Ўзбекистон | 20:56 / 01.12.2023
14553
3 дақиқада ўқилади

“Док-1 Макс” иши. Яна бир гумондор қамоққа олинди

Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбари Улуғбек Эгамов, агентлик раҳбарининг собиқ ёрдамчиси Улуғбек Темиров ва фармацевтика соҳасида ишлаб келаётган, судга гувоҳ сифатида чақирилган Фаррух Толипов устидан жиноят иши очиш ҳақидаги илтимосни суд қаноатлантирди. Улар орасидан Толипов бир неча кун олдин қамоққа олинган.

Бугун, 1 декабр куни Тошкент шаҳар судида ўнлаб болаларнинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” препарати билан боғлиқ жиноят иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.

22 ноябрдаги суд мажлисида судланувчи, Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбари С.Кариевнинг адвокатларидан бир жиноят иши бўйича гувоҳликка чақирилган уч кишига нисбатан жиноят иши очишни сўраган эди. 1 декабрдаги суд мажлисида бу илтимосномани давлат айбловчиси ва деярли барча адвокатлар қўллаб-қувватлади. Шунга кўра, судя ҳам илтимосномани қаноатлантирди.

Устидан жиноят иши очилган шахслар – Фармацевтика агентлиги директорининг собиқ биринчи ўринбосари, С.Кариевдан кейин бир муддат агентлик директори лавозимида ишлаган Улуғбек Эгамов, Фармацевтика агентлиги раҳбарининг собиқ ёрдамчиси Улуғбек Темиров ва судга гувоҳ сифатида чақирилган Фаррух Толиповдир.

Улар орасидан Фаррух Толиповга нисбатан жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг 23 ноябр кунги ажрими билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Толиповга Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 3-қисми “а” банди (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш) билан айблов эълон қилинган ва тергов кетмоқда. Адвокат томонидан келтирилган илтимосномада тилга олинган ҳолатлар айбловда мавжуд, дея маълум қилди судя Мусо Юсупов.

Мусо Юсупов, шунингдек, адвокатларнинг илтимосномаси бўйича ажрим эълон қилди.

“Адвокат Раҳматовнинг илтимосномаси қаноатлантирилсин. Ҳиндистонлик судланувчи С.Р.П ва бошқаларга жиноят иши юзасидан айбловни тўлдириш ва бошқа шахсларни айбланувчи сифатида иштирок этишга жалб қилиш, ноаниқликларни бартараф этиш учун қўшимча процессуал ҳаракатлар амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 416- ва 417-моддалари тартибида ажрим чиқарилсин. Ажрим ижро этилиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси орқали тегишли тергов органига юборилсин. Ижро 1 ой этиб белгилансин ва шу муддат ишни юриши тўхтатилсин. Ажрим 1 ой муддатда тегишли материаллар билан биргаликда тегишли органга юборилган кундан бошлаб ижро муддати ҳисоблансин. Судланувчиларга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чоралари аслича қолдирилсин”, – дея ажримни ўқиб эшиттирди судя.

Шу тариқа жиноят ишини кўриш 1 ойлик муддатга тўхтатилди.

Эслатиб ўтамиз, 11 августда бошланган суд жараёнида 21 киши судланувчи мақомида эди. Улардан 7 нафарига қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Мавзуга оид