Жаҳон | 20:36 / 22.11.2023
6391
2 дақиқада ўқилади

Зеленский ўзига 5-6 марта суиқасд уюштирилганини айтди

У шунингдек Путинни ўлдириш имконияти туғилса, Украина бундан фойдаланишини айтган.

Фото: The Sun

Украина президенти Володимир Зеленский россияликлар унга қарши 5-6 марта суиқасд уюштирганини маълум қилди. Украина етакчиси бу ҳақда The Sun билан суҳбатда гапирган.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, унга қарши суиқасдларнинг фақат биринчиси ваҳимали бўлган: «Биринчиси қизиқарли бўлган, фақат биринчиси бўлгани учунгина. Кейин эса ковид каби ўтиб кетади. Разведка навбатдаги гуруҳ суиқасд учун Украинага кирганини айтади, бўлди», деган у.

Зеленский унга қарши суиқасдларга Украина томони жавоб бергани ёки бермаганига аниқлик киритмаган. Аммо The Sun Россия ҳукуматига ишлаган кўплаб украиналиклар мамлакат махсус кучлари томонидан машинаси портлатилиб, минали тузоққа туширилиб ёки бошқа йўл билан ўлдириб юборилгани ҳақида ёзган.

The Sun журналисти Зеленскийдан Украина Владимир Путинни ўлдириш имкони бўлса, бундан фойданадими, деб сўраган ва у саволга тасдиқ жавобини берган: «Бу уруш, Украина ўз ерларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга», деган Зеленский.

Кремл Зеленскийнинг бу гапларига муносабат билдирди. «Эсингизда бўлса, улар бир неча марта Путинга суиқасд қилишди, фақат сўзда. Биз буни ҳисобга оламиз, лекин улар буни уддалай олмайди», деган Путиннинг матбуот котиби Песков.

Мавзуга оид