Жаҳон | 20:05 / 06.12.2023
20188
6 дақиқада ўқилади

Инсониятнинг аср муаммоси: Бой ва камбағал давлатлар нима масалада келиша олмаяпти?

Атроф-муҳитни булғаш ҳисобига катта бойлик тўплаб олган, улкан саноатга эга давлатлар бу булғанишдан жабр чекаётган камбағаллар давлатларга ўз технологиялари ва молиявий ресурслари билан ёрдамлашишга шошилмаяпти.

30 ноябр куни Дубайда сайёрамизнинг энг йирик экологик форуми – БМТ Иқлим ўзгариши бўйича ҳадли конвенсиясига аъзо 200 га яқин давлатнинг 28-конференцияси (COP28) бошланди. Саммитнинг илк кунларида 140 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари қатнашган бўлса, кейинги кунларда конференция делегатлар, экспертлар ва экофаоллардан иборат 70 мингдан ортиқ меҳмон иштирокида давом этмоқда.

Аввало, бу конференциянинг Бирлашган Араб Амирликларида ўтишига доир можаролар юз берганини айтиш керак. Экология бўйича кўплаб ҳалқаро ташкилотлар, яшиллик ҳимоячиси бўлган баъзи давлатлар БААни “greenwashing”да, яъни сохта яшиллик ҳимоячиси эканликда айблашади. Уларга кўра, БАА – дунёдаги олтинчи энг йирик нефт ва газ ишлаб чиқарувчи давлат. Жон бошига, амирлик энг кўп миқдордаги заҳарли газлар ишлаб чиқаради. Бундай салоҳиятли конференцияни ўтказиш орқали амирлик ўзи учун нолойиқ бўлган сохта обрў ва репутацияга эга бўлишга интилишда айбланади.

Конференцияни олиб борувчи шахс – БАА энг катта нефт компанияси президенти Султон Жобир экани ҳам экологлар томонидан алоҳида танқид қилинди. Экологларга кўра, нефт ва газ – сайёрамизни энг кўп булғаётган омиллардан ҳисобланади. Нефт компаниялари эса, экологик форумларда раислик қилиши эмас, танқид қилиниши ва нефт ҳамда газ ишлаб чиқариш жараёнини хавфсиз ўзанга ўтказишлари керак, деб талаб қилишади экологлар.

Хўш, бу каби конференциялар ниманидир ўзгартира оладими? Ўзи, муаммо нимада? Жуда кўплаб тадқиқотларга кўра, 21-асрдаги ҳаммани бирдек безовта қиладиган биринчи муаммо – экология, атроф-муҳит бўлади. Иссиқхона эффектини ҳосил қилувчи газлар рекорд даражада кўпайган. Ер юзи кейинги 9 йилда муттасил исиб бормоқда. Ҳар йили янги иссиқлик рекордлари ўрнатилмоқда. 2015 йилда имзоланган Париж келишувига кўра, Ер шаридаги ҳарорат қўшимча 2° даражадан ошмаслиги керак.

Лекин, БМТ бош котиби Антониу Гуттеришга кўра, шу кетишда сайёрамиз қўшимча 3° даражадан ҳам исиб кетиши аниқ. Гетурриш Дубайдаги чиқишида глобал исишни “Ер шарида дўзах эшиклари очила бошлади” дея тарифлаган. Иқлим ўзгариши сабаб 2050 йилгача абадий музликларнинг учдан бир қисми эриб тугайди. Бундан кейин сувсизлик, қурғоқчилик, оммавий экологик кўчишлар авж олади.

Дунё давлатлари экологик муаммолар кучайиб боришини тан олади, лекин улар ҳозирча келиша олмаяпти. Атмосферага чиқарилаётган чиқиндиларнинг 80 фоизи дунёнинг энг бой ва саноатлашган 20 та давлати ҳиссасига тўғри келади. Энг бой давлатлар кейинги бир ярим асрда атроф-муҳитга энг катта миқдорда чиқиндилар чиқариш ҳисобига, бойиб олишди. Энди, бу чиқиндилар камбағал ва ривожланаётган давлатларнинг ҳам муаммоси ҳисобланади.

Келишувларга кўра, бундан кейин чиқинди чиқариш ҳажми кескин камайиши керак. Бу, ўз ўрнида ривожланаётган ва камбағал давлатлар учун, катта муаммо бўлади. Чунки уларнинг қишлоқ хўжалиги янги тартибга солиниши, саноати қайта қурилиши, иқтисодиёти эса яшил ўзанга кўчиши керак. Бунинг бариси учун, жуда катта миқдорда маблағ керак бўлади. Бу маблағларни ким беради?

БМТга кўра, ривожланаётган давлатларнинг иқтисодиётини яшил ўзанга ўтказиш учун 2030 йилга қадар ҳар йили 200 миллиард доллардан ортиқ маблағ керак бўлади. Бой давлатлар ҳозирча бу пулни беришга тайёр эмас. Амирликда 12 декабрга қадар халқаро экспертлар ҳалқаро фонд тузиш ва бу фондга бой давлатлардан пул тушириб, ривожланаётган давлатлар иқтисодиётини яшил ўзанга ўтказиш масалалари бўйича келишиб олишлари керак. Лекин бу каби катта ва оғир масалаларда, тез ечим топиш имконсиз, келишувлар осон кечмайди.

1 декабр кунги давлат ва ҳукумат раҳбарлари саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлади. Президентга кўра, Орол фожиаси – бу глобал фожиа. Орол – қуриб битган энг катта кўл ҳисобланади. Ҳаво исиши даражаси Марказий Осиёда глобал ўртача кўрсаткичдан икки марта юқори. Яъни бутун дунёда 1-2 градус қўшимча исиш кузатилса, минтақамизда бу кўрсаткич 2-4 градусни ташкил қилмоқда. Иссиқ кунлар сони икки мартага ошган. Минтақа тоғларидаги музликларнинг учдан бир қисми эриб битган. Чанг ва қум бўронлари одатий ҳолга айланмоқда. Тупроқ емирилиши жуда катта тезликда кечмоқда. Мана шу фонда Ўзбекистон яшил муҳит ва иқтисодиётга ўтиш бўйича давлат стратегиясини амалга оширмоқда.

Дунё давлатлари экологик фожиани англаб етди, лекин қилинаётган ишлар мутлақ етарли эмас. Қилинаётган ишларнинг заифлиги – давлатларнинг миллий эгоизмига бориб тақалади. Атроф-муҳитни булғаб бой бўлган, катта саноатга эга, катта нефт ва газ истеъмол қилаётган иқтисодиётлар ўз технологиялари ва молиявий ресурслари билан бўлишишга тайёр эмас.

Лекин сайёрамиз – ҳамма учун ягона. Агар вазият шу қадар тез издан чиқаверса, яқин ўн йилликларда юз миллионлаб экологик қочқинлар пайдо бўлиши аниқ. Марказий Осиё эса, экологик фожианинг қоқ марказида тургандек. Аномал иссиқ, аномал совуқ, аномал қурғоқчилик, аномал об-ҳаво.... Бу ҳали бошланишидек...

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи

Камолиддин Раббимов
Муаллиф Камолиддин Раббимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид