Ўзбекистон | 07:45 / 21.11.2023
6557
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда мобил алоқа кучайтиргичларидан ноқонуний фойдаланган дўкон аниқланди

Дўкон масъулига маъмурий иш ҳужжатлари расмийлаштирилиб, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судига юборилган.

Фото: iStock

Жорий йилнинг 16 ноябр куни "Ўзкомназорат" Инспекциясининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими, "ЭМММ" ДУК ҳамда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда пойтахт бўйлаб мониторинг тадбирлари ўтказилди

Унда Шайхонтоҳур тумани, Ғофур Ғулом кўчасида жойлашган дўконда мобил алоқа компаниялари база станцияларининг сифатли ишлашига халақит бераётган мобил кучайтиргич (репитор) қурилмаси аниқланган. 

Ўзбекистон радиочастоталар бўйича республика кенгашининг "Ўзбекистон ҳудудида мобил алоқа тармоқлари сигналларини кучайтириб берувчи ретранслятор қурилмаларидан фойдаланиш тўғрисида"ги қарорига асосан, 500 мВтгача бўлган қувватда восита бошқа радиоэлектрон қурилмаларга радиохалақит бермаслиги ва бошқа радиоэлектрон воситаси аралашувидан ҳимояни талаб қилмаслик шарти билан ишлатишга рухсат этилган. 

Юқоридаги ҳолатда қурилма мобил алоқа компанияларининг сифатли хизмат кўрсатишига халақит бергани сабабли МЧЖга қарашли дўкон масъулига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 152-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий иш ҳужжатлари расмийлаштирилиб, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судига юборилган.

Мавзуга оид