Украина разведка бошлиғининг рафиқаси заҳарланди. Бу ҳақда нималар маълум?
Украина мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси (ГУР) мазкур хизмат бошлиғи Кирилл Будановнинг турмуш ўртоғи заҳарлангани ҳақида тарқалган хабарларни тасдиқлади.
Бошқарма вакили Ондрий Юсов BBC Украина хизматига Марианна Буданова оғир металлаар билан заҳарлангани ва ҳозирда сўнгги даволаниш курсидан ўтаётгани ҳақида маълум қилган.
Юсов шунингдек бошқарманинг бир қанча ходимларида енгил заҳарланиш аломатлари борлигини айтган, аммо уларнинг сонига аниқлик киритмаган.
«Будановнинг рафиқаси баланд бўйли бўлмагани ва вазни енгил экани туфайли унда заҳарланиш тезроқ намоён бўлди. Ва яна бир неча ходимларда заҳарланиш тасдиқланди, аммо улар йирик гавдали ва аввалига ҳеч нарса сезилмаган, аммо энди улар ҳам даволанмоқда», — деган вазиятдан хабардор манба.
Марианна Буданованинг ҳолати разведкачиларникидан оғирроқ экани ва у ҳозирда шифохонада қолаётгани маълум қилинган.
Украинадаги «Бабел» нашри маълумотига кўра, унинг даволаниш курси якунланмоқда. «Қолгани — шифокорлар назоратида», — деган нашрга бошқармадаги манба, у Марианна оғир металлардан заҳарланишда гумонланиб даволанаётганини тасдиқлаган.
Аноним манбалар ОАВга маълум қилишича, заҳар, катта эҳтимол билан Буданованинг овқатига қўшилган.
«Бу моддалардан ҳеч қанақасига кундалик ҳаётда ёки ҳарбий ишларда фойдаланилмайди. Уларнинг мавжудлиги аниқ бир шахсни қасддан заҳарлашга уринишдан далолат бериши мумкин», — дея қайд этган разведка бошқармаси вакили «Бабел»га берган изоҳида.
«РБК-Украина» нашри ҳам Кирилл Будановнинг рафиқаси шифохонага ётқизилгани ва унга оғир металлардан шикастланиш ташхиси қўйилгани ҳақида ёзган. Ушбу нашр қўшимча қилишича, бу «бир марталик заҳарланиш» ёки «маълум вақт мобайнида оз-оздан заҳарлаб бориш» экани номаълум.
Юсов BBC учун интервюсида тафсилотлар ҳафта охиригача маълум қилинишига ваъда берган.
Нишонда Кирилл Буданов бўлганми?
Заҳарловчилар нишони ким бўлгани — ГУР ходимлари, Будановнинг рафиқаси ёки разведка бошлиғининг ўзи — буниси номаълум.
BBC Украина хизматининг мамлакат ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси ҳозирча жиноий иш қўзғатилмагани, аммо расмий текширув яқин вақтлар ичида бошланиши истисно этилмаслигини билдирган.
Washington Post газетаси Будановнинг атрофидагиларга таяниб хабар беришича, у камида 10 марта суиқасдни бошдан кечирган.
2019 йилда унинг машинасига бомба ўрнатилган, аммо у муддатидан олдин портлаб кетган.
Америка нашрларидан бирига интервюсида Буданов мазкур «ўлим белгиси» уни жуда эҳтиёткор бўлишга ундагани, аммо у ҳали ҳам ўта хавфли амалиётлар учун жавобгар эканини айтган.
Буданов амалда офисида яшаши ва одамлар орасига жуда кам киришини қўшимча қилган.
«Унинг кабинетида кун-у тун классик мусиқа янграб туради — эҳтимол, бу ичкарида нима гаплар бўлаётгани тингланишининг олдини олишдан ҳимоядир», — дея тахмин қилган Америка нашри.
Марианн Буданова ҳам 2022 йил октябрида Elle нашрига берган интервюсида турмуш ўртоғига қилинган суиқасдлардан бири ҳақида айтиб берганди.
«Кирилл Алексеевич мендан бир девор наридаги йиғилишда эди, мен эса хоналардан бирига кириб, ҳужжатларни ўқиб ўтирдим. Оёқ кийимимни ечдим ва дераза рўпарасидаги диванга чўзилдим. Ва бир неча дақиқа ўтиб ҳеч нарса билан адаштириб бўлмайдиган овозни эшитдим — ракета учиб келиши товушини», — дея ҳикоя қилганди аёл.
«Мен шу вақтда эшик томон югурдим, Кирилл Алексеевич эса мен томонга чопиб келди. Шу куни биз сафдошларимиздан бирини йўқотдик».
Марианна Буданова разведка бошқармасида ишламайди, аммо кенг кўламли уруш бошланганидан буён эри билан унинг кабинетида яшаб келмоқда.
2021 йил июнидан Буданова Киев мэри Виталий Кличконинг маслаҳатчиси ҳисобланади.
Буданов War Zone учун интервюсида Буданова — «миллий полиция академияси профессори» ва «юридик психологиядан дарс бериши»ни айтганди.
Мавзуга оид
11:31
AFP: Украина Курск областидан қўшинларини олиб чиқиш ниятида эмас
07:54
Украина Жаҳон банкидан деярли 5 млрд доллар олади
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024