Жаҳон | 14:42 / 07.12.2023
5494
2 дақиқада ўқилади

Непалда Россия армиясига аскар ёллаш билан шуғулланган 12 киши ушланди

Ушланганлар непалликларни Россия қуролли кучларига ёлланиш учун ноқонуний равишда юборганликда айбланмоқда. Аввалроқ Непал расмийлари Украинада Россия томонида жанг қилган олти нафар фуқароси ҳалок бўлганини тасдиқлаган эди.

Фото: picture alliance/Pacific Press/N. Maharjan

Непалда полиция 12 кишини ёш йигитларни Россия армиясига ёлланиш учун ноқонуний юборганликда айблаб қўлга олди, деб хабар берди Непал полицияси вакили 6 декабр, чоршанба куни. Унга кўра, қўлга олинганлар непаллик ёш йигитларни Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликлари орқали Россияга жўнатиш учун ҳужжатлар ва визалар олган.

«Кейин бу йигитлар армияга жалб қилинган. Қанча одам шу йўл билан ёллангани номаълум, аммо тергов давом этмоқда», - деди полиция вакили. Унинг айтишича, кўнгиллиларнинг ҳар бирига Россияга одам жўнатиш учун 8500 долларгача пул тўланган.

Непал ҳукумати ўз фуқароларига хорижлик ёлланма аскар сифатида жанг қилишга рухсат бермайди - Ҳиндистон ва Буюк Британияни ўз ичига олган қатор дўст давлатларнинг миллий армиялари бундан мустасно. Непал жангчилари Ҳиндистондаги инглиз мустамлакачи қўшинлари сафида жанг қилишда ҳам ўзининг жасорати билан машҳур бўлган.

Украинада непаллик ёлланма аскарларнинг ўлими

Бир кун аввал Непал расмийлари Украинада Россия томонида ёлланма аскар сифатида жанг қилган олти непаллик ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. Яна бир ёлланма аскар асирга олинган. Катманду ҳукумати Москвани непалликларни ёллашни тўхтатиб, уларни ватанига қайтаришга чақирди.

Октябр ойида The New York Times (NYT) Россия армияси билан шартнома имзолаган ва Украина урушига кирган ўнлаб непалликлар ҳақида хабар берган эди. Уларнинг кўпчилиги, газета ёзишича, мамлакатдаги қашшоқлик ва ишсизлик туфайли шундай қилган. Шу билан бирга, баъзи непалликлар (уларнинг сони камроқ) Украинага бориб, у ерда хорижий легионларда рус армиясига қарши жанг қиляпти.

Мавзуга оид