Жаҳон | 18:40 / 09.12.2023
40182
17 дақиқада ўқилади

Ер юзидаги ҳавоси энг ифлосланган мамлакат: Ҳиндистон экологик кризисдан қандай чиқмоқчи?

Ҳиндистон пойтахти Деҳли дунёдаги ҳавоси энг ифлосланган шаҳар бўлиб қолмоқда. Ҳукумат вазиятни яхшилашга қаратилган чораларни кўра бошлаган: қурилишларни тақиқлаш, ишлаб чиқарилганига 15 йилдан ошган автомобиллар ҳаракатини чеклаш, автомобилларга уларнинг рақамига қараб фақат тоқ ва жуфт кунларда ҳаракатланишга рухсат бериш кабилар шулар жумласидан. Хўш, бу чоралар қанчалик ўзини оқлаяпти?

Фото: EPA-EFE

Бугун бутун дунёда ҳаво тез суръатларда ифлосланиб боряпти. Бу жараён айрим давлатларда камроқ, бошқаларида кўпроқ юз беряпти.

Бунга турли мамлакатларнинг географик жойлашуви, аҳоли сони ҳамда зичлиги, саноатнинг даражаси, ёғингарчилик миқдори ва шунга ўхшаш бошқа омиллар сабаб бўляпти.

Масалан, аҳоли нисбатан сийрак жойлашган, ёғингарчиликлар кўп бўладиган ва миллионлаб гектар ўрмонзорларга эга Россияда экологик вазият аҳолиси кўп бўлган Хитойдагидан яхшироқ. Ҳудудининг катта қисми ўрмонзор билан қопланган Финландияда ҳолат Россиядагидан яхши.

Агар дунё давлатларидаги экологик вазият таҳлил қилинса, энг ёмон кўрсаткичлардан бири Ҳиндистонда содир бўлаётганини кўриш мумкин.

Ҳинд диёридаги йирик шаҳарлар заҳарли тутунлар билан тўлган ва бу аҳоли орасида нафас олиш йўллари билан боғлиқ касалликлар кўпайган.

Ҳозир том маънода Ҳиндистонда экологик инқироз содир бўлмоқда деб бемалол айтиш мумкин. Чунки ҳавонинг ифлосланиши максимум даражадан ўн карра юқори бўлган давлатга бошқача таъриф бериб бўлмайди.

Айниқса, пойтахт Деҳлида вазият оғир. Ҳар йили куз фаслида Ҳиндистон пойтахтида ҳолат жуда ёмонлашади ва энг чўққисига чиқади. Шаҳар дунёдаги ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рейтингида биринчи ўринга ҳам кўтарилади.

Деҳлидаги экологик фожиага нима сабаб бўлмоқда? «Медуза» нашрига кўра, бунинг сабаблари жуда кўп. Қуйида экологик офат Ҳиндистондаги йирик шаҳарлар ҳаётини қандай фалажлаётгани, ифлосланган ҳаво қандай салбий оқибатларга олиб келаётгани ва бунга ҳукумат нега жиддий чоралар кўра олмаётгани ҳақида ҳикоя қиламиз.

Куз ойларида Деҳлида аччиқ тутун худди тумандай кўриниш олади

Деҳли ҳавоси нега кузда кўпроқ ифлосланади?

Деҳли сайёрамиздаги ҳавоси энг ифлосланган шаҳар ҳисобланади. 2023 йил ноябр ойи бошларида Ҳиндистон пойтахти заҳарли тутун билан қопланди. 3 ноябр куни бу ерда ҳавонинг ифлосланиш даражаси ҳаво сифати индекси (AQI) бўйича 500 бирликка етди.

Маълумот учун, ҳаво ифлосланиши бўйича хавфсиз даражанинг энг юқори чегараси 50 бирлик ҳисобланади. Деҳли ҳавоси шу кўрсаткичдан 10 карра ёмонроқ ифлосланган.

