Жаҳон | 12:00 / 09.12.2023
5452
2 дақиқада ўқилади

World Athletics россиялик енгил атлетикачиларни Париждаги ўйинларга киритмайди

ХОҚ Россия ва Беларус спортчиларига Париждаги Олимпиадада қатнашишга рухсат берган бўлса-да, World Athletics президенти Себастян Коу енгил атлетикачилар учун бундай имкониятни рад этди. «Енгил атлетикада бундай бўлмайди», деди у.

Фото: Handout via World Athletics/REUTERS

Халқаро енгил атлетика федерациялари (World Athletics) ассоциацияси президенти Себастян Коу россиялик ёки беларуслик спортчиларнинг 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларида ҳатто нейтрал мақомда ҳам қатнашиш имкониятини рад этди. «Сиз Парижда Россия ва Беларусдан нейтрал спортчиларни кўришингиз мумкин, аммо бу енгил атлетикада бўлмайди», деди Коу 8 декабр, жума куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида. 

Бир неча соат олдин Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Россия ва Беларус спортчиларига Париждаги ўйинларда нейтрал спортчилар сифатида қатнашишга рухсат берди - жангларни фаол қўллаб-қувватловчи, армия ёки хавфсизлик кучлари билан шартнома тузган, шунингдек, жамоавий спорт турларида қатнашадиганлар бундан мустасно.

Себастян Коу аввалроқ россияликларга енгил атлетика мусобақаларида иштирок этишга рухсат бермай, ХОҚдан узоқлашган эди. Европа енгил атлетика ассоциацияси ҳам бир неча бор Россиянинг халқаро мусобақаларга қайтишига қарши чиқди. 

Париждаги ёзги Олимпия ўйинлари 2024 йилнинг 26 июлидан 11 августига қадар бўлиб ўтади. 

Мавзуга оид