Жамият | 15:40 / 01.12.2023
32857
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги боғчалардан бирида болага тан жароҳати етказилди

Кузатув камерасида тарбиячи уни бир қўлидан кўтариб кетаётгани акс этган. Бола шифокор кўригига олиб борилганида суяк синиши ташхиси қўйилган ва боланинг қўли гипсланган.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳрида яшовчи аёл Instagram саҳифасида хусусий болалар боғчаси тарбияланувчиси унинг каравотда ўтирган ўғлини бир қўлидан кўтариб, бошқасига олиб кетгани акс этган видеони эълон қилди.

Жабрланган боланинг онасига кўра, воқеа 17 ноябр куни рўй берган. Ўша куни тонгда у ўғлини боғчага олиб борган, тушдан кейин эса боғча директори бола йиғлаётганини айтган. Болани бобоси олиб кетган, кечга яқин эса бола юрганда чап қўли оғриётганини билиб қолишган.

«Педиатрдан 16-шаҳар шифохонасидаги травматолог-ортопедга мурожаат қилиш учун йўлланма олдик. Травматолог Хурсанд 5 сонияда синиш борлигини тушунди ва рентгенга жўнатди. Рентген буни тасдиқлади», — деган боланинг онаси ва шифокор хулосаси фотосуратини илова қилган. Боланинг қўли гипс қилинган.

Шундан кейин аёл боғчадаги кузатув камераси тасвирларини сўраган, чунки муассаса маъмурияти ҳодисанинг асл сабабини айтишдан бош тортган.

30 ноябр куни аёл болалар омбудсмани Сурайё Раҳмоновага мурожаат қилиб, ўзининг 2021 йилда туғилган ўғли Л.А.га у тарбияланаётган мактабгача таълим муассасаси ходимининг қўпол ҳаракати оқибатида жиддий тан жароҳати етказилганини билдирган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид