Ғазода қуршаб олинаётган Хон Юнус, кўмаксиз қолиш хавфи остидаги Украина, ҳудудини кенгайтираётган Венесуэла — кун дайжести
Ўтган кун давомида дунё диққат марказида бўлиб турган воқеа-ҳодисалар ҳамда янгиликларнинг шарҳи билан одатдагидек кун дайжестида таништирамиз.
Исроил қуролли кучлари Ғазо секторининг жанубидаги Хон Юнус шаҳрини қуршаб олмоқда. Исроил қуролли кучлари бош штабининг билдиришича, Ғазода ерусти операциясининг учинчи босқичи бошланган. Исроил армияси сутка давомида Ғазо секторидаги 250 дан ортиқ объектга зарба берганини маълум қилди.
Хусусан, Исроил Ал-Бурайждаги қочқинлар лагерини авиазарбалар воситасида кунпаякун қилган. Маҳаллий аҳолининг ҳикоя қилишича, бомбалаш тонгги соат 6 да, ҳали одамлар ухлаб ётган пайтда бошланган. Ўнлаб одамлар ўлдирилган, яна кўплаб одамлар вайроналар остида қолган.
Ғазодаги қирғин чоғида Исроил зарбалари туфайли ўлдирилган фаластинликлар сони 16 минг 248 нафарга етган. Ярадорлар сони 43,5 мингдан ошгани хабар қилинмоқда.
Босқин уюштирилганидан буён 63 нафар оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳалок бўлган, уларнинг яна уч нафари бедарак йўқолган ҳисобланади.
Токи Исроил Ғазо секторидаги агрессиясини якунламас экан, ҲАМАС улар билан музокаралар олиб бормаслиги ва қўлида ушлаб турилган гаровдагиларни озод қилмайди. Бу ҳақда ҳаракатнинг сиёсий бюроси аъзоси Усома Ҳамдан баёнот берган.
Бу борада Исроил Миллий хавфсизлик кенгаши ўз фуқаролари учун хавфли давлатлар рўйхатини тузди ва уларнинг сирасига Ўзбекистонни ҳам киритди.
Кенгаш баёнотига кўра, Африканинг бир қатор мамлакатлари, жумладан, Марказий Осиёда давлатлари — Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистонда хавф 3-даражага кўтарилган ва муҳим бўлмаган саёҳатларни кечиктириш тавсия қилинади.
Politico нашрининг хабарига кўра, Жо Байден администрацияси урушдан сўнг Ғазо секторини бошқариш бўйича режа ишлаб чиқмоқда. Минтақани барқарорлаштириш учун жанглар тугагач Оқ уй у ерга халқаро тинчликпарвар кучлар жойлаштиришини ёқламоқда, сўнгра сектор учун узоқ муддатли масъулият янгиланган Фаластин миллий маъмуриятига топширилади. Бу ҳолатда Оқ уй у ерга америкалик аскарларни жўнатиш имкониятини кўриб чиқмаяпти.
Украина президенти Володимир Зеленский уруш бошланганидан буён Украина қаҳрамони унвони берилганларга давлат томонидан бепул квартира ажратилишини эълон қилди. Бундай ҳарбийлар сони айни пайтда 360 нафарга етган. Квартиралар ҳалок бўлган қаҳрамонларнинг оилаларига ҳам берилади.
Айни пайтда Украина қуролли кучлари Россия армиясининг иккинчи ва учинчи мдофаа чизиғи ўртасида бўлиб турибди, деган Украина мудофаа вазири Рустам Умеров.
«Биз 2022-йилдан буён босиб олинган ҳудудларимизнинг 50 фоизини қайтариб олишга муваффақ бўлдик. Биз ўз тупроғимизда Россия устидан ғалаба қозонмоқдамиз, ҳудудларимизни қайтариб, озод қилдик. Ҳозир бизда 2024 йил учун режалар мавжуд», — деган Умеров.
Украина дунёдаги энг ҳарбийлашган давлатга айланди. 2007 йилдан бери Глобал ҳарбийлашиш индексида етакчилик қилиб келган Исроил иккинчи ўринга тушиб кетди. Ундан кейин камайиш тартибида Арманистон, Қатар, Баҳрайн, Саудия Арабистони, Греция, Сингапур, Озарбойжон ва Россия бормоқда.
Украина президенти офиси раҳбари Андрий Ермак Россияга қарши урушда мағлуб бўлиш хавфи пайдо бўлаётганини таъкидлади.
«Агар АҚШ Конгрессида муҳокама қилинаётган ёрдам кечиктирилса, биз ҳозирги позициямизда қолиб кетишмиз борасида катта хавф пайдо бўлади. Ҳужумга ўтиш имконсиз бўлиб қолади, ҳаттоки урушда мағлуб бўлиш хавфи пайдо бўлади», — деган Ермак.
Дарҳақиқат, АҚШ Конгресси Украинага ажратилиши лозим бўлган ҳарбий ёрдам борасида келишолмай турибди. Бу эса Украинани АҚШнинг ички муаммолари асирига айлантириб қўйган ва вазият Украинада ҳам, Америкада ҳам, Европада ҳам жуда кучли таҳлика билан кузатилмоқда.
АҚШ Конгресси вакиллар палатаси спикери Майкл Жонсон эса Конгресс Украинани қуроллантиришга 2024 йилда ёрдам беришга тайёр, бироқ бунинг учун Жо Байден қочқинлар учун чегараларни очиш масаласини қайта кўриб чиқиши лозимлигини айтиб, очиқ хат йўллаган.
АҚШ Молия вазири Жанетт Йеллен Мексикага ташрифи чоғида Агар Украина урушда мағлубиятга учрайдиган бўлса, Конгресс Киевга қўшимча ёрдам ажратилишини маъқулламагани учун жавобгар бўлади, деган.
АҚШ президенти Жо Байден бугун Украинага янги ёрдам пакети борасидаги ноаниқликлар фонида G7 давлатлари етакчилари билан виртуал учрашув ўтказади, деб хабар беради Оқ уй матбуот хизмати.
G7га раҳбарлик қилаётган Япония ҳукумати бош котиби Ҳирокацу Мацунонинг хабар беришича, Украина президенти Володимир Зеленский ҳам онлайн учрашувда иштирок этади.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен европаликларга Украина билан НАТО ҳақида музокара олиб боришни бас қилишни сўраган. Украина Олий Радаси депутати Гончеренкога кўра, унинг Вашингтондаги манбалари НАТО мавзуси АҚШ элитасининг ғашини келтириши, улар уруш тугаганидан сўнг ҳам Украина НАТО аъзо бўлмаслиги ҳақида аниқ сигнал беришганини айтган. Депутатга кўра, Украинанинг асосий стратегияси ҳозир Европа Иттифоқи бўлиши керак.
Америка Қўшма Штатлари яна Россия ва Беларуснинг 13 нафар жисмоний шахси ва 20 та компаниясига санкциялар жорий этган. Бу ҳақда АҚШ молия вазирлиги хабар берган.
Кипр ўз банкларига рублда операция ўтказиш ва россиялик мижозлари билан муносабатларни чеклаш ҳақида билдиришнома юборди, деб ёзади Politic нашри. Хабарга кўра, бундай чора қўлланилишига санкцияларни айланиб ўтиш эҳтимоли бўлган 29 та иш тергов қилинаётгани сабаб бўлган.
Россиянинг Urals маркали нефти нархи баррелига 67 долларгача пасайди. Бу РФ Молия вазирлигининг 2024 йил учун базавий прогнози — 71,3 доллардан паст.
Москва валюта биржасида 3 ноябрдан буён илк бора 1 АҚШ долларининг курси 93 рублдан ошди.
Россия президенти нефт қазиб олиш ва Ғазодаги вазиятни муҳокама қилиш учун Саудия Арабистонига боради. Ушбу ташрифни Bloomberg агентлиги Американинг Россияни изоляция қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари барбод бўлганидан нишона, деб атади.
Венесуэла ҳукумати якшанба куни ўтказилган референдумдан сўнг баҳсли Эссекибо ҳудудининг статусини аниқлаштирувчи қонунларни қабул қилишга тайёрланмоқда. Гайана билан ўртада тортишилаётган ҳудудни мамлакатнинг ажралмас қисми қилиш борасида ҳаракатлар бошланган.
Масалан, Венесуэла президенти Николас Мадуро мамлакатнинг янги, 24-штати — Гаяна Эсскибо тузилишини айтди.
Мадуро ҳаттоки Венесуэланинг Эссекибо ҳудуди қўшиб олинган янги харитасини намойиш этди ва бу харита зудлик билан барча таълим муассасаларига жўнатилишини таъкидлади.
Мадуро шунингдек Эсскибо денгиз шельфида ишлаётган нефт компанияларни ишни якунлаш учун 3 ой муддат бериб, ҳудудни «интеграл мудофаа зонаси», деб эълон қилди.
Гап шундаки, халқаро хариталарда Гайананинг Эссекибо ҳудудига тегишли денгиз шелфида улкан нефт захиралари бор. Венесуланинг бош мақсади ўша конларни қўлга киритиш.
Мавзуга оид
14:38
АҚШ ветосидан норози Ҳамас, Исроилда конституциявий инқироз хавфи ва Россия банкларига қарши санкциялар — кун дайжести
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024