Жаҳон | 10:49 / 21.11.2023
6290
4 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазо шимолидаги операция кўламини кенгайтирди

Манбаларга кўра, ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги музокаралар илғор босқичда, ЦАҲАЛ эса Ғазо шимолидаги ҳарбий амалиётини давом эттирмоқда.

Фото: Anas al-Shareef/REUTERS

Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар фонида Ғазо сектори шимолида бошланган қуруқликдаги операцияни кенгайтирди, деб хабар берди 20 ноябр, душанба куни AFP. ҲАМАСнинг тасдиқланмаган маълумотларига кўра, Жабалия қочқинлар турар жойи четидаги Индонезия касалхонаси ҳудудида жанглар натижасида камида 12 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар яраланган.

ЦАҲАЛнинг хабар беришича, исроиллик ҳарбийларга шифохона ҳудудидан ўт очилган. «Бугун тунда Ғазодаги Индонезия касалхонаси биносидан касалхона ташқарисида ҳаракат қилаётган ҳарбийларга қарата ўт очилди. ЦАҲАЛ аскарлари душманнинг ўзига хос ўқ отиш манбасига ўқ узиш билан жавоб қайтарди. Госпитал томон снарядлар отилгани йўқ», - деди Исроил ҳарбийлари. 

Исроил жанговар ҳудудни кенгайтирмоқда

Кеча Исроил армияси ҳарбий амалиётни Ғазо секторининг «қўшимча ҳудудлари»гача кенгайтиришни режалаштираётганини эълон қилди. ЦАҲАЛ Индонезия касалхонаси остида ҲАМАСнинг ерости қўмондонлик маркази мавжудлигига ишонмоқда. ЦАҲАЛ бир кун аввал Ғазодаги энг катта касалхона остидаги ҲАМАС туннеллари тасвирини эълон қилганди.

Исроил армиясининг таъкидлашича, ҲАМАС «ҳужум куни касалхона мажмуасидан инфратузилма сифатида фойдаланган». Хусусан, ўғирланганлардан бири, 19 ёшли Ноа Марчиано касалхонада сақланган ва кейин ўлдирилган, унинг жасади клиникага кираверишда топилган.

Ғазодан 30 дан ортиқ эрта туғилган чақалоқ эвакуация қилинди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг маълум қилишича, Аш-Шифо клиникасидан эвакуация қилинган 28 нафар эрта туғилган чақалоқ Мисрга етиб келди. Бир кун аввал Ғазодан жами 31 бола эвакуация қилинган эди. ЖССТ маълумотларига кўра, Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида яна уч нафар бола даволанмоқда. Исроил армияси чақалоқларни ташишда «ёрдам» берганини айтди.

Гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар давом этмоқда

AFP хабарига кўра, ҲАМАС жангчилари томонидан гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувга эришиш мумкин. Воситачи сифатида ишлаётган Қатар ҳукуматига кўра, музокаралар учун фақат «кичик» тўсиқлар мавжуд, деб ёзади агентлик.

Вашингтон гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишув яқин деб ҳисоблайди, деди АҚШ президенти Жо Байден. Миллий хавфсизлик бўйича президент маслаҳатчиси ўринбосари Жон Файнер аввалроқ келишув «ҳар қачонгидан ҳам яқинроқ» эканини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, гап «бир неча кунлик жангларда узоқ танаффус» эвазига «бир неча ўнлаб» гаровга олинганларни озод қилиш ҳақида кетмоқда. Музокаралар жараёнидаги ўзгариш на ҲАМАС томонидан, на Исроил томонидан тасдиқланмади, дея қайд этади AFP.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 13 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид