Жаҳон | 20:33 / 28.11.2023
9263
8 дақиқада ўқилади

Ғазода икки кунга узайтирилган тинчлик, Киевга қайтган «Скиф олтинлари» — Кун дайжести

Бугунги жаҳон янгиликлари дайжестида Ғазо секторидаги тинчлик режимига амал қилиш, Украина фронтидаги вазиятлар, шунингдек ушбу мамлакатга ёпирилиган табиий офат оқибатлари тафсилотларини ҳикоя қиламиз.

Ғазода вақтинчалик оташкесим режими давом этмоқда. Тунда яна асирлар ва маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтди. Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув яна икки кунга узайтирилгани ҳақида хабарлар тарқалди ва можаронинг ҳар икки тарафи буни тасдиқлади.

ҲАМАС ҳаракати тунда 11 нафар гаровда ушлаб турилган исроилликларни озод қилди. Шунингдек, таиландлик яна 6 нафар фуқаро ҳам озод қилинган. Асирлар Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакилларига топширилган.

Исроил бунга жавобан қамоқхоналардан 33 нафар маҳбусларни чиқарган. Уларнинг 3 нафари аёллар, 30 нафари вояга етмаган болалар.

Исроил ҲАМАС билан вақтинчалик оташкесим тўғрисидаги битимга биноан Ғазо ва Миср билан чегарадаги «Рафаҳ» назорат ўтказиш пунктида ёқилғи ва табиий гуз тўлдирилган 8 та цистернани Ғазога ўтказган. Шунингдек, анклавга ичимлик суви, озиқ-овқат, дори-дармонлар ортилган 200 та юк машинаси киритилган. 

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ғазодаги гуманитар паузаларни инсоният учун уруш зулматидаги умид нури ва қадами, деб атади.

Гутерришга кўра бундан «гуманитар паузалар» жуда қийин вазиятга тушиб қолган Ғазо аҳолисига кўпроқ инсонпарварлик ёрдами етказиш имконини беради.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ғазоликлар учун фақат инсонпарварлик ёрдами етарли эмаслигини таъкидлади.

«Эрта ё индин ўлдириладиган инсонларга озиқ-овқат беришдан бемаъни нарса борми? Биз Ғазони бомбалашни тўхтатиб, янги ўлимларнинг олдини олишимиз керак. Инсонпарварлик ёрдами керак, лекин у етарли чора эмас», — деган Жозеп Боррел.

У шунингдек Исроилнинг Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида ноқонуний янги яҳудий манзилгоҳлари қуриш тўғрисидаги режаларини қаттиқ танқид остига олди.

Ҳозирча Ғазода муваққат бўлса-да, тинчлик ҳукм суриб турган экан экан, Исроил томони таҳдид қилишда давом этмоқда. Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант вақтинчалик тинчликка амал қилиш режими тугаганиган сўнг армия ҲАМАСга қарши янада катта куч билан курашга киришади. Унинг сўзларига кўра, операция бутун Ғазо сектори бўйлаб олиб борилади.

Украина фронтига ўтамиз. Украина қўшинларининг ўртача ёши жуда катта, шу сабабли Украина қуролли кучларига ёш аскарлар зарур, деб ёзган Financial Times нашри.

Бунга сабаб уруш окоп ва траншеялардаги кичик-кичик пиёдалар тўқнашуви даражасигача тушган, бу эса аскарлардан яхши жисмоний ҳолат талаб қилади. Украинанинг жанг қилаётган аскаларининг ўртача ёши эса 35-40 ёш атрофида.

Нашрга кўра, Украина Россияга қарши ҳолдан тойдирувчи узоқ жанг олиб боролмайди. Чунки Россияда ҳарбий техника ҳам, аскарлар сони ҳам кўпроқ. Украинага яхши тайёргарлик кўрган ва шуғулланган қўшинлар керак.

Сўнгги олти ҳафта ичида Россия Украинага бостириб кирганидан буён энг катта йўқотишларга дуч келаётгани тахмин қилинмоқда. Бу тахмин Британия разведкасининг янги маълумотларида илгари сурилган. Британиялик мутахассислар Украина қуролли кучлари маълумотларига таянишмоқда ва унга кўра сўнгги бир ярим ой ичида Россия Федерацияси қўшинлари суткасига ўртача 931 аскаридан айрилган. Йўқотишларнинг энг катта қисми Авдийивка шаҳрини штурм қилиш билан боғлиқ.

НАТО давлатларининг етарли ёрдами билан ҳам Украина қўшинлари бир йил давомида фронт чизиғини сура олмаганига барчамиз гувоҳ бўлдик. Бу шунчаки Россияга етарли баҳо бермаслик керак эмас, деган фактни тасдиқлайди, деган НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

Дарвоқе, Столтенбергнинг вориси ҳақида. Нидерландиянинг лавозимини тарк этаётган бош вазири Марк Рютте НАТОнинг кейинги бош котиби лавозимига асосий номзод бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, Нидерландияда ўтган сўнгги парламент сайловларда Герт Вилдерснинг ўта ўнг Озодлик партияси ғолиб чиққан. Вилдерс мигрантлар ва мусулмонларга қаршилиги билан донг таратган Нидерландияни Евроиттифоқдан олиб чиқиш тарафдори. Бироқ бу популистнинг коалиция тузиб, бош вазир лавозимини эгаллашга бўлган уриниши ҳозирча муваффақиятсиз якунланди. 

Украина ва Қора денгиз соҳилларида ҳукм сураётган мураккаб об-ҳаво аянчли оқибатларга олиб келгани маълум бўлди. Украинанинг Одесса областида кучли шамол қор бўрони туфайли 5 киши ҳалок бўлган, 19 киши жабрланган. Мамлакат президенти Володимир Зеленскийга кўра, 17 та областда 1,5 мингдан зиёд аҳоли пунктлари электр таъминотидан узилган.

Россия жануби ва Қрим яриморолида содир бўлган денгиз тўфонининг қурбонлари сони ҳам 4 кишига етган. Сочи ва Новороссийск шаҳарларида яна икки кишининг жасадлари топилган. Юз минглаб аҳоли ҳанузгача электр таъминотисиз қолмоқда.

Қора денгиздаги тўфон туфайли миналар билан боғлиқ хавф-хатарлар даражаси кескин ошган.

Қора денгиздаги тўфон ўнга яқин фуқаролик кемаларига ҳам шикаст етказган, ҳозирча Россия Қора денгиз флоти кемалари зарарлангани ҳақида маълумот йўқ. Россиянинг уруш тарғиботчиси бўлган телеграм каналлари кучли тўлқинлар кўрфазларга, жумладан Севастопол қўлтиғига кириш йўлини тўсиб турган бон тўсиқлари бузилиб кетган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда. Украина қуролли кучларининг пилотсиз бошқариладиган камикадзе катерлари бундан фойдаланиши мумкин. Шунингдек, лангарлар билан маҳкамланган денгиз миналари ҳам бўшалиб кетган бўлиши мумкин. 

«Скиф олтинлари» Украинага қайтарилди. Аллард Пирсон музейи экспонталарни Украина миллий тарих музейига қайтарган.

2014 йилда Киевдаги музей ва Қримдаги тўртта музейдан экспонтлар Нидерландиядаги «Қрим: Қора денгизнинг зарлари ва сирлари» кўргазмасига олиб кетилган эди. Россия яриморолни аннексия қилгач, умумий нархи 10 млн доллар бўлган 565 дона музей осори-атиқаларини қайси давлатга қайтариш масаласи кўндаланг бўлади. 2023 йилнинг июнида Нидерландия Олий суди Амстердам аппеляция судининг коллекцияни Украинага қайтариш тўғрисидаги қарорини ўз кучида қолдирган эди. 

Энди муҳим қисқа хабарлар.

Украинанинг Закарпаття областида лўлилар баронини сайлаш жараёнида катта жанжал келиб чиққан. Жанжал асносида бир киши бошига белкуракдан зарба еб ўлган.

АҚШдан бошпана сўраётган росссияликлар сони ортиб бормоқда. 2022-йилнинг сентябридан (Россияда ҳарбий сафарбарлик бошлангач) 2023-йилнинг сентябригача 57 минг россиялик АҚШдан бошпана сўраш учун ариза берган, деб хабар беради АҚШ чегара бошқармаси. Бу аввалги йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробар кўп.

Украина президенти Володимир Зеленский Politico нашри версиясига кўра 2023 йилда Европанинг энг нуфузли инсони, деб топилди. Қизиғи, ўтган 2022 йилда ҳам нашр Зеленскийни Европанинг энг нуфузли инсони деб эълон қилган эди.

Путин «Роснефт» ва бошқа ўнлаб давлат компанияларига ўзлари ҳақидаги информацияларни махфийлаштиришга рухсат берди. Давлат иштирокидаги 40 дан зиёд Россия компаниялари ғарб санкцияларига дучор бўлмаслик учун РФ президенти фармони билан ўз фаолияти тўғрисидаги информацияларни махфийлаштириш ҳуқуқига эга бўлишди.

Мавзуга оид