Ўзбекистон | 07:51 / 15.11.2023
5812
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондан Россияга жўнатилган атиргул партиясида карантин остидаги ҳашарот аниқланди

Ўзбекистондан экспорт қилинган 3150 дона атиргул тадбиркорнинг розилиги билан ёқиш йўли орқали йўқ қилинган.

Россияга жўнатилган атиргул партиясида карантин остидаги ҳашарот аниқланди, деб хабар бермоқда Ўсимликлар карантини агентлиги.

Қайд этилишича, Россиянинг Иркутск вилоятига Тошкент вилояти Зангиота туманида етиштирилган 3150 дона атиргул жўнатилган. Дастлабки фитосанитар назорат давомида ўсимлик тамаки оққаноти ҳашароти билан зарарлангани аниқланган. Бу ҳақда тадбиркорлик субъекти огоҳлантирилиб, фитосанитар рухсатнома берилиши рад этилган. 

Экспортёрга тамаки оққаноти зарарли карантин ости ҳашароти ҳисобланиши, қарши кураш чоралари ҳақида кўрсатма ва тавсиялар берилган. Огоҳлантиришга қарамай тадбиркорнинг кафолат хати асосида гуллар партияси экспорт учун юклатилган. Зарарланган ўсимликни мамлакат ҳудудига олиб киришга Росселхознадхор томонидан рухсат этилмаган ва бу ҳақда ташкилот ўзининг расмий манбаларида маълум қилди.

Ўзбекистондан экспорт қилинган 3150 дона атиргул тадбиркорнинг розилиги билан ёқиш йўли орқали йўқ қилинган.

Россиянинг Иркутск вилоятига жўнатилган 3150 дона атиргул билан бир кунда бошқа тадбиркорлик субъекти томонидан 9000 дан ортиқ гул Марказий фитосанитария лабораторияси экспертизаси хулосаси асосида фитосанитар рухсатнома расмийлаштирилиб, экспорт учун юклатилган. Бу партиядаги ўсимлик маҳсулотига эътироз билдирилмаган.

Мавзуга оид