Германия вице-канцлери Ҳабек россиялик пранкерларнинг «қурбонига» айланди
Россиялик пранкерларнинг Германия вице-канцлерига қилган қўнғироғи хавфсизлик чораларини қайта кўриб чиқишга сабаб бўлди. Немис разведка хизматлари Иқтисодиёт вазирлигига суҳбат сохта ном остида ўтказилгани ҳақида маълум қилган.
Дезинформацияга ихтисослашган россиялик пранкерлар, Вован ва Лексус тахаллуслари билан танилган Владимир Кузнецов ҳамда Алексей Столяров Германия иқтисодиёт вазири ва вице-канцлери Роберт Ҳабекни Африка Иттифоқи вакиллари сифатида сохта телефон суҳбатига чақирди. Пранкерларнинг қўнғироғи фактини Германия Иқтисодиёт вазирлиги 5 декабр, сешанба куни dpa ахборот агентлиги сўровига жавобан тасдиқлади.
Суҳбат давомида хавфсизлик масалалари муҳокама қилинмаган
Вазирлик маълумотларига кўра, суҳбат хавфсизлик масалалари ёки махфий маълумотларга тааллуқли бўлмаган. Қўнғироқ линиядаги техник носозликлар туфайли бир неча бор узилиб қолган, шу сабабли изчил суҳбат кузатилмаган.
Иқтисодиёт вазирлиги вакилига кўра, икки пранкер Telegram’да деярли тўрт дақиқалик таҳрирланган аудиоёзувни эълон қилган. Вазирлик умуман суҳбатни ҳам, Ҳабекка берилган саволларни ҳам, унинг жавобларини ҳам тасдиқлай олмаслигини қайд этди.
Россиялик пранкерларнинг Telegram-каналида жойлаштирилган ёзувда Ҳабекнинг ҳужумларга қарамай, Украинага дон экспорт қилишда ёрдам кераклигини инглиз тилида хотиржамлик билан тушунтираётганини эшитиш мумкин.
Германия Иқтисодиёт вазирлиги вакилларининг сўзларига кўра, ушбу қўнғироқдан кўп ўтмай немис разведка хизматлари идора билан сохта ном остида алоқа ўрнатилгани, бу сохта қўнғироққа сабаб бўлганини маълум қилган.
Вазирлик ишнинг ҳолатларини таҳлил қилиб, унга махфийлик мақоми берди. Воқеа мавжуд хавфсизлик чораларини кўриб чиқиш ва кучайтиришга сабаб бўлди, дея хабар беради dpa ахборот агентлиги.
Феврал ойида Германия собиқ канцлери Ангела Меркел пранкерлар Вован ва Лексус «қурбонига» айланганди.
Мавзуга оид
11:37 / 18.11.2024
Немис "яшиллари" Ҳабекни канцлер лавозимига номзод қилиб кўрсатди
08:28 / 09.11.2024
Роберт Ҳабек Германия канцлерлигига номзод бўлиши мумкин
18:03 / 02.06.2023
Тошкентда йўлнинг қатнов қисмида пранк уюштирган йигитлар 3 суткага қамалди
13:35 / 05.04.2023