Ўзбекистон | 08:17 / 29.11.2023
11047
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Тартибга солиш қумдони»ни жорий этиш тартиби белгиланди

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Фото: Kun.uz

Ҳужжат билан «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланмоқда.

Маълумот учун: «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режим  юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларининг замонавий технологияларга асосланган янги маҳсулот ва хизматларни ёки бошқа интеллектуал фаолият натижаларини назорат қилинадиган чекланган муҳитда синовдан ўтказиш бўйича фаолиятини махсус тартибга солишни назарда тутади.

Ваколатли органлар:

Рақамлаштириш вазирлиги;
Транспорт вазирлиги;
Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;
Қурилиш ва ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги. 

Янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим доирасида реализация қилиш бўйича қарор қабул қилинганда, улар учун лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар махсус ҳуқуқий режимни қўллаш тўғрисидаги келишувда кўрсатилган муддатда талаб этилмайди.

Режим қуйидаги талаблар асосида жорий этилади:

лойиҳанинг янгилиги, замонавий технологияларга асосланганлиги ҳамда амалдаги маҳсулот, хизмат ва ишларга нисбатан такомиллаштирилганлиги;
лойиҳани амалга оширишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мавжуд эмаслиги ёки қонунчилик ҳужжатларида лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ тақиқлар мавжудлиги;
махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилишда техник имкониятларнинг мавжудлиги;
махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш шахснинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига, шунингдек, давлат мудофааси ва хавфсизлигига зарар етказиш хавфи баҳолаганлиги ва бундай хавф-хатарларни юзага келтирмаслиги ёки уларни камайтириш чоралари кўрилганлиги. 

Махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ёки ишларни синовдан ўтказиш бўйича сўровнома ЯИДХП орқали қабул қилинади. 

Сўровномани кўриб чиқиш муддати – 30 кун, ушбу муддат ичида ваколатли орган жойига чиққан ҳолда ўрганиш ўтказади. Ўрганиш давомида лойиҳанинг тақдимоти бўлиб ўтади, унинг доирасида видеоёзув амалга оширилиши мумкин. Ижобий қарор қабул қилинганда тадбиркорлик субъекти билан шартнома тузилади. 

Махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш муддати узоғи билан 3 йил этиб белгиланади. Реализация назорат қилинадиган чекланган муҳитда амалга оширилади.

Мавзуга оид