Иқтисодиёт | 16:21 / 18.12.2023
19813
2 дақиқада ўқилади

Инвестициялар вазирлигининг ҳудудий бўлимлари тугатилиб, функциялари ССПга ўтказилади

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг вилоят ва туман бўлимлари тугатилиб, вазирликнинг ҳудудларда ишлаб чиқариш, саноат зоналари ва экспорт масалалари бўйича функциялари Савдо-саноат палатасига ўтказилади. Экспорт агентлиги ва жамғармаси ҳамда “Ўзбекэкспертиза” ташкилоти ҳам ССП тизимига ўтади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев бугунги селекторда маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 18 декабр куни ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва хизматларни ривожлантириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Давлат раҳбари жаҳонда рўй бераётган ўзгаришлар ҳисобига иқтисодиёт учун зарур бўлган хом ашё ва маҳсулотлар нархи, уларни етказиб бериш харажатлари беқарорлигини таъкидлади.

“Маҳсулотларимиз нарх жиҳатдан рақобатбардош бўлишини истасак, энг аввало, ўзимиздаги хомашёни чуқур қайта ишлаб, тайёр сифатли маҳсулотларни кўпайтиришимиз шарт ва зарур”, деди президент.

Шавкат Мирзиёвга кўра, бу мақсадларни амалга ошириш учун Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг ҳозирги тизимини қайта кўриб чиқиб, ҳудудларда ишлаб чиқариш, саноат зоналари ва экспорт масалаларини Савдо-саноат палатасига ўтказиш керак.

Бу орқали лойиҳа қилиш ва экспорт тизими давлатдан тадбиркорлар ўзини ўзи бошқарадиган ташкилотга ўтказилади. Бу – тадбиркорларнинг талаб ва истакларига қулоқ солиш, улар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, муаммоларини ҳал қилиш мақсадида қилинмоқда.

Шунингдек, Инвестиция вазирлигининг вилоят ва туман бўлимлари тугатилади. Ҳудудларда бу вазифалар билан Савдо-саноат палатасининг лойиҳа қиладиган ва экспортга кўмаклашадиган мутахассислари шуғулланади.

Экспорт агентлиги ва жамғармаси, “Ўзбекэкспертиза” ташкилоти ҳам Савдо-саноат палатаси тизимига ўтади.

Ишлаб чиқариш, экспорт ва брендларга бериладиган грант, субсидия ва бошқа имтиёзлар палата орқали эгасига очиқ-ошкора ва шаффоф бериладиган тизим жорий қилинади, дея маълум қилинди селектокда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид