Иқтисодиёт | 10:24 / 17.11.2023
4808
2 дақиқада ўқилади

Давлат кичик ва ўрта бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлайди

Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди.

Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга (КЎБ) кенг жалб қилишнинг қуйидаги устувор йўналишлари белгиланди:

аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ўқитиш орқали уларнинг бизнес ташаббусларини молиявий ва консультатив қўллаб-қувватлаш тизимини йўлга қўйиш ва «оилавий тадбиркор – микробизнес – кичик бизнес – ўрта бизнес» занжири асосида уларнинг фаолиятини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

давлат дастурлари доирасида кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ, «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ ва бошқа ҳамкор тижорат банкларидан иборат яхлит молиявий тизим асосида қўллаб-қувватлаш;

тадбиркорликка ўқитиш, КЎБ лойиҳаларини молиялаштириш ҳамда бизнес жараёнларининг барча босқичларида доимий ҳамроҳлик қилишни «Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази» МЧЖлар ва «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖда ҳамда электрон платформаларда амалга ошириш. 

Ҳужжат билан 2024–2026 йиллар учун «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ ва «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ фаолиятининг асосий мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди. 

«Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ 300 млн АҚШ доллари миқдорида облигация (евробонд)ларни халқаро капитал бозорларида муомалага чиқаради. 

Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилиш бўйича республика комиссияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади. 

«Ягона дарча» тамойили асосида хизмат кўрсатиш учун «Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази» МЧЖлар ва «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖнинг вакиллари ССПнинг ҳудудий бошқармалари биноларига жойлаштирилади. 

Мавзуга оид