Ўзбекистон | 21:33 / 27.11.2023
17320
4 дақиқада ўқилади

Марказий Осиёнинг энг баланд бинолари: Nest One – иккинчи 

Тошкентдаги Nest One осмонўпари Марказий Осиёдаги иккинчи баланд бино бўлди. Биринчи ўринда – Қозоғистондаги бино. 

Тошкент марказида Nest One осмонўпар биноси қурилиши якунланди. Кўп функцияли бино ҳозир Ўзбекистондаги энг баланд турар жой биноси ҳисобланади: баландлиги 267 метр, у 52 қаватдан иборат. Маълумотларга кўра, мажмуа концепцияси «шаҳар ичидаги шаҳар»дир, чунки у барча керакли нарсалар билан жиҳозланган: дўконлар, ресторанлар, болалар майдончалари, қишки боғ, шунингдек, дам олиш ва спорт майдончалари. 

Nest One премиум квартиралар, офислар ва 33 та жамоат жойларини бирлаштирган ягона экотизим сифатида ишлаб чиқилган. Мажмуа биноларининг ҳар бири алоҳида кириш жойига эга, уларнинг барчаси бир-бирига боғланган. Бинода 1029 та хонадон ва 29 та тезюрар лифт мавжуд. 

267 метрли Nest One Марказий Осиёдаги энг баланд бино эмас. Asia-Plus нашри уларни санаб ўтди. Қайд қилиш жоиз, рўйхатга яшаш ва ишлаш учун мўлжалланган бинолар киритилган. Телеминоралар ёки турли монумент ва ёдгорликлар киритилмаган. 

Қозоғистон - «Abu Dhabi Plaza», 311 метр, 75 қават 

Қозоғистон ва бутун Марказий Осиёдаги энг баланд бино Остона шаҳридаги «Abu Dhabi Plaza» кўп функцияли мажмуаси ҳисобланади. 

Бу бош қароргоҳи Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида жойлашган Aldar Properties компанияси лойиҳаси. Бинонинг умумий баландлиги 311 метр бўлиб, 75 қаватдан иборат. 

Nest One сингари, у ҳам қулай ҳаёт учун ҳамма шароитга эга: супермаркетдан спорт мажмуасигача бўлган «шаҳар ичидаги шаҳар» моделига мувофиқ ишлаб чиқилган. 

«Abu Dhabi Plaza» шунингдек, беш юлдузли Sheraton меҳмонхонаси, квартиралар, А тоифали офислар, ресторан ва кафелар жойлашган савдо маркази, дам олиш ва сайр қилиш учун майдончаларни ўз ичига олади. 

Тожикистон - Алоқа хизмати биноси, 123 метр, 30 қават 

Тожикистоннинг энг баланд биноси Алоқа хизмати, «Тожиктелеком» ва «Почтаи тожик» учун мўлжалланган битта 30 қаватли ва иккита 25 қаватли бинолардан иборат. 

Энг баланд бино 30 қаватдан иборат. Унинг баландлиги 123 метр. Ер остидаги 3 та қаватда деярли 400 та машина учун тўхташ жойи мавжуд. 

3 та кўпқаватли биноларни 5 қаватли стилобат бирлаштиради. Унинг 4 та қаватида замонавий савдо мажмуаси бор. 5-қаватда мажмуа ходимлари учун кафе ва ошхоналар ташкил этилган. Стилобатнинг томида дам олиш жойлари бўлган боғ мавжуд. 17-қаватда қишки боғ, 30-қаватда кузатув майдончаси жойлашган. 

Туркманистон - Ýyldyz меҳмонхонаси, 107 метр, 24 қават. 

Ашхобод шаҳридаги Ýyldyz («Юлдуз») беш юлдузли меҳмонхонаси Туркманистондаги энг баланд бино саналади. У 2013 йилда меҳмонлар учун очилган. Меҳмонхонанинг умумий майдони 50 минг кв.м.дан ортиқ. Бинонинг баландлиги 107 метр, 24 қават. Бино юқори даражадаги сейсмик чидамликка эга. 

Меҳмонхонада 155 та хона мавжуд, жумладан, президент хоналари, люкс ва стандарт хоналар. 60 ўринли ресторанларидан бири 18-қаватда жойлашган бўлиб, Ашхобод шаҳрининг панорамик манзарасини тақдим этади. Биринчи қаватда 1000 ўринли зиёфат зали жойлашган. 

Қирғизистон - Bishkek Park Residence, 100 метр, 22 қават 

Бишкек шаҳридаги Bishkek Park Residence қўш бинолари Қирғизистонда энг баланд ҳисобланади – 100 метр. Улар «Bishkek Park» савдо мажмуаси таркибига киради. 

Умуман олганда, у 22 қаватдан иборат бўлиб, 3 таси ертўла, 4 таси савдо ва кўнгилочар марказидан иборат. 

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида у ерда бренд дўконлар, турли кафелар ва супермаркетлар жойлашган.

Мавзуга оид