Жаҳон | 17:14 / 16.12.2023
19269
5 дақиқада ўқилади

Ғазодаги ерости туннеллари ҳақида нималар маълум?

Жаҳонда бундай мудофаа иншоотларининг муқобили кам учрайди. Туннелларнинг муҳим қисмлари ҳимоя чораси сифатида миналанган. Уларни сувга тўлдиришнинг самараси ҳақида аниқ гап айтиш қийин, айни пайтда, Исроил сув тўлдирилаётган туннелларда асирлар йўқлигига кафолат беролмайди, дейди эксперт Шавкат Икромов.

Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС ҳаракатини яксон қилишга уринаётган Исроил кучлари ҳаракатнинг асосий мудофаа иншоотларидан бўлмиш ерости туннелларини сув билан тўлдиришни бошлади. Kun.uz бу борадаги саволларга Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Шавкат Икромовдан жавоб олди.

Туннеллар тизими қандай яратилган?

— Бу туннеллар тизими мураккаб мудофаа иншооти ҳисобланади. Бутун дунёда ҳам алтернативи кам учрайди. Бу туннеллар ўтган асрнинг 80-йилларидан бошлаб, Ғазо ва Миср чегарасида, Рафаҳ чегара ўтиш йўлаги яқинида ташкил қилинган. Дастлаб бу туннеллар Мисрдан ҳаёт учун зарур маҳсулотлар ташиб келувчи контрабанда йўлаги сифатида маълум эди. 2007 йилдан бошлаб ҲАМАС маъмурияти бу туннеллар тизимини бутун сектор бўйлаб кенгайтирди.

Ғазодан Исроил ҳудудига ўтадиган юзлаб яширин туннеллар қазилди. Уларнинг кириш йўлаклари одатда аҳоли инфратузилмасига жуда яқин жойда, кўп ҳолларда мактаблар, масжидлар, касалхоналар ва уйларнинг тагида жойлаштирилган. Улар ер юзасидан тахминан 5 метрдан 25 метргача чуқурликдан ўтказилган. Туннеллар қурилишида ҲАМАС муҳандислари билан бирга, эронлик мутахассислар ҳам иштирок этгани ҳақида маълумотлар бор.

Исроил ҳозиргача Ғазонинг эгалланган қисмларида туннел тизимларини ҳам эгаллаганми?

— Исроил эгалланган ерлардаги туннел иншоотларини ҳам қўлга киритиб, йўқ қилиняпти, деган баёнотларни берган. Лекин ҲАМАС томони бу маълумотларни тасдиқламаган. Исроилликлар бизга маълум бўлган 800 та туннелдан 500 тасини бомбаладик деяпти. Лекин мутахассислар айтишича, бу туннеллар тизимини бомбалаш орқали йўқ қилиб бўлмайди, чунки бу туннелларда бомбаларга қарши мудофаа чоралари кўрилган.

Ерости лойиҳасининг барпо этилишида унинг сувга тўлдирилиши эҳтимолига ҳам тайёргарлик кўрилганми?

— Сув билан тўлдириш биринчи марта бўлаётган иш эмас. 2015 йилда Миср томонидан Рафаҳ тарафдаги туннеллар сув билан тўлдирилган эди. Катта авария ҳолати юзага келган эди ўшанда. Исроил ҳам туннелларни сувга тўлдириш борасида тажрибага эга. Исроилга ўтувчи туннеллар орқали ҳужум бўлганда бу туннеллар бир неча маротаба сув билан тўлдирилган.

Араб нашрларига кўра, ҳозир Ғазода 7 та сув насослари ўрнатилган ва улар катта миқдордаги сувни туннелларга қуйишни бошлаган. Аммо сув билан тўлдириш ишларининг кўлами қанчалик бўлиши маълум эмас, унинг самарадорлиги бўйича ҳам Исроил томонининг ўзида аниқ ҳисоб-китоблар йўқлиги айтилади.

АҚШ расмийлари, хусусан мамлакат президенти сув билан тўлдирилаётган туннелларда асирлар бор бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Ҳақиқатан ҳам сув билан тўлдирилаётган туннелларда асирлар йўқ деб Исроил томони кафолат бера олмайди.

Туннеллар тизими сув билан тўлдиришга қарши мудофаа тизимига эга ёки эга эмаслиги ҳақида аниқ бир нарса дейиш қийин. Исроил томони 800 та туннел маълумлиги айтган бўлса ҳам, уларнинг сони кўпроқ бўлиши ҳам мумкин. ҲАМАС йиллар давомида аҳоли яшаши учун инфратузилмага сарфланадиган маблағни ҳам туннел қурилиши ва бошқа мудофаа ишлари учун сарфлаган.

Туннелларнинг инфратузилмаси қандай ўзи?

— Юқорида айтганимиздек, бу туннеллар дастлаб контрабанда мақсадида ишлатилган эди. Туннеллар ичида шахталардаги каби кичик темирйўллар ўтқазилганди, бу йўллар орқали Мисрдан ҳаётий зарур товарлар ва қурилиш моллари ўтказилар эди. 2007 йилдан кейин эса мудофаа иншоотига айлантирилди. Исроил томони тарқатган маълумотларга кўра, у ерда қурол ишлаб чиқарувчи заводлар борлиги айтилган.

Тизим шундай жойлаштирилганки, кўп қисми миналаштирилган. Исроил аскарлари кириш имконини топса ҳам, катта эҳтимол билан портлайди. Бу туннелларда ҲАМАС раҳбарларининг вақтинчалик идоралари, қурол ишлаб чиқарувчи ва урушда фойдаланиладиган турли иншоотлар бор. Айтганимдек, бу туннеллар тизими асосан ҲАМАС ва Эрон мутахассислари томонидан яратилган.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид