз ҳам амаллашди — Браим Диас, Винисиус ва Родриго биттадан гол урди ва клуб муддатидан олдин асосий еврокубокнинг плей-офф босқичига чиқди. Андрей Лунин ўша ўйин бошида пеналти қайтарди, ҳолбуки у бошланғич таркибда тушиши режалаштирилмаганди — Кепа Аррисабалага машғулот вақтида жароҳатлангани туфайли украиналик дарвозабон ўйин амалиётига эга бўлди. «Валенсия»га қарши ўйинда ҳам дарвозани Лунин қўриқлайди — тиббий кўрикдан кейин испаниялик посбон бел қисмидаги мушакларни жароҳатлаб олгани ва икки-уч ҳафтага сафдан чиққани маълум бўлган. «Кўршапалаклар»га қарши ўйинда Антонио Рюдигер ҳам қатнашмайди — германиялик ҳимоячининг сариқ карточкалари сони ортиб кетган.
Рубен Бараха жамоаси Мадридга беш учрашувдан иборат мағлубиятсиз серия билан келмоқда. Ўтган ҳафтада жамоа Испания кубогида «Логронес»ни (2:0), ла лигада «Гранада»ни (1:0) мағлуб этди. Бунгача ла лиганинг уч турида ҳам валенсияликлар очколарга эга бўлганди — сафарда «Маллиорка» (1:1) ва «Атлетик»ка қарши ўйинлардаги дуранглар (2:2) оралиғида уйда «Кадис» устидан ғалаба қозонилганди (2:0).
Лекин «кўршапалаклар» жамоасининг Мадридга сўнгги ташрифлари нохуш якунланган: сўнгги беш ташрифда икки ва ундан ортиқ гол фарқи билан мағлубиятга учралган. «Райо Валекано»га қарши ўйиндаги очко йўқотиш қаймоқранглиларни диққатни жамлаб ўйнашга ва вазиятларни кўкка совурмасликка ундаши тайин — «Жирона»ни қувиб етиш керак. Жуд Беллингҳем ҳафта ўртасида дам олди ва янги қаҳрамонликлар кўрсатишга тайёр, «Брага»га қарши ўйин кўрсатдики, Винисиус ва Родриго ҳам формасини яхшилаб бормоқда. Қолаверса, бу миллий жамоалар ўйинлари туфайли юзага келадиган танаффусдан олдинги охирги ўйин — «бланкос» танаффусга ёрқин ўйин билан чиқиб кетишни режалаштираётгани тайин. Масалан, бир ой олдин шундай ўйинда «Осасуна» йирик ҳисобда таслим этилганди (4:0).
«БАРСЕЛОНА» — «АЛАВЕС» (12 ноябр, 20:15)
12 ноябр куни «Барселона» ва «Алавес» Испания чемпионатининг 13-тури доирасида тўқнашади. Ўйин Каталониядаги Олимпия стадионида, Тошкент вақти билан соат 20.15 да бошланади.
Каталонияликлар барча турнирлар доирасидаги сўнгги уч ўйиндан иккитасида мағлуб бўлишди — бунгача Хави шогирдлари 13 ўйинда ютқазмаганди. Кўк-анорранглилар класикода «Реал»га (1:2), ЕЧЛда «Шахтёр»га ютқазди (0:1). Бу муваффақиятсизликлар орасида «Барселона» чемпионат ўйинида «Реал Сосиедад»ни қийинчилик билан енгди (1:0).
Жамоа ўзига ишончни қайтариши учун «Алавес» мос рақиб дейиш мумкин. Басклар ла лигада 14-поғонада бормоқда ва 12 турда олти марта ютқазган. Қолаверса, каталонияликлар ўзаро учрашувларда катта устунликка эга — чемпионатдаги сўнгги 10 ўйиндан саккизтасида ғалаба, иккитасида дуранг қайд этилган (шу билан бирга, Каталониядаги охирги ўйин 1:1 ҳисобида якунланганди). Депортиволиклар тарихдаги жами 45 ўйиндан фақат еттитасида ғалабани нишонлаган, сўнггиси — 2016 йилда, ўшанда бу «Камп Ноу»да рўй берганди (2:1).
Қўшимчасига бу мавсумда меҳмонлар ла лигада ҳаммадан камроқ гол ураётган жамоалар сафида. 12 турда «Алавес» атиги 10 гол уришга эришган, «Лас-Палмас» ва «Кадис»да ҳам шундай кўрсаткич. «Барселона» эса кўп гол уриш бўйича чемпионатда учинчи натижани қайд этмоқда: каталонияликлар рақиблар дарвозаларини 24 бор ишғол этган, бу ўртача 90 дақиқага икки гол дегани. Фақат «Атлетико» (26) ва «Жирона»да кўпроқ (29).
Шу билан бирга, кўк-анорранглиларнинг ҳужум чизиғида яққол етакчи йўқ. Жамоанинг асосий тўпурари Роберт Левандовски барча турнирлар доирасида жами 6 гол урган, 6 ўйиндан бери майдонни голсиз тарк этмоқда, жамоанинг голлари 15 футболчи номига ёзилган. Сермаҳсуллик борасида поляк форварддан ташқари (6+4), Жоау Феликс (3+4) ва Ферран Торрес (5+1) яхшироқ натижага эга.
Бу вақтда ҳужумида муаммолар етарлича бўлган «Алавес»нинг ҳимоя чизиғида ҳам ишлар жойида эмас: жамоа 12 турда фақат икки ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлай олган.
«СЕВИЛЯ» – «БЕТИС» (12 ноябр, 22:30)
Бизни яна бир қизиқарли дерби Андалусияда кутиб турибди. «Севиля»нинг сўнгги йиллардаги пасайиши ва аксинча, «Бетис»нинг анча барқарорлашуви натижасида сўнгги дербилар ҳар қандай маънода ҳудуднинг энг кучли жамоасини аниқлашга айланиб ҳам бормоқда. Яъни аввалгидек, «Севиля» яққол устунликка эга эмас. Умуман, «Севиля» чемпионатни бир четга суриб, еврокубокларда бор имкониятини солишни ўрганиб олди. Ўтган мавсумда Ла Лигада пастки ўринларда қолишига қарамай, Европа Лигасидаги чемпионлик эвазига ЕЧЛ иштирокчисига айланганди. Бу сафар ҳам икки фронтда курашиш жамоага етарлича ноқулайликлар келтириб чиқармоқда.
Клуб ҳатто ўтган мавсум ярмида келиб соврин ютиб берган Мендилибарни ҳам истеъфога чиқарди ва «Реал» билан ўйин олдидан Диего Алонсо бош мураббий бўлди. Ўша ўйин дуранг билан якунланиб, ниҳоят «Севиля» ўз ўйинини топгандек туюлганди, лекин кейинги натижаларга ҳам ҳавас қилиб бўлмайди. Жамоа янги мураббий бошчилигида 6 учрашувда фақат бир марта, қуйи лига вакили устидан Испания кубогида ғалаба қозонди, холос. Албатта, бу ўйинларнинг биттаси юқорида тилга олингандек, «Реал» билан, иккитаси ЕЧЛ гуруҳ босқичида «Арсенал»га қарши, қолган ўйинлар ҳам сафар учрашувлари бўлганини инобатга олиш керак. Хуллас, уругвайлик мураббий учун навбатдаги имконият – у муҳим дербида, кучли рақиб устидан ғалаба қозониш орқали жамоасида уйғонишни амалга ошириши ва маҳаллий мухлислар олдида ўзини кўрсатиб олиши керак бўлади.
«Бетис», айниқса, сўнгги натижалари эътибори билан қарасак, осон рақиб эмас, ҳатто фаворит ҳам дея оламиз. Жамоа Ла Лигада 7, барча мусобақаларда 11 учрашувдан бери мағлубият нималигини билмай келмоқда. Қаторасига 5 ўйинда ғалаба, айниқса, кубок баҳсида қуйи лига жамоаси дарвозасига 12 гол урилгани алоҳида эътиборга молик. Бу «Бетис»нинг энг йирик ҳисобдаги ғалабаси сифатида тарихга кирди. Ҳа, рақиб яримпрофессионал жамоа, лекин Пеллегрини шогирдлари кейинги учрашувларда ҳам сермаҳсул бўлаётгани таҳсинга сазовор. Икки кун олдин Европа Лигасида «Арис» дарвозасига ҳам 4 гол йўлланди. Хуллас, «Бетис» йўқотилган очколар бўйича ҳисоблаганда, масалан, «Барселона»дан 4 очко ортда боряпти, холос. Сўнгги натижалардан келиб чиқиб, бемалол «Бетис»ни Ла Лигада етакчилари гуруҳига қўшиш, дербида эса, фаворит сифатида қайд этиш мумкин. Айнан чемпионат доирасидаги дербиларда 2018 йилдан буён «Бетис»нинг қўли баланд келмаганини инобатга олсак, меҳмонлар учун яна бир қўшимча мотивация.
