Спорт | 14:09 / 09.12.2023
33310
16 дақиқада ўқилади

Испанияда дерби, Англияда Эмери «Арсенал»дан қасос олмоқчи. Ҳафта ўйинлари анонси

Эмери ва Иско собиқ жамоаларини синовдан ўтказишади, Каталониянинг энг яхши жамоаси аниқланади, Бундеслигада пешқамлар турнирни «қайта бўлиб олиш» учун жангга ҳозирланишмоқда. Ҳар ҳафта бўлганидек бу сафар ҳам футбол мухлисларини Европада ажойиб баҳслар кутиб турибди.

«Бетис» – «Реал» (9 декабр, 20:15, Mahalla телеканали)

«Бетис» охирги марта сентябрда «Барселона»га 0:5 ҳисобида мағлубиятга учраганди. Ўшандан олдинги турда эса Билбаода 2:4 ҳисобида мағлубият кузатилган. Ла Лига доирасида шундан кейинги 10 ўйинда жамоа бирор марта ҳам ютқазгани йўқ. Тўғри, бу учрашувларнинг аксарияти – олтитаси дуранг ҳисоб билан якунланган. Шундай бўлса-да, айни паллада, айниқса, ўз майдонида «Бетис» энг хавфли жамоалардан саналади.

Ўша сентябрдан буён барча мусобақаларда 13 ўйинни мағлубиятсиз ўтказаётган «Реал» учун ҳам жиддий синов бўлиши шубҳасиз. «Бетис»нинг ўз майдонидаги ўйинлар бўйича статистикаси олинса, жамоа 9 учрашувдан буён ютқазмаган. Бундан ташқари, кўпчилик учун Исконинг собиқ жамоасига қарши ўйинини кузатиш ҳам анча қизиқ бўлса керак. Футболчи Мадридни тарк этганидан буён илк марта «Реал» билан ўйнамоқда.

«Реал»да жароҳатлар жуда кўп. Анчелотти ҳар қандай вазиятда турли йўллар топиб, рақобатбардош таркиб шакллантираётганининг ўзи таҳсинга сазовор. Айни пайтда Тчуамени, Милитао, Камавинга, Куртуа ҳамда Винисиус жароҳат туфайли сафда йўқ. Арда Гулернинг дебюти шу ой охиригача кечиктирилгани айтилмоқда. Шундай шароитларда ҳам мадридликлар юқорида тилга олинган серияни қайд этаётгани, Ла Лига ва ЕЧЛда пешқадам бўлиб турганининг ўзи катта гап.

«Бетис»да ҳам муаммолар етарли. Фекир ва Карвалю йўқлигига жамоа мухлислари ҳам кўникиб бўлишди. Марк Бартра йил охирида сафга қайтади, Гидо Родригес сафда эмаслиги эса кўпроқ сезилса керак. Аргентиналик таянч яримҳимоячиси ўтган турда жароҳат олди ва январгача тикланмаслиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Шунингдек, Эктор Беллерин «Алмерия»га қарши ўйинда олган қизил карточкаси туфайли ушбу ўйинни ўтказиб юборади.

Ўзаро ўйинлар борасида табиийки, мадридликларнинг устунлиги катта. Охирги 20 ўйиндан атиги тўрттасида андалусияликларнинг қўли баланд келган. Охирги марта эса бу жамоа «Реал» устидан 2020 йилда ғалаба қозонганди. Ўтган мавсумдаги Севилядаги баҳсда ҳисоб очилмаганди.

«Астон Вилла» – «Арсенал» (9 декабр, 22:30, Setanta)

«Губ эбенинг». Тугаётган ҳафтада Англиядаги энг машҳур ибора. Унаи Эмери ўз вақтида «Арсенал»ни ҳам бошқарганди. Кимсан, Арсен Венгернинг ўрнини босиши керак бўлган мутахассис табиийки, ишончни оқлай олмаган, майдондаги мағлубиятларидан ташқари, инглизча талаффузи ҳам кулги бўлиб, мемларга айланиб кетганди. Аммо агар жамоанг ғалаба қозониб турса, ҳар қандай камчилик ҳам ўзига хослик белгиси сифатида кўринаверар экан.

Эмери ўзи учун мос, провинциал жамоани топди. Стивен Жеррард бошқаруви даврида турнир жадвалида қуйи ўринларда юрган «Астон Вилла»ни еврокубокларга олиб чиқиб, энди, ушбу мавсумда ЕЧЛ ўринлари учун курашмоқда. Бирмингҳэмликларнинг чўққиси эса шу ҳафта, чоршанба оқшомида, Пеп Гвардиоланинг «Сити»сига қарши рўй берди. «Астон Вилла» нафақат ғалаба қозонди, балки буни жуда ишончли тарзда, рақибни ҳар томонлама енгиб амалга оширди. Дарвозага зарбалар сони 22-2. Пеп Гвардиола мураббийлик тарихида ҳеч қачон бу қадар яққол мағлубиятга учрамаган эди. Энди Эмери Пепнинг шогирди бўлмиш Артетани синовдан ўтказади. «Астон Вилла» ўз майдонидаги 7 учрашувнинг барчасини ўз фойдасига ҳал қилгани, умуман охирги 6 ўйинда мағлубият нималигини билмай келаётгани ҳам ўйиндаги интригани оширади.

«Арсенал»нинг ҳам ўз муваффақият ҳикояси бор. Икки йил аввал ЕЧЛ ўринларини, ўтган мавсум чемпионликни сўнгги турларда бой берган Артета ёзги трансферлар орқали анча салобатли кучга айланди. Энди Жезус сафдан чиқадими, Ҳаверцнинг адаптацияси оғир кечадими, Партисиз ўйнашга тўғри келадими, жамоа буни унча сездирмаяпти ва чемпионлик характерига хос равишда очколар олишни давом эттиряпти. Ўтган мавсум бошларидаги пешқадамлик гўёки кутилмаган, яқинда қўлдан бой бериладигандек туюлган бўлса, бу сафар жамоа анча барқарор. «Манчестер Сити»га бу мавсумда осон бўлмаслиги тайин. Мана шу энг кўтаринки паллада «Астон Вилла» тўсиғидан ўтиб олиш «Арсенал»га пойгада катта устунлик бериши турган гап. Кейинги ўйинлар «Брайтон» ва «Ливерпул»га қарши кечишини ҳам ҳисобга олсак, очко йўқотиш кейинги ўйинларга ҳам таъсир қилиши мумкин. Бир муваффақиятсиз ўйин ҳар қандай жамоада бир неча учрашувга муаммо яратишига «Тоттенҳэм» ва «Манчестер Сити» мисолида гувоҳ бўлдик. Мана шундай синовдан Артета ўта оладими?

Ҳар икки жамоа ҳам ўйинга оптималга яқин таркиб билан келмоқда. Тўғри, жароҳатланганлар етарли, лекин улар ё асосий таркиб ўйинчиси эмас, Буэндиа, Парти сингари, анча пайтдан буён жароҳатда бўлгани учун жамоалар уларсиз ҳам натижа кўрсатишни ўрганиб олишди. Лекин бугунги учрашувни Артета захира ўриндиғида туриб кузата олмайди, «Лутон»га қарши ўйин охирида у эҳтиросларини жиловлай олмади ва сўнгги дақиқаларда урилган ғалаба голидан кейин майдонга чиқиб кетгани туфайли сариқ карточка олиб, дисквалификацияга учради.

«Астон Вилла» «Арсенал»га қарши охирги 4 учрашувни бой берган. Айниқса, феврал ойида Бирмингҳэмда бўлиб ўтган ўйин барчанинг ёдида бўлса керак. Ўшанда мезбонлар иккинчи бўлим ўрталаригача 2:1 ҳисобида олдинда боришган, аввалига Зинченко мувозанатни тиклаган, ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда эса Жоржинонинг зарбасидан сўнг мезбонлар дурангни ҳам сақлаб қола олмаганди. Кейин қарши ҳужумда Мартинелли якуний ҳисобни ўрнатганди – 2:4. Эътиборлиси, Эмери шогирдлари шундан кейин ҳозиргача АПЛ доирасида уй учрашувларида ғалабали серия (14 ғалаба) қайд этишди ва ўз тарихидаги рекордни такрорлади. Бу рекорд янгиладими ёки серия яна «Арсенал»га қарши ўйинда тугайдими, бугун билиб оламиз.

«Штутгарт» – «Байер» (10 декабр, 19:30)

«Байер» ўтган турда «Боруссия» билан дуранг ўйнади ва агар «Бавария» ўз ўйинини ютганида биринчи ўриндан тушиб кетиши мумкин эди. Омадни қарангки, мюнхенликларнинг ўйини ноқулай об-ҳаво туфайли қолдирилди, демак, леверкузенликлар яна қанчадир вақт турнир жадвалида 1-ўринни бермай туриши мумкин. Албатта, шу турдаёқ устунлик йўқолмаслиги учун қийин сафар учрашувидан ўтиб олиш шарт.

«Штутгарт» бу мавсумнинг ҳақиқий кашфиётларидан бири бўлиб турибди. «Байер»нинг ҳозирги натижаларини қайсидир маънода ўтган йилда ҳам тахмин қилиш мумкин эди, «Штутгарт» эса фақат қўшимча учрашувлар туфайлигина Бундеслигада қолганди. Ҳозир жамоа нафақат очколар бўйича 3-ўринда турибди, балки урилган голлар сони, яратилган хавфли вазиятлар ва яна бир қатор статистик кўрсаткичлар бўйича ҳам Бундеслиганинг уч етакчи жамоаси сафида. Ҳозирда «Штутгарт» ҳисобида 13 ўйиндан сўнг 30 очко бор ва «Байер» билан фарқ 5 очкони ташкил қилади, холос. Қизиғи, жамоа ўтган бутун мавсумда жами 33 очко тўплаганди. Шу турнинг ўзида «Штутгарт» ўтган йилги натижасини қайд этиши мумкин. 

«Бавария» ва «Байер»дан фарқли равишда «Штутгарт» еврокубокларда қатнашмаслиги, миллий жамоаларга кетадиган футболчилари нисбатан камроқлиги туфайли, мавсумнинг айни палласида жисмоний жиҳатдан ҳам устунроқ бўлиш эҳтимоли юқори.

Таркиблар борасида ҳам меҳмонларнинг йўқотиши жиддийроқ бўлиши керак. Ҳафта ўртасида «Падерборн»га қарши кечган кубок ўйини «Байер»га қимматга тушди – Флориан Вирц 45-дақиқада жароҳати туфайли алмаштирилди. Хабарларга қараганда, у камида бир ой муддатга сафдан чиққан. 20 ёшли футболчи Алонсо жамоасида ҳал қилувчи ижрочилардан бири ҳисобланади. Мезбонлар таркибида фақат Ҳироки Итонинг йўқлиги билиниши мумкин. Япониялик ҳимоячи яна икки ҳафта шерикларига ёрдам бера олмайди.

Ушбу турда «Бавария» анча кучли «Айнтрахт» майдонига сафар қилиши, «Боруссия» эса «Лейпциг» билан ўйнаши эътиборга олинса, турнир жадвали юқори қисмида яхшигина ўзгаришлар учун шароит бор. Дастлабки 7 ўринни эгаллаб турган жамоаларнинг 6 таси ўзаро тўқнашувда майдонга тушади.

«Тоттенҳэм» – «Нюкасл» (10 декабр, 21:30)

«Иккала жамоа охирги турда бир вақтда, бошқалардан кейинроқ майдонга тушди. Бу жамоалар мос равишда «Вест Ҳэм» ва «Эвертон»ни мағлуб этиб, турнир жадвалидаги вазиятини яхшилаб олиш имкониятига эга эди. Аммо кутилмаганда «Тоттенҳэм» анча устунлик билан бошланган ва биринчи ҳисобни очган ўйинида ютқазган бўлса (1:2), «Нюкасл» умуман йирик ҳисобда мағлуб бўлди (0:3).

Охирги турлар эътиборга олинса, ҳар икки жамоа натижалари ҳам бироз парадоксал. Катта ўйинларда ҳаммаси ажойиб, жамоа яхши шакллангандек туюлади, лекин шу фонга умуман мос келмайдиган натижалар ҳам бўлиб турибди. «Нюкасл» билан боғлиқ вазият бироз тушунарли, Эдди Ҳау шогирдлари ҳақиқий уй жамоасига айланиб қолмоқда. Ўз майдонида қаторасига «Арсенал», «Челси» ва «МЮ» устидан қозонилган ғалабалар орасида «Борнмут» ва «Эвертон» каби жамоаларга қарши меҳмонда учралган мағлубиятлар кузатиляпти. «Нюкасл» ўз майдонида 8 ўйиннинг 7 тасини ўз фойдасига ҳал қилган, аммо сафарда 7 учрашувдан атиги бир марта ғалаба қозонилган. У ҳам бўлса чемпионшипдан чиққан ва лиганинг энг кучсиз жамоаси бўлиб қолаётган «Шеффилд» устидан қозонилган 8:0 ҳисобидаги ғалаба. Сафардаги натижалар бўйича «Нюкасл» фақат тўрт жамоадан устун бўлиб турибди, холос.

«Тоттенҳэм»нинг охирги ўйинлари янада ҳайратланарли. Жамоа бир учрашув сценарийси ичида ҳам турлича намоён бўлишнинг уддасидан чиқмоқда. «Тоттенҳэм» жуда кўп жароҳатлар гирдобида қолгани сир эмас, оғирроқ тақвим бўлганини ҳам инобатга олсак, охирги 5 ўйиндаги 1 очкони тушуниш мумкин ҳам. Лекин мана шу беш ўйиннинг ҳаммасида «Тоттенҳэм» биринчи бўлиб гол ургани, «Манчестер Сити» майдонидаги жанговор дуранг «Вест Ҳэм» каби жамоадан ўз майдонидаги мағлубият билан алмашиб турса, табиийки, бирор фикр билдириш қийин. «Нюкасл» билан ўйинда ҳар қандай натижа учун асос топиш қийин бўлмаса керак – мағлубиятларга ўрганиб қолган «Тоттенҳэм», сафарда умуман ютмай қўйган «Нюкасл»...

Ўзаро ўйинлардаги вазият ҳам қизиқ. Ўтган мавсумда ҳар икки ўйинда «Нюкасл» ютди, ҳатто уйда 6:1 ҳисоби қайд этилди. Ундан олдинги мавсумда эса «Тоттенҳэм» икки ўйинда 6 очко олган, уйда 5:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. 2020/21 йиллар мавсумида икки ўйин дуранг билан якунланган, 2019/20 йиллар мавсумида эса фақат меҳмон жамоанинг қўли баланд келган. Шунча маълумотдан кейин, табиийки, учрашув натижасини тахмин қилиш жуда мушкул.

Дарвоқе, келаси ҳафтада «Нюкасл»ни ЕЧЛда ҳам муҳим учрашув кутиб турибди. Гуруҳдан чиқиш учун Ҳау шогирдлари ўз майдонида «Милан»ни ютиши ҳамда парижликлар Дортмундда ғалаба қозонмаслигидан умид қилиши лозим бўлади.

«Барселона» – «Жирона» (11 декабрга ўтар кечаси, 01:00)

Беш йил олдин бу жамоалар учрашуви навбатдаги тур ўйини сифатида ўтарди, энди эса ла лиганинг асосий интригасига айланди. 16-турга келиб бу ўйин шунчаки Каталония дербиси мақомидан чиқиб, турнир жадвали учун ҳам аҳамият касб этишини, бунинг устига, «Барселона» эмас, «Жирона» пешқадам бўлиб туришини тахмин қилиш имконсиз эди. Энди эса Хави шогирдлари ҳатто ғалаба қозонса ҳам очколар бўйича рақибига ета олмайди. «Жирона» ҳақиқатан ҳам «Лестер»нинг йўлидан кетяпти. Фарқи, лестерликлар кўпроқ ҳимоявий ўйини ёрдамида ғалабалар қозонган бўлса, «Жирона» аксинча, Ла Лигада энг кўп гол урган жамоа бўлиб турибди ва бир неча ўйинларни камбэк ёрдамида ўз фойдасига ҳал қилди.

Айниқса, сафар ўйинлари статистикаси кишини ҳайратга солади – бу кўрсаткич бўйича ҳам «Жирона» Испаниянинг энг яхшиси бўлиб турибди. Жамоа 7 ўйиндан олтитасини ўз фойдасига ҳал қилиб, атиги бир марта дуранг ўйнаган. Ўз уйидаги 7 учрашувнинг атиги 3 тасини ғалаба билан якунлаган «Барселона» сафарида ҳам «Жирона»ни фаворитга айлантириш учун етарли баҳона. Ўтган мавсум «Камп Ноу»да ўтган баҳсда ҳам «Жирона» мағлубиятга учрамаган, ўйин 0:0 ҳисобида якунига етганди. Аммо бошқа тарафдан олсак, ўзаро ўйинларда, табиийки, «Барселона» устун. Юқорида тилга олинган дурангдан ташқари, яна сўнгги 5 та ўйиндан 4 тасида «Барселона»нинг қўли баланд келган. Қизиғи, ўша яна бир дуранг ҳам айнан «Барселона» майдонида содир бўлганди – 2:2.

«Барселона» сафида йўқотишлар маълум. Узоқ муддатга сафдан чиққан Гави ва тер Стегендан ташқари, Иниго Мартинес ҳам бир ой майдонга туша олмайдиган бўлди. Меҳмонлар сафида эса ҳаммасидан ҳам, Янхел Эрреранинг йўқлиги кўпроқ билинса керак. Жамоа етакчи яримҳимоячиларидан бири «Валенсия»га қарши ўйиннинг 13-дақиқасидаёқ жароҳат олиб майдонни тарк этганди.

Бошқа ўйинлар

9 декабр. «Кристал Пэлас» – «Ливерпул» (17:30), «Айнтрахт» – «Бавария» (19:30), «Брайтон» – Бёрнли (20:00), «МЮ» – «Борнмут» (20:00), «Аталанта» – «Милан» (22:00), «Боруссия» Д – «Лейпциг» (22:30), «Интер» – «Удинезе» (10 декабрга ўтар кечаси, 00:45), «ПСЖ» – «Нант» (10 декабрга ўтар кечаси, 01:00)

10 декабр. «Атлетико» – «Алмерия» (18:00), «Эвертон» – «Челси» (19:00), «Лутон» – «Манчестер Сити» (19:00).

Қаҳрамон Асланов
Муаллиф Қаҳрамон Асланов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид