Ўзбекистон | 11:24 / 03.12.2023
22580
13 дақиқада ўқилади

Ҳажга онлайн навбат, жарима баллари ва таҳликали модда — ҳафта дайжести

Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.

Абдулла Қодирий орадан 97 йил ўтиб оқланди

Ўзбекистонда СССР даврида ноҳақ айбланган ватандошларни оқлаш бўйича ҳуқуқий жараёнлар давом этяпти. 1 декабр куни атоқли ёзувчи Абдулла Қодирий ҳукуматни обрўсизлантиришда айбланганидан салкам 100 йил ўтиб, оқланди.

Иш ҳужжатларига кўра, Абдулла Қодирий “Муштум” журналида эълон қилган “Йиғинди гаплар” сарлавҳали мақоласи учун 1926 йилда Ўзбекистон ССР Олий суди томонидан “контрреволюцион характерга эга адабиётларни тарқатиш” моддаси билан айбдор деб топилиб, 2 йилга озодликдан маҳрум этилган. Адибни тийиб туриш ва огоҳлантириб қўйиш учун чиқарилган бу ҳукм бир кун ўтиб ижродан тўхтатилган.

Орадан 97 йил ўтиб, Ўзбекистон Олий суди Абдулла Қодирийнинг набираси томонидан берилган апелляция шикоятини кўриб чиқиб, 1926 йилги ҳукмни бекор қилди ва Абдулла Қодирийни тўлиқ оқлади. Суд қарори билан, ёзувчи ўшанда терговда ноҳақ ушлаб турилгани ҳам расман эътироф этилди.

Маълумот учун, гарчи Абдулла Қодирий 1926 йилда ҳукуматни обрўсизлантиришда айбланиб, уни қамаш ҳақидаги ҳукм ижроси тўхтатилган бўлса ҳам, забардаст ёзувчи 1938 йилда қатағон қилиниб, отиб ташланган. Қодирий бу жинояткорона ҳукм бўйича Сталиннинг ўлимидан кейин, 1957 йилда оқланган.

Очиқлик сиёсати йўлида жиддий тўсиқ

“Обрўсизлантириш” сўзи ҳафтанинг бош мавзуларидан бирига ҳам бевосита алоқадор. 28 ноябр куни Қонунчилик палатаси ўта баҳсли моддани ҳам ўз ичига олган қонун лойиҳасини ими-жимида, бирданига учта ўқишда қабул қилиб юборди. Ички ишлар вазирлиги киритган бу моддага асосан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг тасвирларини уларни “обрўсизлантириш мақсадида” тарқатганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланяпти.

Жавобгарлик даражаси анча юқори: базавий ҳисоблаш миқдорининг нақ 50 баравари, яъни 17 млн сўм маъмурий жарима ёки 15 суткагача қамоқ. 94 нафар депутат модданинг қабул қилинишини ёқлаб овоз берган бўлса, фақат икки киши қарши чиқди. Бу моддага бутунлай қаршилигини очиқ билдирган ягона депутат Дониёр Ғаниев қонун очиқлик сиёсатига зидлигини айтиб, бу эртага айрим орган ходимларининг мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишига сабаб бўлишидан огоҳлантирди.

Аслини олганда, ҳар қандай шахсни обрўсизлантириш бўйича кодексларда ҳозир ҳам тегишли жавобгарлик бор. Айнан орган ходимлари учун алоҳида модда белгилаб қўйилишига бирор асос йўқ. Шуниси аниқки, агар қонун Сенатда маъқулланиб, президент томонидан имзоланса, ҳуқуқ органлари, айниқса ички ишлар органларининг очиқлиги ва улар устидан жамоатчилик назоратига жуда катта зарба берилган бўлади.

Фаоллар бу қонун қабул қилинишининг шу ва бошқа хавфли оқибатлари ҳақида бонг уряпти. Лекин очиқ муҳокамага қўшилаётган расмийлар саноқли. Фақат “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов қонунга қаршилигини билдириб, қонундаги камчиликларни очиқ санаб ўтди. Айни пайтда уйғоқ жамоатчилик лойиҳани Сенат қайтаришидан умид қиляпти.

Ҳайдовчиларга жарима баллари кун тартибига қайтди

Орган ходимларининг “обрўсини сақлаш”га қаратилган модданинг мантиқсизликларидан бири – бу модда ўзи ичида жойлашган қонуннинг мазмуни ва мақсадига умуман ёпишмайди. Қонунчилик палатаси сешанба куни қабул қилган қонун аслида йўл ҳаракати соҳасини қўшимча тартибга солишга қаратилган. Ички ишлар вазирлиги эса ўз ходимларининг интернетда шармандали видеолари тарқалишига қарши моддани ҳужжатга қўшиб кетган.

Шу моддани ҳисобга олмаса, бу қонун жамоатчилик узоқ кутган айрим ўзгаришларга йўл очади. Улардан асосийси – ҳайдовчилар учун жарима баллари. Бу мавзу ниҳоят яна кун тартибига қайтди. Яъни Ўзбекистонда йўл қоидаларини хоҳлаганча бузиб, бунинг учун тўлаган жарималарини коллекция қилиб, мақтаниб, ялло қилиб юрадиган ашаддий қоидабузарларни тийиши мумкин бўлган тизим ниҳоят ишга тушиши мумкин.

Бу қонун қабул қилиниб, кучга кирса, ҳайдовчиларга ҳар бир қоидабузарлиги учун жарима балли ҳисоблаб борилади. Агар ҳайдовчининг 1 йил ичида тўпланган жарима баллари 12 баллдан ошиб кетса, у муайян муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилади. Бу муддат ўтганидан кейин гувоҳномасини қайтариб олмоқчи бўлган ҳайдовчи имтиҳон топшириши керак бўлади.

Баллар биринчи қоидабузарлик қайд этилганидан бошлаб ҳисобланади ва 8 балга етганида ҳайдовчига огоҳлантирувчи SMS жўнатилади. Таклиф этилаётган баллар анчагина юмшоқ. Светофорнинг қизил чироғидан ўтиб кетиш 2 балл, қувиб ўтиш қоидаларини бузиш 1,5 балл, тезликни ошириш 0,5 баллдан 2 баллгача, ноқонуний тонировка эса 1 ёки 2 балллик жаримага сабаб бўлиши таклиф этиляпти. Баллар миқдорини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди ва улар ҳали ўзгариши мумкин.

Бундан ташқари, гувоҳномаси олиб қўйилган шахс агар маъмурий жазо қўлланганидан кейин ҳам яна такроран рулга ўтирса, энди жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланмоқда. Қолаверса, автомобилни маст ҳолда бошқариш ва текширувдан ўтишдан бўйин товлаш учун ҳам жазо кучайтирилиб, жиноий жавобгарликкача бўлган санкциялар кўзда тутиляпти.

Эслатиб ўтамиз, ривожланган хорижий давлатларда жарима баллари ҳайдовчига ҳар томонлама таъсир ўтказади. Масалан, тез-тез қоида бузадиган ва жарима баллари кўп бўлган ҳайдовчилар арзон суғуртани орзу ҳам қила олмайди. Худди шундай, интизомли ҳайдовчилар имтиёзли нархлардаги суғурта ва автомобил билан боғлиқ бошқа тўловларда имтиёз олиши мумкин.

Коррупцияга қарши янги чоралар

Президент Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши курашиш учун кейинги 1 йилда нималар қилиниши ҳақидаги қарорни имзолади. Унга кўра, 1 декабрдан эътиборан, ниҳоят, Ҳажга навбатда турганларнинг ягона онлайн навбати ишга тушиши керак. Бу чора муқаддас зиёратга боришдаги коррупцияни чеклашидан умид қилиняпти. Ягона онлайн навбат Мусулмонлар идорасининг расмий сайтида эълон қилиб турилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, қарорга асосан, болаларни давлат боғчаларига қабул қилиш бўйича навбатлар, давлат ташкилотларидаги бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар, давлат ташкилотлари томонидан нодавлат-нотижорат ташкилотларига берилган грантлар ва буюртмалар ҳам очиқ эълон қилиниши шарт бўлган маълумотлар рўйхатига қўшиляпти.

Шунингдек, PhD ва DSc илмий даражаларини олиш бўйича диссертация ҳимоялари онлайн эфирга узатилиши талаби қўйилди. Эндиликда президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослаштирилган мактаблар, ўрта махсус ва профессионал таълим масканлари, Темурбеклар мактабига кириш синовлари ва олийгоҳлардаги ҳарбий кафедраларга қабул имтиҳонлари ҳам интернетда тўғридан тўғри эфирга узатилиши керак.

Қарор билан, бюджетдан ташқари жамғармалар устидан жамоатчилик назорат ўрнатилиши, давлат харидларидаги инсофсиз ижрочилар реестри тузилиши, Аксилкоррупция агентлигига янги ваколатлар берилиши ва бошқа ўзгаришлар ҳам кутилмоқда.

Банк карталаридаги пуллар ҳимояси кучайтирилади

Норасмий манбаларга кўра, Ўзбекистонда 2023 йилда фуқароларнинг карталаридан 300 млрд сўм атрофидаги пуллар турли йўллар билан ўмарилган. Бундай ҳолатлар кўпайиб кетгани ортидан бу борада давлат томонидан қўшимча чоралар белгиланди.

Шу ҳафта имзоланган президент қарорига асосан, банклар ва тўлов тизимларининг мобил иловаларида янги рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларнинг пул ўтказиш имконияти 1 соатгача чекланиши мумкин. Бошқача айтганда, агар фирибгар махфий кодни қўлга киритиб, бировнинг картасини қайсидир иловага улашга муваффақ бўлса, у 1 соатгача вақт ичида картадаги пулларни бошқа картага ўтказа олмайди. Бу вақтда карта эгасига унинг профилига кирилгани ҳақида дарҳол SMS-хабар юборилади.

Шу билан бирга, кетма-кет учта ёки ундан ортиқ пул ўтказмалари амалга оширилганида, банклар буни автоматик тартибда назоратга олиши керак бўлади. Шунингдек, жисмоний шахслар ўртасида катта миқдордаги пул ўтказмаларини амалга ошириш учун қўшимча идентификациядан ўтиш талаби қўйилиши мумкин. Яъни кимгадир муайян миқдордан ошган суммада пул ўтказмоқчи бўлсангиз, SMS'даги кодни киритишдан ташқари, Face-ID ёки бошқа қўшимча идентификация воситасидан ўтиш талаб этилиши мумкин.

Қарорга асосан, Марказий банк тижорат банкларида фирибгарликка қарши тизимлар жорий этилиши устидан назоратни кучайтиради. SIM-карта, мобил қурилманинг IMEI-коди ва интернет тармоғи (роуминг) орқали идентификация имкониятлари ҳам татбиқ этилиши кутиляпти. Марказий банкка шубҳали операциялар вақтида банк карталари ва ҳисобварақларни блоклаш ваколати берилди.

Юқоридаги чоралар билан бирга, банк карталарини улаш мумкин бўлган иловаларнинг эгаларига нисбатан талаблар ҳам кучайтирилади. 2024 йил 1 июлдан бошлаб, Uzcard ва Humo каби тўлов тизими операторлари ҳамда Payme, Click каби тўлов ташкилотлари фақат акциядорлик жамияти шаклида фаолият юритиши мумкин бўлади. Уларнинг устав капитали мос равишда 50 млрд ва 20 млрд сўмдан кам бўлмаслиги бўйича талаб киритилади. Ҳужжат билан, Humo тўлов тизимидаги давлат улуши Марказий банкдан Давлат активларини бошқариш агентлиги балансига ўтказилди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Президент Шавкат Мирзиёев Дубайда бошланган глобал иқлим саммитида иштирок этди. У ўз нутқида Катта йигирматалик давлатларига мурожаат қилиб, яшил энергетикага ўтишда ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини инобатга олишга чақирди. Ташриф давомида президент хорижлик сиёсатчилар билан учрашувлар ҳам ўтказди. Ташқи сиёсатда, шунингдек, Ўзбекистон БМТнинг 28 ноябр куни қабул қилинган резолюциясини ёқлаб овоз берди. Резолюцияда Исроилдан босиб олинган Жўлан тепаликларини бўшатиш ва 1967 йилги чегараларга қайтиш талаб қилинган.

Сирдарёда қурилаётган йирик иссиқлик электр станциясининг 1-блоки ишга туширилди. Маълум қилинишича, Саудиянинг ACWA Power компанияси қураётган 1500 мегаваттли станция 2024 йил 1-чорагида тўлиқ ишга туширилади ва 3 миллиондан ортиқ хонадоннинг электр энергияси истеъмолини қоплашга етадиган даражада энергия ишлаб чиқара бошлайди. Айни пайтда, ACWA Power билан биргаликда Чирчиқда илк марта яшил водород ишлаб чиқариш ва ундан ўғит олиш лойиҳасини амалга оширишга старт берилди.

Тошкент марказидаги Иқтисодиёт университети ва Молия институти шаҳар чеккароғига – Сергели туманига кўчирилиши мумкин. Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати бу масала кўриб чиқилаётгани, тегишли ҳужжат лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилганини тасдиқлади. Бу ташаббус муаллифи кимлиги ва олийгоҳларнинг бўшаган бинолари ўрнида нима пайдо бўлиши маълум эмас.

“Ҳумо” аренасидаги тартибсизликдан кейин Тошкентда жиноят оламига қарши тадбирлар бошланди. 25 ноябр куни Jah Khalib'нинг концертига киришда қалбаки чипталар сабаб катта тиқилинч юзага келган, айрим шахслар бу жараёнда Миллий гвардия ходимларига фаол қаршилик кўрсатган эди. Расмийлар бу воқеада пичоқбозлик ва ўлим рўй берганини рад этди, бироқ бир қатор рейдлар ўтказилиб, жиноят оламининг ўнлаб вакиллари ҳибсга олинди. Бу воқеалар фонида Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси бошлиғи ҳам ўзгарди.

Блогер Олимжон Ҳайдаров нақ 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. 1 декабр куни Фарғона туман суди уни туҳмат, ҳақорат ва товламачилик моддалари билан айбдор деб топди. Ҳукмга кўра, Мажбурий ижро бюроси Олимжон Ҳайдаровнинг ижтимоий тармоқлардаги барча канал, саҳифа ва гуруҳлари ўчирилиши ёки блокланишини таъминлаши керак. Блогернинг ўзи айбловларни тўлиқ рад этмоқда. Унинг яқинлари ҳукм устидан апелляция шикояти берилишини айтган.

UzAuto Motors оммабоп моделлар учун шартнома беришнинг тўлиқ онлайн шаклига ўтишини эълон қилди. Маълум қилинишича, шартнома бериш очилган вақтда илованинг қотиб қолмасдан ишлашини таъминлаш учун техник ишлар олиб бориляпти. Афтидан, компания шу орқали ҳар сафар контрактация очилганида автосалонларда рўй бераётган ажиотажларга барҳам бермоқчи. Айни пайтда, Cobalt'нинг нархи 3 фоизга ошгани айтилмоқда. Шу тариқа, энг оммабоп модел охирги 1 йилда 19 фоизга қимматлашди. Компания хабарига кўра, Cobalt ва Damas учун шартнома декабр ойининг иккинчи ярмида очилади.

Мавзуга оид