Ўшанда заҳарли тутун нафақат йирик мегаполисни, балки бутун мамлакат шимолини эгаллаб олди. Шу туфайли ундан биргина Деҳли аҳолиси эмас, жуда катта ҳудудларда яшовчи одамлар жабрланди.

Ҳавода заҳарли тутун шу қадар қалин эдики, ҳатто Деҳлидан 200 км узоқликда жойлашган Аградаги Тожмаҳални яқин жойдан ҳам кўриб бўлмай қолди.

Мамлакатдаги олимлар, сиёсатчилар ва нодавлат ташкилотлар узоқ вақтдан буён муаммога эътибор қаратишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ ҳар йили кузда ўзи шундоқ ҳам оғир бўлган вазият янада оғирлашмоқда.

Ҳар йил кеч кузда ҳавони қуюқ заҳарли тутун қоплаши – бу Ҳиндистон учун анъанавий муаммо ҳисобланади. Аммо бошқа тарафдан мамлакатдаги йирик шаҳарлар ҳавоси йил давомида ифлосланган ҳолда бўлади.

Деҳлида одамлар аччиқ тутун ютмаслик учун нима топса ўшани ниқоб тарзида тақишга мажбур бўлмоқда \ Фото: EPA-UPG

Дунё бўйлаб ҳаво ифлосланишини мониторинг қилиб борувчи IQAir маълумотларига кўра, 2023 йил 27 ноябр куни Деҳли дунёдаги энг ифлос ҳавога эга шаҳарлар рейтингида биринчи ўринга чиқди.

Тушга яқин ҳаво сифати индекси (AQI) 300 бирликдан ошди. Бундай ҳолатда одамларнинг кўчада юриши хавфли. Куннинг иккинчи ярмида ифлосланиш даражаси 251 бирликка тушди ва бу кўрсаткич ҳам инсон ҳаёти учун зарарли.

  • Таққослаш учун: ўша куни Деҳлига яқин бўлган Покистоннинг Лаҳор шаҳрида ҳаво сифати индекси 200 бирликка яқин кўрсаткичга эга бўлган. Россиянинг ҳавоси энг ифлосланган шаҳри Красноярскда эса 80 бирлик бўлган.

Ноябр ойини мухолифат сиёсатчилари шаҳарни «газ камераси»га қиёслаганди. Йирик хорижий нашрлар, жумладан, The Guardian ва France24 эса Деҳлида касалхоналар йўтал ва нафас олиш қийинлигидан азият чекаётган кўплаб болалар билан тўлгани ҳақида хабар берган.

Нега ноябр ойида вазият оғирлашади?

Ҳар йил ноябрда ҳавонинг ўта ёмон даражада ифлосланиб кетиши Деҳли учун одатий ҳолга айланган. Маҳаллий аҳоли бу ойни баъзан «ҳавонинг ифлосланиш мавсуми» деб атайди.

Ҳатто 2020 ва 2021 йилларда коронавирус туфайли чекловлар жорий қилинганига қарамасдан мамлакат шимолида, хусусан Деҳлида ноябр ойида ҳаво кескин ифлосланишда давом этган.

Ҳиндистонда куз фаслида, асосан ноябр ойида ҳавонинг ўта ёмон ифлосланиб кетишига бир нечта омиллар сабаб бўлади.

Гап шундаки, бу мамлакатда деҳқонлар кузда дуккакли экинларни йиғиштириб олгандан сўнг сомонларни ёқиб юборишади. Кузда уларни нафақат ҳиндистонликлар, балки покистонлик деҳқонлар ҳам ёқишади. Оқибатда, Ҳиндистон шимоли ва Покистоннинг унга туташ ҳудудларида ноябрда ҳаво жуда ифлосланиб кетмоқда.

Ҳиндистонда бошоқли ва дуккакли экинлар йиғиштириб олингач, далаларга ўт қўйишади \ Фото: stock.adobe.com

Мамлакатдаги ҳаво сифати назорати тизими (SAFAR) маълумотларига кўра, ҳиндистонлик деҳқонларнинг сомон ёқиши туфайли ажралиб чиқаётган заҳарли тутун ноябр ойидаги ҳаво ифлосланишининг 30-40 фоизини ташкил қилади.

Иккинчи омил – октябр охири, ноябр бошида ҳиндларнинг асосий байрамларидан бири Дивали бўлиб ўтади. Бу байрамда олов ёқиш ва мушакбозлик қилиш одат тусига кирган.

Кўплаб тадқиқотлар шуни кўрсатяптики, айнан Дивали байрами ўтказиладиган кунларда мамлакат бўйлаб ҳавога аччиқ тутун тарқалади.

Учинчи омил – бу об-ҳавонинг анча қуруқ келиши. Октябр ва ноябр ойлари Деҳлида ёғингарчилик унча бўлмайди ва кучли шамоллар эсиб туради. Оқибатда, шаҳар атрофида деҳқонлар ёқаётган сомон тутунлари Деҳлига ҳам кириб келади ва вазиятни баттар оғирлаштиради.

Ҳавонинг ифлосланишига бошқа сабаблар

Деҳлида ва мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарларида йил давомида ҳавонинг ифлосланишига бошқа омиллар ҳам сабаб бўлади. Масалан, кўп сонли автомобиллар.

2022 йилда маҳаллий ҳокимият органлари аҳолиси 25 миллиондан ошган Деҳлида 13 миллиондан ортиқ автомобил борлигини маълум қилган. Таққослаш учун: Москвада 4 миллиондан сал кўпроқ машина бор.

Бундан ташқари, Деҳлидаги автомобилларнинг 40 фоиздан ортиғи эскириб бўлган. Қолган йирик шаҳарларда ҳам вазият Деҳлидагига ўхшаш бензин ва дизелда ҳаракатланувчи миллионлаб эски машиналар ҳавони ифлослантиришда давом этмоқда.

Фото: indiatimes.com

Энергия билан боғлиқ вазият бундан ҳам яхши эмас. 2020 йилда Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 75 фоизи кўмир ёқиб олинган. Оқибатда бу ҳам мамлакат бўйлаб ҳавонинг ифлосланишига сабаб бўляпти.

Ҳиндистон шаҳарларидаги ифлосланган ҳаво «жуда зарарли» деб шунчаки айтилмайди. Бундай ҳаво мамлакат бўйлаб кўплаб одамларда диабет ва астма касалликларининг кўпайишига сабаб бўлади.

The Guardian нашрига интервю берган ҳинд шифокорларининг айтишича, Деҳлида ноябр ойида ҳаводан нафас олиш кунига 25-30 дона сигарет чекиш билан баробар.

Бу факт қанчалик тўғри эканлигини айтиш қийин, аммо Ҳиндистоннинг йирик шаҳарларида ҳавонинг кескин ифлосланиши даҳшатли оқибатларга олиб келишини тасдиқловчи кўплаб тадқиқотлар мавжуд.

Масалан, 2021 йилда Lung Care Foundation (Ўпка парвариши фонди) ва Pulmocare фармацевтика компанияси Деҳли ва яна кичикроқ Коттаяма ва Майсура шаҳарларида болалар иштирокида тадқиқот ўтказади.

Деҳлида текширувдан ўтган 928 боланинг деярли учдан бири астма билан касалланган бўлиб чиқди. Коттяма ва Майсурада танлаб олинган болаларнинг 20 фоизида астма аниқланган. Таққослаш учун, расмий маълумотларга кўра, Россияда, астма билан касалланиш 7 фоизни ташкил этади.

2023 йилда Ҳиндистондаги ҳавонинг ифлосланиши одамларнинг соғлигига зиён етказаётгани ҳақида бошқа бир тадқиқот эълон қилинди. Унга кўра, йирик шаҳарларда микроскопик PM 2,5 зарраларининг юқори даражаси 2-тоифали диабет касаллигининг ривожланишига сабаб бўляпти.

