Ўзбекистон | 21:12 / 14.12.2023
17650
2 дақиқада ўқилади

Президент электромобил ишлаб чиқаришга ўтишга алоҳида эътибор қаратишни буюрди 

Шавкат Мирзиёев электромобиллар учун бутловчи қисмлар тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берди. Шунингдек, миллий тракторни маҳаллийлаштириш даражасини 35 фоизга етказиш вазифасини қўйди. 

Президент Шавкат Мирзиёев 14 декабр куни автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. 

Тақдимотда «Ўзавтосаноат» АЖ маҳсулотлар моделини кенгайтириб, сифатини яхшилаш, таннархни камайтириб, рақобат муҳитида ишлашга ўтиши зарурлиги таъкидланди, шу борадаги чора-тадбирлар, тармоқ олдидаги вазифалар муҳокама қилинди. 

Ўзбекистонда енгил автомобил ишлаб чиқаришни 2030 йилгача 1 миллион донага етказиш мақсад қилинган. Йиғилишда бу борада 2024 йилда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди. 

Давлат раҳбари «Ўзавтосаноат»ни трансформация қилишни жадаллаштириш, харажатларни камайтириш лозимлигини таъкидлади. 

Шунингдек, электромобил ишлаб чиқаришга ўтишга алоҳида эътибор қаратиш муҳимлигини қайд қилиб, тармоқ корхоналарида электромобиллар учун бутловчи қисмлар тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берди. Таъкидланишича, келгуси йилда Ўзбекистонда электромобил заводи ишга туширилади ва 10 мингта электромобил ишлаб чиқарилади. 

Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғида бу йил 3 минг 500 донадан ортиқ техника ишлаб чиқарилган. 2030 йилгача бу миқдорни йилига 16 минг донага етказиш мўлжалланган. Президент маҳаллий техника харидини қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, кластер ва фермерларни жалб этиб, бу борада буюртмалар шакллантириш зарурлиги таъкидлади. 

Миллий тракторни маҳаллийлаштириш даражасини 35 фоизга, осма техника ва тиркамаларни ўртача 60 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

Мавзуга оид