Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Писториус: Европа Киевга етишмаётган АҚШ ёрдами ўрнини қоплаб беради
Борис Писториуснинг таъкидлашича, Европа мудофаа саноати ишлаб чиқаришни керакли ҳажмда ошириш учун беш-саккиз йил вақтга эга.
«Бизга маълумки, эртами-кечми биз Вашингтондан келмаслиги мумкин бўлган нарсаларни қоплаб беришимиз керак бўлади. Назарий жиҳатдан, ҳамма нарса муаммосиз дарҳол қоплай олинмайдиган соҳалар бўлиши мумкин», деди Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари Борис Писториус Welt am Sonntag газетасига берган интервюсида. У шу тариқа европалик ҳамкасблари Қўшма Штатлардан келиши тўхтайдиган ёрдамни Европа Украинага қоплаб бериши бўйича «энг ёмон сценарий»га тайёрланяптими, деган саволга жавоб берди. Ушбу интервю 16 декабр куни чоп этилган.
Писториус айнан қайси соҳаларда қийинчиликлар юзага келиши мумкинлиги ҳақида сўралганда, Европа мудофаа саноати ишлаб чиқариш ҳажмини ошириши учун вақт кераклигига эътибор қаратди. «Бизда қуролли кучларда ҳам, саноат ва жамиятда ҳам керакли кўрсаткичларга эришиш учун тахминан беш-саккиз йил бор», деди у Россия ҳозирда ҳарбий ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада ошираётганини эслатиб.
Писториус сўзларига кўра, «Россиянинг Болтиқбўйи мамлакатлари, Гуржистон ва Молдовага қарши таҳдидларини жуда жиддий қабул қилиш керак». «Бу шунчаки оғзаки уришиш эмас. Шу ўн йилликнинг охирида биз хавф-хатарларга дуч келишимиз мумкин. Лекин унгача биз тайёр бўламиз», деб прогноз қилди Германия мудофаа вазирлиги раҳбари.
Писториус Германияга мажбурий ҳарбий хизматни қайтариш имкони ҳақида
Бундан ташқари, Писториус интервю давомида Бундесвер ходимлари мактабларга тез-тез келаётганини ва ўқувчиларга ўз хизмати ҳамда вазифалари ҳақида гапириб бераётганини қўллаб-қувватлади. «Бу милитаризм эмас, балки умумий таълим. Шунчаки тинчликка умид қилиш ва бу тинчликни кафолатлаш учун зарур бўлган вазифаларни эътиборсиз қолдириш бефойда. Мен бу ҳақда маданият вазирлари ва федерал ерлар ҳукуматлари раҳбарлари билан гаплашаман», - деди Писториус.
Борис Писториус «мажбурий ҳарбий хизмат моделларига» қайтиш ҳақида ўйлаяпсизми, деган саволга: «Барча имкониятлар кўриб чиқилмоқда», деб жавоб қайтарди. «Аммо ҳар қандай модел учун, қайси бири бўлишидан қатъий назар, сиёсий кўпчилик керак. Бир пайтлар мажбурий ҳарбий хизматни бекор қилиш учун сабаблар бўлган. Бироқ, бу хато бўлиб чиқди, - деб ҳисоблайди мудофаа вазири. - Энди уни тизимли, конституциявий ва сиёсий жиҳатдан шунчаки қайта жорий қилиш жуда қийин».
Германияда 2011 йилда умумий ҳарбий мажбурият бекор қилинган.
Мавзуга оид
08:16 / 17.05.2025
Писториус: Путин Украинадаги уруш тугашини хоҳламайди
13:52 / 28.04.2025
Писториус: Трампнинг Украина бўйича таклифи капитуляцияга ўхшайди
11:16 / 07.03.2025
Писториус: АҚШнинг Киевга тўхтатилган ёрдамини қоплаб берамиз
12:02 / 24.02.2025