Таркиблар борасида мезбонларда йўқотишлар кўпроқ. Дарвозабон Нюлан, ҳамда Маркао, Акуня, Серхио Рамос шерикларига ёрдам бера олишмайди. Асосан ҳимоя чизиғи вакиллари. Меҳмонларда йўқотишлар деярли йўқ. Марк Бартра анча олдин сафдан чиққан ва у йил охирида машғулотларга қайтади. Юссуф Сабалининг ҳолати ҳам айнан шундай.
Навбатдаги тур арафасида турнир жадвалидаги ҳолат:

«ЛАЦИО» – «РОМА» (12 ноябр, 22:00)
Ҳали дерби бошланмасдан мураббийлар даҳанаки жангни бошлаб юборишди. Аввалига, Сарри еврокубоклардаги ўйинлардаги фарққа урғу бериб, «Лацио» ЕЧЛ ўйинида иштирок этгани («Фейеноорд»га қарши 1:0), «Рома»нинг Европа Лигасидаги «Славия»га қарши баҳси ўртоқлик учрашуви (2:3) мақомида эканини айтган бўлса, табиийки, жавоб кўп куттирмади. Жозе Моуринио ўзи учун ҳар бир навбатдаги ўйин жуда муҳим бўлиб, мана шу менталитет ютуғи эканини таъкидлади. Албатта, Саррини ҳам бир «тепиб» ўтмаса бўлмасди: «26 марта соврин ютган мураббий билан ҳеч нарса ютмаган мураббий ўртасидаги фарқ мана шу менталитетда».
Ўйин қизиқ кечишига шубҳа йўқ. Моуринио ҳар қанча ўз ютуқларини эслатмасин, ҳали ҳам дор устида ҳаракатланмоқда – ҳар бир муваффақиятсиз учрашув уни истеъфо ёқасига олиб бораверади. «Лечче»га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда икки гол уриб иродали ғалабага эришилди, аввалроқ Миланда мағлубият бўлганди. Прагадаги мағлубият Европа Лигасидаги гуруҳга унчалик таъсир ўтказмайди, аммо А Сериядаги ҳар бир очко аҳамиятлидир. «Рома» кучли тўртликдан 4 очко ортда боряпти, сўнгги 5 ўйиннинг 4 тасида ғалаба қўлга киритилди, лекин токи «Рома» Лукаку, Дибала каби чемпионатнинг юқори савияли футболчилари билан «Болоня»дан ортда бораркан, мураббийдаги босим ҳеч қачон йўқолмайди. Рим дербиси ушбу қора булутларни вақтинча бўлса ҳам тарқатиш учун яхши имконият.
«Лацио» қўшнилардан 1 очко кам жамғарган ҳолда 10-поғонани эгаллаб турибди. Табиийки, Саррига ҳам ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Ўтган мавсумдаги ҳар икки дербида ҳам «Лацио»нинг қўли баланд келгани Сарри шогирдларига қўшимча ишонч берса ажаб эмас. Охирги ўйинларда жароҳат олган Адам Марушич ва Маттиа Дзакканининг ўрнини тўлдириш мураббий учун энг асосий вазифа бўлса керак. Шунингдек, Николо Касале ҳам катта эҳтимол билан дербида иштирок эта олмайди. Меҳмонлар сафида йўқотишлар деярли йўқ. Ўтган мавсум охирида ёки аввалроқ узоқ муддатга сафдан чиққан Смоллинг, Кумбула, Абраҳамдан ташқари. Бу футболчиларнинг ўрни тўлдирилган ва уларсиз ўйнашни «Рома» аллақачон ўрганиб олган.
Навбатдаги тур арафасида турнир жадвалидаги ҳолат:

ШТУТГАРТ – БОРУССИЯ Д (11 ноябр, 19:30)
Бу жамоалар сўнгги турларда пешқадамлардан бироз қолиб кетган бўлса-да, таъқибда давом этиш учун ҳар икки томон нуқтайи назаридан жуда муҳим учрашув кутиб турибди. Ҳозирда рақиблар 21 тадан очко тўплаб, учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаб туришибди. «Бавария» ва «Байер» ўз ўрнини бермайдигандек туюлса-да, ортда «Лейпциг» ҳам қувиб келаётганини унутмаслик керак. Яъни ҳар қандай ёмон натижа кучли тўртликдан ҳам пастга тушириб юбориши турган гап.
«Штутгарт» Бундеслигада мавсум кашфиётларидан бири бўлди. Ўтган мавсумда аранг лигада қолган жамоа бу сафар жуда кучли бошлади ва ҳатто баъзан турнир жадвалини бошқарди ҳам. Аммо бу муваффақиятларнинг асосий қаҳрамони бўлмиш Серу Гирассининг жароҳати натижаларга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Ҳужумчи Берлиндаги ўйинда жароҳат олиб майдонни тарк этишидан аввал гол уришга муваффақ бўлганди – «Штутгарт» ўша ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди. Аммо кейинги икки учрашувда у қадар кучли бўлмаган рақибларга қарши мағлубиятга учралди. Орада Германия кубоги баҳсида «Унион» устидан минимал ҳисобда ғалаба қозонилди ҳам, аммо берлинликлар умуман мавсум бошидан бери ҳаммага ютқазмоқда.
Хуллас, катта эҳтимол билан бир неча ҳафтага сафдан чиққан Гирасси ушбу муҳим ўйинда ҳам қатнаша олмайди.
Ўз навбатида, «Боруссия» ҳам сўнгги учрашувларда очколар йўқотди, энди жамоа бор имкониятини ишга солиши табиий. Дортмундликлар аввалига Франкфуртда 3:3 ўйнаган бўлишса, кейин «Бавария»дан йирик ҳисобда мағлубият қабул қилиб олди. Аммо ЕЧЛда «Нюкасл» устидан қозонилган ишончли ғалаба Терзич шогирдларига қўшимча кўтаринкилик ва ишонч тақдим этса ажаб эмас. Албатта, танганинг нариги томони ҳам бор – ҳафта ўртасида Чемпионлар Лигасида майдонга тушган жамоа жисмоний тарафдан рақибига нисбатан кучсизроқ бўлиб қолиши мумкин.
Ўтган мавсумда, юқорида айтилганидек, «Штутгарт» аутсайдер бўлиб юрган даврда ҳам жамоаларнинг Штутгартдаги ўзаро ўйини жуда шиддатли ва муросасиз кечганди. Аввалига мезбонлар охирги 15 дақиқадаги камбэк туфайли 0:2 ни дурангга айлантирган, кейин ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда меҳмонлар олдинга чиқиб олган, аммо сўнгги сонияларда барибир мезбонлар мағлубиятдан қутулиб қолган ўйин 3:3 ҳисобида якунига етганди. Албатта, бу сафар ҳам шундай қизиқарли курашнинг гувоҳи бўламиз деган умиддамиз.
Навбатдаги тур арафасида турнир жадвалидаги ҳолат:

БОШҚА УЙИНЛАР
11 ноябр. Райо Валекано – ЖИРОНА (18:00), Лечче – МИЛАН (19:00), БАВАРИЯ – Ҳайденҳайм (19:30), АРСЕНАЛ – Бёрнли (20:00), МЮ – Лутон Таун (20:00) Реймс – ПСЖ (21:00), ЮВЕНТУС – Каляри (22:00), Борнмут – НЮКАСЛ (22:30), РЕАЛ – Валенсия (12 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)
12 ноябр. НАПОЛИ – Эмполи (16:30), ЛИВЕРПУЛ – Брентфорд (19:00), БРАЙТОН – Шеффилд (19:00), Удинезе – АТАЛАНТА (19:00), БАЙЕР – Унион (19:30), БАРСЕЛОНА – Алавес (20:15), ИНТЕР – Фрозиноне (13 ноябрга ўтар кечаси, 00:45), АТЛЕТИКО – Виляреал (13 ноябрга ўтар кеча, 01:00)
Мавзуга оид
10:44 / 26.05.2025
Ҳакамнинг хатоси «Астон Вилла»ни, «Ювентус»нинг пеналтиси «Рома»ни ЕЧЛсиз қолдирди. Кун ўйинлари
09:45 / 25.05.2025
«Бернабеу» Модрич ва Анчелотти билан хайрлашди. «Реал» фанатлари кўз ёшларини тия олмади
20:38 / 22.05.2025
Модрич «Реал»ни тарк этади
11:33 / 19.05.2025