TIME журнали Путинни «2023 йил одами» бўлишга номзодлар рўйхатига киритди
Анъанага кўра, TIME яхши ёки ёмон бўлишидан қатъи назар йил давомида сарлавҳаларни шакллантирган шахслар, концепциялар ёки гуруҳларни номзодлар рўйхатига киритади.
Американинг ҳафталик TIME журнали «2023 йил одами»ни эълон қилишга ҳозирлик кўрмоқда. Нашр ҳар йили ўтган 12 ой ичида дунёга энг катта таъсир кўрсатган шахс, гуруҳ ёки концепцияни танлайди.
1927 йилдан бошланган анъанага кўра, TIME яхши ёки ёмон бўлишидан қатъи назар йил давомида сарлавҳаларни шакллантирган шахслар, концепциялар ёки гуруҳларни номзодлар рўйхатига киритади. Турли йилларда рўйхатга АҚШ президенти Жо Байден ва вице-президент Камала Харрис, кенжа Мартин Лютер Кинг, Германия канцлери Ангела Меркел, Рим папаси Франциск ва экология фаоли Грета Тунберг киритилган.
2022 йилда TIME Украина президенти Володимир Зеленский ва «Украина руҳи»ни «Йил одами» деб эълон қилган эди.
«2023 йил одами» 6 декабр куни эълон қилинади.
Бу йилги номзодлар 9 нафар бўлиб, улар орасида Россия президенти Владимир Путин ҳам бор.
TIME журналининг қайд қилишича, 1999 йилдан бери Россияда ҳокимият тепасида бўлган Владимир Путин Украинада уруш олиб боришда давом этмоқда, бу эса кенг кўламли босқиндан кейин иккинчи йилдир. 2023 йилда «Вагнер» қўзғолони пайтида Путин ўз ҳокимиятига қисқа таҳдид билан дуч келди, аммо охир-оқибат Беларус президенти Александр Лукашенко воситачилигида келишувга эришгач, бир гуруҳ ёлланма аскарлар чекинди. Бу эса унинг таъсирини кучайтирди. («Вагнер» гуруҳи раҳбари Евгений Пригожин кейинчалик авиаҳалокатда вафот этди). TIME журнали Путинни 2007 йилда «Йил одами» деб топган. Шунингдек, бир неча бор даъвогарлар рўйхатига киритган, жумладан 2022 йилда ҳам.
Бошқа номзодлар қуйидагилар:
- «Ҳолливуд ҳужумчилари» - йил бўйи иш ташлаган Ҳолливуд ёзувчилари ва актёрлари. Уларнинг норозилик тадбири оқибатида янги ва давом этаётган шоу ва фильмларни ишлаб чиқариш тўхтаб қолди - бу шоу-бизнес соҳасида камдан-кам учрайдиган воқеа;
- Си Жинпинг – Хитой раҳбари 2023 йилда ўзининг мисли кўрилмаган учинчи муддатига сайланди ва Хитойнинг энг қудратли замонавий етакчиларидан бири сифатидаги ролини мустаҳкамлади. Си Жинпинг дунёнинг 100 нафар энг нуфузли шахсларини эътироф этадиган TIME100 рўйхатига 10 мартадан кўпроқ киритилган. У, шунингдек, TIME нашрининг «2017 йил одами» танловида иккинчи бўлган;
- Тейлор Свифт - «Грэмми» мукофотига сазовор бўлган қўшиқчи аёл жуда муҳим йилни ўтказди: ўз албомларини қайта чиқариб, рекорд даражада даромад олди. Шунингдек, тарихдаги энг муваффақиятли филм-концертни тақдим қилди. У 2017 йилда жинсий зўравонликка қарши чиққан Silence Breakers гуруҳи билан бирга «Йил одами» бўлган эди;
- Сэм Алтман — нқилобий ChatGPT асосчиси бўлган OpenAI компанияси бош директори лавозимини тарк этиб, мисли кўрилмаган шов-шувни кўтарди ва яна ушбу лавозимга қайтди. У илгари TIME100 AI рўйхатига, шунингдек, 2023 йилги TIME100 рўйхатига киритилганди;
- Трампга қарши прокурорлар - Доналд Трамп АҚШ тарихида айблов эълон қилинган биринчи президент бўлди. У 90 дан ортиқ айбловларни ўз ичига олган тўртта алоҳида жиноят иши бўйича айбланмоқда. Флорида, Жоржия, Ню-Йорк ва Вашингтон прокурорлари сайловга аралашиш, махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаш ва бизнес ёзувларини сохталаштириш учун унга нисбатан жиноий иш қўзғатди;
- «Барби» - мухлислар, айниқса, аёллар ва қизлар Марго Робби ва Райан Гослинг иштирокидаги йилнинг энг кутилган филми бўлган «Барби»ни томоша қилиш учун кинотеатрларга тўпланишди. Режиссёр Грета Гервиг суратга олган асар 1,4 миллиард доллар даромад келтирди ва йилнинг энг даромадли филми бўлди;
- Қирол Чарлз III – ўнлаб йиллар давомидаги кутишдан кейин Буюк Британия ва бошқа ҳудудларнинг асосий монархи тахтига ўтирди. Унинг онаси қиролича Елизавета II 1952 йилда тахтга ўтирганида «Йил одами» деб топилган эди;
- Жером Пауэлл - 2018 йил феврал ойидан бери Федерал захира тизими раиси, фоиз ставкаларини ошириш орқали Қўшма Штатларда юқори инфляцияни жиловлай олди. Унинг меҳнати америкаликлар ва бутун дунё иқтисодиётлари ҳамёнларида сезилди. У икки марта (2019 ва 2020 йилларда) TIME100 рўйхатига киритилган.
Мавзуга оид
23:44 / 22.11.2024
Путин «Орешник» ракеталари қуролланишга қабул қилиниши ва серияли ишлаб чиқарилишини эълон қилди
21:54 / 22.11.2024
«Крепкий орешник»: Путин тутиб қолиш имконсиз эканини айтган янги ракета ҳақида нималар маълум?
23:01 / 21.11.2024
Путин Днепрга «Орешник» номли ўрта масофага учувчи баллистик ракета билан зарба берилганини маълум қилди
20:56 / 21.11.2024