Оқибатда, бугун мамлакат аҳолисининг тахминан 11 фоизи (150 млн киши атрофида) 2-тоифа диабетдан азият чекмоқда. 130 миллиондан ошиқ одам эса бундай касалликка чалиниш арафасида.

Таққослаш учун, 2019 йилда Европа Иттифоқида катталар орасида диабет билан касалланиш ўртача 6,2 фоизни ташкил этган.

Аччиқ тутун айниқса болалар саломатлигига хавф солмоқда

Ҳиндистон шаҳарларидаги ифлосланган ҳавонинг салбий оқибатлари шу билан тугамайди. 2023 йилда Down to Earth экологик жамғармаси сўнгги беш йилда ўтказилган 25 та тадқиқот таҳлилларини очиқлади.

Уларга кўра, ҳиндистонлик болаларда бўйнинг ўсмай қолиши, камқонлик ҳамда чақалоқлар ўлими айнан ҳавонинг ифлосланиши туфайли кўпроқ содир бўляпти.

The Guardian нашрига интервю берган педиатр Атул Варма синглисига болаларини дарҳол Деҳлидан олиб кетишни маслаҳат берганини айтади.

Бироқ Ҳиндистон пойтахтида ва ҳавоси ифлосланган бошқа йирик шаҳарларда миллионлаб қашшоқлар яшайди. Уларда яшаш жойини ўзгартириш, нисбатан ҳавоси тозароқ жойларга кўчиб кетиш учун имконият йўқ.

Атул Варма ўз ҳузурига касал боласини олиб келаётган қашшоқ ота-оналарга ифлосланган ҳаводан нафас олишнинг салбий оқибатлари ҳақида батафсил гапирмасликни афзал кўради:

«Мен ота-оналарга ҳамма гапни айтмайман. Агар уларнинг боласи астма билан касалланса, бу жуда ёмон. Мен ота-оналарга болалар ифлосланган ҳаво туфайли касал бўлаётгани, соғлигини йўқотаётгани ҳақида батафсил гапира олмайман. Шунчаки, имконияти йўқ одамларни баттар ташвишга ва ўйловга қўйишни хоҳламайман».

Дивали байрами ўтказиладиган кунлари ҳаммаёқни тутун қоплайди \ Фото: alamy.com

Ҳаво ифлосланишига қарши чоралар

Ҳиндистон ҳукумати ҳавони ифлослантираётган омилларга қарши курашишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ бу бироз самарасиз кечмоқда.

2023 йил октябр ойида, Дивали байрами бошланишидан бир ой олдин, Деҳли шаҳар кенгаши пойтахтда 2024 йил 1 январгача мушакбозлик қилишни тақиқлади.

Кўп ўтмай Ҳиндистон Олий суди нафақат Деҳли шаҳрида, балки бутун мамлакат бўйлаб шундай тақиқни жорий қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Бироқ, Дивали байрами ўтказилиши бошлангач, жойларда Олий суд қарори ижросини таъминлашнинг иложи бўлмади. Одамлар мушакбозлик қилишда давом этишди.

«Олий суднинг мушакбозликни тақиқлаш қарори атрофга заҳарли тутун тарқаши ортидан қабул қилинганди. Бироқ огоҳлантириш ва тақиққа қарамай, жойларда мушакбозлик содир бўлди ва ҳукумат яна бир марта муваффақиятсизликка учради. Қизиқ, Олий суд энди қандай позицияда бўлади?» деб савол қўйди атроф-муҳит ҳимоячиларидан бири ва унинг гаплари мамлакатнинг барча йирик ОАВда тарқалди.

Худди шундай ҳолат сомонни ёқишни тақиқлаш билан ҳам юзага келганди. Олий суд экологияни заҳарловчи бу ишни назоратга олиш ва сомон ёқишга йўл қўймаслик чораларини кўриш бўйича қарор чиқарган. Унинг ижросини штат ҳукуматлари зиммасига юклаганди.

Бироқ маҳаллий ҳукуматлар бу қарорни ҳам бажара олишмади. Амалда мамлакатдаги миллионлаб фермерлар ва деҳқонларни сомон ёқишдан қайтаришнинг иложи бўлмади. Ҳатто маҳаллий ҳукуматлар Олий суд фермер ва деҳқонларни ўзларига қарама-қарши қилиб қўйганидан нолиб чиқишади.

Бироқ, турли мутахассислар мушакбозлик ва сомон ёқишни тўхтатишнинг иложи борлигини, бу учун кескин чоралар ва вақт керак бўлишини айтишмоқда.

Транспорт билан боғлиқ чекловлар

Шунингдек, Деҳлида ҳавонинг ўта ёмон ифлосланишининг олдини олиш учун транспортдан фойдаланиш бўйича чекловлар киритилди.

Эндиликда шаҳар кўчаларида рақамлари жуфт бўлган машиналар фақат жуфт саналарда, тоқ рақамдагилар эса тоқ кунларда юриши мумкин. Бу тартиб бошқа ҳудудлардан пойтахтга кириб келаётган машиналарга ҳам тааллуқли.

Шунингдек, Деҳлида ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошган дизелда ҳаракатланувчи ва ишлаб чиқарилганига 15 йилдан ошган бензинда ҳаракатланувчи машиналардан фойдаланишга тақиқ жорий этилди.

Айрим маълумотларга кўра, шундан кейин бу шаҳарда транспорт ҳаракати 35 фоизга қисқарган.

Бу тақиқ ижросини таъминлаш учун 2023 йилнинг ёзида Деҳли аҳолисига эски машиналарни мажбурий тарзда олиб кетиш ва утилизация қилиш ҳақида хабар берилди. Бу хабар шаҳарда норозилик тўлқинини келтириб чиқарди, бироқ расмийлар ён беришмади ва бу амалиёт ҳозир ҳам амалда.

Reuters’нинг ёзишича, кўп ўтмай, Деҳлида қурилиш ишларини тақиқлаш ҳам жорий этилди. Бироқ бу чора шаҳардаги ўзи шундоқ ҳам оғир бўлган ижтимоий вазиятни баттар ёмонлаштирди. Чунки кўп одамлар ишини йўқотди ва даромадларидан маҳрум бўлди.

«Агар ҳавонинг ёмон ифлосланишидан касал бўлиб ўладиган бўлсам, ишда ўлишни афзал кўраман. Чунки уйда болаларим бор ва қандай бўлса ҳам уларни боқишим керак», деган ишчилардан бири агентлик мухбирига.

2023 йил 1 январдан саноат корхоналари учун кўмирдан ёқилғи сифатида фойдаланишга тақиқ қўйилди. Бироқ, бунда бир қатор истиснолар мавжуд. Хусусан, кам олтингугуртли кўмирни электростанцияларда ишлатиш мумкин.

Ҳиндистонда ИЭСларнинг асосий қисми кўмирда ишлайди ва бу ҳам ҳавонинг заҳарланишига сабаб бўлмоқда \ Фото: stock.adobe.com

Бу тақиқдан сўнг саноат корхоналари оммавий равишда табиий газ ёки электр энергиясига эмас, балки биомасса, жумладан, қишлоқ хўжалиги чиқиндиларини ёқишга ўта бошлади.

Агар Ҳиндистон кўмирдан тўлиқ воз кечса, ҳавога чиқаётган заҳарли газлар миқдори сезиларли камайиши мумкин. Бироқ аҳолиси 1,5 млрд кишига яқинлашаётган мамлакатда кўмирдан бутунлай воз кечиш осон бўлмайди.

Ҳиндистондаги экологик муаммо Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас

Аҳамиятлиси, бугун Ҳиндистонда, жумладан Деҳлида экологик муаммоларни келтириб чиқараётган омиллар биз учун ҳам бегона эмас. Айниқса, Тошкент шаҳрида вазият бироз мураккаб.

