Ўзбекистон | 12:35 / 15.12.2023
2113
2 дақиқада ўқилади

ЕТТБ Марказий Осиёда ёшлар бизнесини ривожлантиришга 200 млн евро ажратади

Лойиҳа доирасида 35 ёшгача бўлган тадбиркорларга маблағ ажратилиб, тренинглар ва маслаҳат хизматларига жалб қилинади.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Марказий Осиё ва Мўғулистонда ёшлар бизнесини ривожлантиришга қаратилган дастурни ишга туширди

ЕТТБ етти йил ичида Марказий Осиёдаги ёш тадбиркорларни молиялаштириш ва тренингдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш учун 218 млн доллар ажратади. Дастур 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёшлар раҳбарлигидаги микро, кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган.

Компаниялар маблағни 20та ҳамкор молия институтлари орқали олади. Шунингдек, дастур иштирокчиларига тренинглар, маслаҳат хизматлари ва турли тадбирларда иштирок этиш имконини беради.

Шунингдек, халқаро ташкилот инвестициялари грантлар ва имтиёзли қўшма молиялаштиришдан иборат 30 млн еврогача бўлган пакет билан тўлдирилади.

ЕТТБ Марказий Осиёда кўплаб ёшлар тадбиркорлик кўникмаларига эга, аммо тенг иқтисодий имкониятларга эга эмаслигини қайд этади. Банк ҳисоб-китобларига кўра, ёшларнинг атиги 10 фоизигина зарур таълим ва иш кўникмаларига эга.

«Бу муаммони ҳал қилиш Марказий Осиё учун муҳим аҳамиятга эга, кичик ва ўрта корхоналар умумий бандликнинг деярли ярми ва минтақавий ЯИМнинг деярли 40 фоизини ташкил қилади», — дея таъкидлайди ЕТТБ.

Дастур Қозоғистон ҳукумати, Кичик бизнес жамғармаси ва Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид