Жаҳон | 12:14 / 06.12.2023
6176
2 дақиқада ўқилади

Катманду Россияни непалликларни армияга жалб қилмасликка чақирди

Непал ҳукумати Россия армиясида ёлланма аскар бўлиб хизмат қилган олти нафар фуқаросининг ўлими ҳақида хабар берди. Непалликларни Украина асирлигидан озод қилиш ишлари олиб борилмоқда. Катманду Москвадан Непал фуқароларини Россия қуролли кучларига жалб қилмасликни сўради.

Фото: Reuters/Navesh Chitrakar

Непал Россия армиясига ёлланган олти нафар фуқароси ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берди. Непал Ташқи ишлар вазирлигининг 5 декабр, сешанба куни эълон қилинган баёнотида ҳалок бўлганларнинг исмлари санаб ўтилган ва уларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирилган, бироқ қўшимча маълумот берилмаган. Шу билан бирга, Reuters бу ёлланма аскарларнинг Украинадаги урушда ҳалок бўлганига ишора қилмоқда.

«Непал ҳукумати Россия ҳукуматидан уларнинг жасадларини зудлик билан қайтариб беришни ва оилаларига товон пули тўлашни сўради», — дейилади хабарда. Катманду, шунингдек, Москвадан непалликларни Россия армиясига жалб қилмасликни ва унда хизмат қилаётган барча Непал аскарларини зудлик билан уйига юборишни сўради. 

Айни пайтда Россия армияси сафига қўшилган ва Украина томонидан асирга олинган бир Непал фуқаросини озод қилиш учун дипломатик ҳаракатлар олиб борилмоқда, дейилади баёнотда. Непал ҳукумати ўз фуқароларини ҳам урушлар кетаётган мамлакатлар армиясига қўшилмасликка чақирди. Катмандудаги Ташқи ишлар вазирлиги Непал фуқароларига хорижий армияларда хизмат қилиш тақиқланганлигини таъкидлади, «бир нечта дўст давлатлар» бундан мустасно - тегишли шартномалар 1947 йилда Ҳиндистон ва Буюк Британия билан тузилган. 

Непалнинг Москвадаги элчиси Милан Раж Туладхарнинг сўзларига кўра, Россия армиясига 150-200 нафар непаллик ёлланма аскар жалб қилинган, деб ёзади The Kathmandu Post газетаси. 

Мавзуга оид