Тошкент сўнгги йилларда ҳавоси ифлосланган шаҳарлар рейтингида юқори ўринларга кўтарилди. Жумладан, 2022 йил 17 октябр куни оқшом Тошкент IQAir рейтингида Деҳлини ҳам ортда қолдириб, дунёда 1-ўринга чиқди. Ўшанда пойтахтда ҳаво сифати индекси (AQI) 164 бирликка чиққанди (норма 50 бирлик).

Тошкент кейин ҳам IQAir рейтингида бир неча марта юқори ўринларни эгаллади ва бу пойтахт учун одатий ҳолга айланди.

Тошкентдаги экологик муаммоларни келтириб чиқараётган омилларга қаралса, пойтахт аҳолиси ҳам асосан автомобиллардан чиқаётган заҳарли газлар, тартибсиз қурилишлар ва шаҳардаги яшил ҳудудларнинг камайиб бораётганидан азият чекаётганини кўриш мумкин.

Фото: Анвар Илёсов

Маълумотларга кўра, Тошкентда рўйхатга олинган автомобиллар сони 800 мингга яқинлашган ва улар ҳар йили жуда катта фарқ билан кўпайиб бормоқда. Шунингдек, ҳар куни ҳудудлардан ҳам 300 мингтагача машиналар кириб келади.

Тошкентда автомобиллардан ҳавога зарарли моддалар чиқарилиши умумий кўрсаткичнинг 93 фоизини (403 минг тоннани), республика бўйича эса 58 фоизини ташкил этади (1,4 млн тонна).

Пойтахтда 50 мингдан ошиқ юк машиналари бор ва сўнгги пайтларда уларининг ҳаракатланишини қисман чеклаш мавзуси тез-тез кўтарилмоқда.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда пойтахтда амалга оширилган тартибсиз қурилишлар ҳам қисман экологик вазиятга таъсир кўрсатяпти.

Маълумот учун, президент 8 феврал куни Тошкент шаҳрининг Сергели туманига ташрифи чоғида яшил майдонлар ташкил қилиш ишлари қурилишлар билан ҳамоҳанг олиб борилмаётганини танқид қилиб, шаҳарнинг бош режаси тасдиқланмагунча янги қурилишларга мораторий эълон қилинишини таъкидлаганди.

Бироқ ундан кейин ҳам пойтахтнинг айрим ҳудудларида кўп қаватли уйлар ва бошқа бинолар қуриш ишлари бошланди. Оқибатда бир нечта ҳолатда қурувчилар ва аҳоли орасида кескин зиддиятлар юзага келди.

Экологик вазият бўйича мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам ишлар тўғри олиб бориляпти деб бўлмайди. Ҳар йил ёзда ғалла майдонларда қолган сомонлар ёқиб юборилади.

Фото: Экология қўмитаси

Шунингдек, ҳар йили кузда хонадонларда ва бошқа жойларда хазон ёқилиши билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар учрайди. Шу сабабли Ҳиндистонда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам куз мавсуми кескин экологик ифлосланиш мавсумига айланмоқда.

Бундан ташқари, етарлича назорат бўлмагани учун мамлакатдаги кўплаб чиқинди полигонлари тез-тез ёқиб юборилади.

Умумий хулоса шуки, агар биз ўзимиз нафас олаётган ҳавони тоза сақлашни хоҳласак ва ифлосланган экология туфайли келиб чиқаётган касалликлардан ўзимизни асрашни истасак дадилроқ қадам ташлашимиз керак.

Қурилиш соҳаси, транспортларнинг ҳаракатланиши жиддий тартибга олиниши, сомон ёки хазон ёқувчиларга, дарахт кесувчиларга кескин чоралар кўрилиши керак. Акс ҳолда вазият вақт ўтган сари оғирлашиб бораверади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид