Жаҳон | 16:29 / 05.12.2023
3917
3 дақиқада ўқилади

Иқлим муаммолари билан кураш: дунёнинг ривожланаётган давлатларига ҳар йили бунинг учун 2,4 трлн доллар зарур

Иқлим саммитининг 5-кунида Британия, Франция, Жаҳон банки ва Европа инвестициялар банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки табиий офат вақтида айрим мамлакатлар қарзларига танаффус беришини маълум қилди. Бирлашган Араб Амирликлари яшил молия дастурларига 2030 йилгача 270 миллиард доллар ажратадиган бўлди.

Фото: AP

4 декабрда Дубайда ўтаётган иқлим конференциясининг 5-куни якунига етди. Саммитнинг бу куни молия, савдо, гендер тенглиги ва ҳисобдорлик мавзуларига бағишланди. 60дан ортиқ мамлакат “Gender-Responsive Just Transitions & Climate Action Partnership” келишувини қўллаб қувватлади. Бу – иқлим сабаб йўқолаётган иш ўринларининг аёллар ҳаётига салбий таъсирини ҳал этишни мақсад қилган.

Бундан ташқари, душанба куни иқлим ўзгаришини юмшатиш чораларининг молиявий томони кўпчилик спикерларнинг диққат марказида бўлди. Grantham тадқиқот институти раҳбари Николас Стерн ваъда қилинаётган маблағлар керакли жойга етиб бормаётгани ёки кеч етиб бораётгани ҳақида гапирди.

«Дунё Париж келишувида қўйилган мақсадларни амалга ошириш йўлидан кетмаяпти. Бунга ривожланаётган ва табиий офатларга дуч келган жойларда инвестициянинг камлиги сабаб бўляпти», – деди Николас Стерн.

Маълумотларга кўра, ривожланаётган давлатлар иқлим ўзгариши сабаб юзага келаётган муаммолар билан курашиш учун ҳар йили 2,4 триллион долларга эҳтиёж сезади.

Барбадос Бош вазири Миа Моттлей хайрия ташкилотлари, хусусий инвесторлар ваъда ва илтимосларни бир четга олиб қўйиб, иқлимга зарар келтирадиган компаниялар солиқларидан тушадиган пулни иқлим лойиҳаларига йўналтиришни сўради.

Британия, Франция, Жаҳон банки, Европа инвестициялар банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўз кредит режаларига иқлимга бардошли қарз бандини қўшишмоқчи. Бу – иқлимдан энг кўп зарар кўрган мамлакатларга қарз тўловларини қайтаришда танаффус қилиш, оёққа туриб олгунча уларга вақт беришни англатади.

Даниянинг “Copenhagen Infrastructure Partners” инвестиция фирмаси қайта тикланадиган энергия лойиҳалари учун ривожланаётган мамлакатларга 3 миллиард доллар йўналтиришни режалаётганини эълон қилди.

Бундан ташқари, Бирлашган Араб Амирликлари ҳам яшил молия дастурларига 2030 йилгача 270 миллиард доллар ажратиб, табиий офатлар вақтида жабрланган мамлакатларнинг қарз тўловларига танаффус бермоқчи.

Шунингдек, саммит давомида Абу-Даби амирлиги минтақада молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш мақсадида иқлим тадқиқотлари ва маслаҳат марказини ишга туширгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, COP28 30 ноябрда Дубайда бошланганди, ҳозиргача бир нечта давлат ва ташкилотлар иқлим ўзгариши таъсирини юмшатиш учун ўз молиявий пакетларини эълон қилишди.

Мавзуга оид