“Қўли узун” одам: Ангрендаги “кўмир мафияси”ни кимлар қўллаяпти?
Энергетикадаги ўғриликларга қарши бошланган кураш Ангренда кўмирни ноқонуний олиб чиқиб, улгуржи сотишни йўлга қўйган тўдага ҳам таъсир қилган кўринади: бир неча юз минглаб долларлар айланадиган “қора бозор”да яхшигина жанжаллар бошланган. Воқеалар марказида олдин ИИВда юқори лавозимда ишлаган шахс тургани, унга нисбатан жиноят иши тергови тўхтаб қолгани айтилмоқда.
Қора кўмирдаги “қора ишлар”
Кейинги пайтларда кўмир ўғриларига қарши катта “ов” бошланди. Аҳолига имтиёзли нархларда сотилиши кўзда тутилган кўмир маҳсулотларини талон-торож қилиш ҳолатлари кунора фош этилмоқда.
Масалан, охирги 10 кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Навоий вилоятларида 1,2 минг тоннадан ортиқ, Тошкент вилоятида 800 тонна, Андижонда 3 минг тонна, Наманган ва Фарғона вилоятларида қарийб 2 минг тонна, Қўрғонтепа ва Пешкў туманларида 2,5 минг тоннадан ортиқ, Шароф Рашидов, Фориш ва Фарғона туманларида қарийб 4 минг тонна аҳолига ажратилган кўмир талон-торож қилингани аниқланган.
Аммо кўмир бозоридаги бу қора ишлар – “чўмичга чиққани” холос. “Қозон бошида” бундан ҳам каттароқ “ўйинлар” бўлмоқда.
Ангрендаги “кўмир мафияси”
Kun.uz'га Ангренда кўмирни кондан ғайриқонуний тарзда олиб чиқиб, фуқаролар ва тадбиркорларга улгуржи сотишни йўлга қўйган шахснинг фирибгарлиги ҳақида мурожаат келиб тушди. Унда айтилишича, бу шахс гўёки Ангрен кўмир кони уларнинг қўлида эканини, кўмир олди-сотдиси фақатгина улар орқали амалга оширилишини, назорат қилиш учун инвесторлар уни шу ерга қўйиб қўйганини айтиб, кўплаб фуқароларнинг катта миқдордаги пулларини ўзлаштирган.
Жумладан, 2022 йилнинг 7 сентябр куни улгуржи нархда кўмир олиб сотишни режа қилган фуқаронинг ишончига кириб, кўмир чиқариб беришни ваъда қилган ҳолда унинг 130 млн сўм пулини ўзлаштирган.
Худди шу каби, кўмир чиқариб беришини айтган ҳолда бир фуқародан 200 млн сўм, бошқа бир фуқародан 50 минг доллар, яна бир фуқародан эса 87 минг доллар миқдоридаги пулларни ўзининг шериги орқали олган.
Пул берганларнинг айримларига муайян миқдорда кўмир чиқариб берилган. Кейинроқ, 2022 йилнинг куз ойларига келиб, кондан кўмир чиқаришнинг имкони бўлмай қолган ва ваъдалар бажарилмаган. Кўмир бўлмагач, пуллари қайтишига умид қилган шахсларга берган пуллари қайтмаган.
Маълум бўлишича, бу “кўмир мафияси” олдиндан шундай тартибда ишлаб келган: улгуржи нархда олиб, чакана нархда сотиш орқали бизнес қилмоқчи бўлганлар тўдага “соққасини” берган ва кондан кўмир чиқартирган, бермагани эса биржа орқали оламан деб хомтама бўлиб юраверган. Бироқ “кўмир мафияси”нинг ўзи “жойдан четлаштирилган”ми, негадир унинг ишлари кейинги пайтда ўхшамай қолган.
Қисман қайтарилган пуллар
Мурожаатчилар тақдим этган маълумотларда айтилишича, жабрланувчилардан бирининг аризасига асосан Ангрен шаҳар ИИБ томонидан 2023 йил 15 август куни тўдада “пул олувчи” вазифасида бўлган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди (кўп миқдордаги фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Иш доирасида тўда аъзоси – “кўмир мафияси”нинг “ўнг қўли” 21 август куни гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган ва процессуал тартибда ушланган, 22 август куни эса унга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланган. Қўлга тушгач, тўда аъзоси бу ишларнинг ортида турган асосий фигурантни фош этган – пулларни у олганини айтган.
Тергов ҳаракатлари давомида тўда кўмир чиқариб беришни ваъда қилган ҳолда бошқа фуқаролардан ҳам катта миқдорда пул олгани аниқлангач, бу ишларнинг бошида турган шахс (у аввал Ички ишлар вазирлигида юқори лавозимда ишлагани айтилмоқда) тергов доирасида 2023 йил 6 октябр куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан гумонланувчи деб топилиб, процессуал тартибда ушланган.
Лекин жабрланувчиларга етказилган зарар – 839 млн сўм миқдоридаги пул тергов органининг депозит ҳисобрақамига қўйилган ва шу тариқа гумонланувчи вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан озод қилинган.
Айни шу каби ҳолат яна бир марта такрорланган: “қўли узун” “кўмир мафияси” бу сафар 400 млн сўмдан ортиқ пулни қайтарган.
Тергов боши берк кўчада
Жабрланувчиларнинг айтишича, фирибгарни Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурадаги танишлари қўлламоқда. Улар терговнинг тўхтатиб қўйилишига ҳам юқоридан бўлаётган босимлар сабаб эканини айтишмоқда.
Жиноят иши Ангрен шаҳар ИИБ томонидан шу йил 15 августда қўзғатилган. Қонун талаби бўйича тергов 3 ой давом этиши, шундан кейин иш ё айблов хулосаси билан судга оширилиши, ёки терговчининг қарори билан ҳаракатдан тугатилиши (тўхтатилиши) лозим.
Аммо шуниси маълумки, айни кунга келиб ҳам на униси, на буниси қилинган эмас. Фуқароларга етказилган ва айни пайтда қопланмай қолган зарар мидори эса катта, демоқда мурожаатчилар.
Kun.uz қонун талабларига риоя қилган ҳолда воқеаларда қатнашаётган шахсларнинг исми-шарифларини очиқламади. Аммо улар ҳақида маълумотлар ва тергов ишининг айрим тафсилотлари таҳририятда мавжуд.
Маълумот ўрнида, 2020 йилда “Ўзбеккўмир” АЖнинг устав капиталидаги 90,08 фоиз давлат улуши Қозоғистон компаниясига ишончли бошқарувга берилган. Икки компания ўртасида тузилган шартномага кўра, Ангрен конида кафолатланган ва барқарор кўмир қазиб олиш ваколати ҳам ишончли бошқарувчида бўлган. “Ўзбеккўмир” АЖ масъули Kun.uz билан суҳбатда шартнома муддати 2023 йил якунига қадар узайтирилганини тасдиқлаганди.
“Ўзбеккўмир” ишончли бошқарувга берилгач, 2020 йилда 184 млрд сўм зарар кўрган. Ягона корпоратив ахборотлар портали маълумотларига кўра, “Ўзбеккўмир” 2023 йилнинг 1-чорагини ҳам 20,3 млрд сўм зарар билан якунлаган.
Мақолада ёдга олинган ҳодисалар ҳам “Ўзбеккўмир” АЖ хориж компаниясига ишончли бошқарувга берилган даврда содир бўлган.
Энергоресурслар тақчиллиги кузатилаётган бугунги кун шароитида, муайян қонуний тартиб таомиллар асосида реализация қилиниши шарт бўлган кўмирнинг бу тарзда “қўл”да сотилиши, боз устига бундай савдо-сотиқлар тепасида аллақандай “Х” шахсларнинг туриши соҳани назорат қилувчи органларни жиддий ўйлантириши керак эмасми?
Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Мавзуга оид
14:36 / 13.11.2024
Имтиёзли нархларда тарқатилиши лозим бўлган кўмирни сотаётган шахслар ушланди
22:25 / 20.10.2024
Фирибгарлар Telegram орқали фотосурат кўринишида вирус юбормоқда
15:12 / 20.10.2024
Ўзини банк ходими деб таништириб, фуқаронинг пулларини ўзлаштирган шахсга жиноят иши қўзғатилди
10:02 / 19.10.2024