Жаҳон | 15:59 / 16.12.2023
10482
8 дақиқада ўқилади

Мусиқачининг “башорати”, қиморбознинг бомбаси ҳамда кемасознинг даҳшатли таваккали – ғаройиб тақдирлар

Айрим инсонлар ҳаёти давомида кўплаб кутилмаган ва сирли воқеаларга дуч келади. Атрофдагилар учун қанчалар ғайриоддий туюлмасин, ушбу воқеаларга чуқурроқ назар солинса, уларнинг “муаллифи” ўша инсонларнинг ўзи эканлигини кўриш мумкин. Kun.uz ана шундай ғаройиб тақдирлар ҳақида қизиқ ҳолатларни тўплади. 

Яратган асари ўз ҳаётига кўчган мусиқачи

Америкалик қўшиқчи, мусиқачи ва гитарачи Жеймс Салливан 1969 йилда ўзининг илк албоми билан дебют қилди. У оиласини ташлаб, чўлда ўзга сайёраликлар томонидан ўғирлаб кетилгани ҳақида қўшиқ куйлаган. Ўша вақтда бу мавзу кўп муҳокама қилинаётган ва Жеймс Салливаннинг қўшиқлари ғайриоддий ҳодиса эмас эди.

Аммо кейинчалик унинг албоми қўлма-қўл бўлиб кетди. Бунинг сабаби 1975 йил 4 март куни Жеймс ўзининг машинасидан 120 доллар миқдоридаги пулни олиб, оиласига ҳеч нарса демай уйдан чиқиб кетади. Эртаси куни уни Ню-Мексикодаги ҳотелда, бир кундан кейин эса уйдан 42 километр узоқликдаги ранчода кўришган. Кейинчалик Жеймснинг машинаси чўлда ранчо яқинида ташландиқ ҳолда топилган ва мусиқачининг ўзи ғойиб бўлган. Уни охирги марта машинадан узоқлашиб кетаётганида кўришган.

Фото: Getty Images

Машинадан гитара, кийим-кечак ва ўзга сайёраликлар ҳақидаги ёзувлари топилган, бу эса талончилик ёки қотиллик версиясини истисно қилган. Умуман олганда, Жеймс Салливан ўз қўшиғининг сюжетини бутунлай такрорлайди - аммо унинг ғойиб бўлиши ўзга сайёраликлар томонидан ўғирланиши билан боғлиқми ёки йўқлиги номаълум.

Уйига қайтиш учун сув ости кемасига ўт қўйган ишчи

2012 йилнинг май ойида Портсмут денгиз кемасозлик заводида ўша пайтда капитал таъмирланаётган ва модернизация қилинаётган “Лос-Анжелес” тоифасидаги сув ости кемаси ёниб кетди. Ёнғин шунчалик кучли бўлганки, уни ўчириш учун фавқулодда хизматлар 12 соат вақт сарфлаган. Етти ўт ўчирувчи ва икки экипаж аъзоси жароҳат олади ва қайиқ 450-700 миллион доллар зарар кўради. Ёнғиннинг бошланғич нуқтасидаги ёнувчан қолдиқларнинг саноат чангютгичига тушиши кеманинг ўт олиб кетишига сабаб бўлади.

Фото: Getty Images

Аммо ҳар томонлама текширувдан сўнг, қайиқни таъмирлашда ишлаётган кемасозлик ишчиларидан бири Кейси Фюри ишни эрта тарк этмоқчи бўлгани маълум бўлди. Бунинг учун у кичкинагина муаммо чиқариш мақсадида купелардан бирига латта-латталарни йиғиб, ўт қўйган. Кутилмаганда, тилсиз ёв бутун кемани эгаллаб олган.

Сув ости кемасига етказилган зарар шунчалик катта эдики, АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари таъмирлашга пул сарфламасликка қарор қилди ва уни шунчаки металл буюм сифатида топшириб юборишди. Кейси Фюри 17 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди ва товон пули сифатида 400 миллион доллар жаримага тортилди.

Қиморбознинг машъум хатоси

1989 йилда қимор ўйинларига қарамликдан азият чеккан Жон Биргес Ср Стателине (Невада) шаҳридаги Ҳарвейъс Ресорт Ҳотел казиносида 750 минг доллар йўқотди. Кейин у пулни ғайриоддий усулда, яъни шантаж орқали қайтаришга қарор қилди. Бунинг учун у яна икки кишини ёллади (бошқа версияга кўра - учта). Калифорниядаги қурилиш майдончасидан 450 килограмм динамитни ўғирлади ва “Машина” деб номланган бомба йиғди.

Жон ва унинг шериклари курерлик кийимида бўлиб, бомбани бино ичига олиб кириб, казинонинг иккинчи қаватига жойлаштиришди. У ерда улар 3 миллион долларни юз долларлик купюраларда талаб қилиб қоғоз қолдирган. Бомба 30 дақиқадан сўнг топилган, шундан сўнг казино ходимлари махсус хизматларга қўнғироқ қилган. Ходимлар 33 соат ишладилар, бироқ бомбани зарарсизлантира олмадилар. Чунки ҳар қандай ҳаракат портлашга олиб келиши мумкин эди. Кейин Федерал қидирув бюроси тўловни тўламоқчи бўлди, лекин Биргес Срнинг манзилга бўлган ноаниқ кўрсатмалари туфайли бу амалга ошмади.

Яъни, агентлар айтилган жойга етиб келишган, Биргес эса уларни бошқа жойда кутиб турган. Бомбани зарарсизлантириш ёки уни бошқа жойга кўчириш имкони йўқлигини англаган махсус хизматлар шаклланган зарядни масофадан туриб портлатишга қарор қилади. Бомба ишлайди, лекин улар кутганидан анча кучлироқ, казинонинг кўп қисмини йўқ қилади. Яхшиямки, портлашдан олдин эвакуация қилингани учун ҳеч ким жабрланмайди. Бу ҳикоядаги энг кулгили ҳолат Жон Биргес Срнинг ҳибсга олиниши. Гарчи уни гумондор деб ҳисоблашса-да, портлаш пайтида унинг микроавтобуси яқин жойда бўлганига қарамай, аниқ далиллар йўқ эди.

Фото: Getty Images

Унинг ўғилларидан бири қиз дўстига Ҳарвейъс Ресорт меҳмонхонасига бомба қўйган отаси эканлигини айтишга қарор қилди. Кейинчалик, улар ажрашганида, қиз Биргес учун мукофот борлигини билиб, янги йигитига эшитганлари ҳақида гапириб берди. У тегишли жойга қўнғироқ қилиб, маълумотларни берди. Натижада Биргес ҳибсга олинди ва шартли равишда озод қилинмасдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У 74 ёшида вафот этган.

Самолётлар осмонда тўқнашиб, ерга қўнишга муваффақ бўлди

Бу ҳодиса 1940 йил 29 сентябрда Австралия ҳарбий-ҳаво кучларининг икки учувчиси иштирокида содир бўлди. Шу куни Австралиянинг Броклсби қишлоғи осмонида патруллик қилаётган иккита Авро Ансон самолёти ўзаро тўқнашиб кетди. Самолётлардан бири 300 метр баландликда учаётганида унинг учувчиси Леонард Фуллер Жек Хюсон бошқараётган пастдан учиб кетаётган учоқни кўрмай қолган. Тўсатдан, Леонард ҳалокат овозини эшитди ва унинг самолёти Жекнинг учоғига тиқилиб қолганини ва уни чиқариб олишнинг иложи йўқлигини тушунди.

Фото: Getty Images

Фуллернинг самолёти ишдан чиқди, лекин Хюсон учаётган самолёт ишлаб турган эди. Учувчиларга омад кулиб боқди, чунки зарба пайтида икки учоқ юқори тезликда бир-бирига тиқилиб қолган, шу сабабли машиналар дарҳол қулаб тушмаган. Фуллер самолётни тарк этиши мумкин эди,  аммо у қолишга қарор қилди, чунки учувчи зарар етмаган ускуналар ёрдамида самолётни бошқариш мумкинлигини тушунди. Қўниш жойини топиш учун яна саккиз километр учиб ўтишга тўғри келди. Ниҳоят кенг адирликка икки самолёт ҳам муваффақиятли қўндирилди. Қизиғи шундаки, иккала экипаж аъзолари ҳам бундай хавфли вазиятдан омон қолишди, шунингдек, Австралия Қироллик ҳаво кучлари самолётни қайта тиклашга ва ишга туширишга муваффақ бўлишди.

22 йилдан сўнг ошкор бўлган мудҳиш ҳодиса

1997 йил ноябр ойида 40 ёшли Уилям Молдт рафиқасига қўнғироқ қилиб, уйга қайтаётганини айтади. Кейин у машинасига ўтиради ва клубдан узоқлашади ҳамда бошқа ҳеч қачон кўринмайди. Полиция тергов олиб борди, аммо Уилямни ҳам, унинг машинасини ҳам топа олишмади.

Орадан 22 йил ўтиб, 2019 йилнинг августида, бир пайтлар Флорида штатидаги Гранд ороллар маҳалласида яшаган Барри Фей Google Earth орқали уйлардан бирининг орқасидаги ҳовузда машинадек туюлган нарсани топади. Кейин у уйнинг ҳозирги эгаси билан боғланиб, маълумотни текшириб кўришини сўради. Уй эгаси осмонга камерали дронни учирди ва ҳовузда чўкиб кетган машинани кўрди. Кейин Барри Фей округ шерифи билан боғланиб, унга топилма ҳақида гапириб берди. Воқеа жойига полиция етиб келган, шундан сўнг қутқарувчилар 1994 йилда ишлаб чиқарилган оқ рангли машинани сувдан олиб чиқишди, ундан инсон скелети топилган. Мутахассислар суякларни текшириб, қолдиқлар 1997 йилда ғойиб бўлган Уилям Молдтга тегишли деган хулосага келишди. Ўшанда ҳудудидаги сув омбори жойлашган тураржой мажмуаси қурилиши давом этаётган бўлиб, ҳувуллаб қолган, шу сабабли сувга чўкиб кетган автомобилни ҳеч ким кўрмаган. Бироқ Уилямнинг машинаси қандай қилиб ҳовузга тушиб қолгани ҳозирча номаълум.

Махсума Оққўзиева тайёрлади.

Мавзуга оид