Иқтисодиёт | 19:02 / 19.12.2023
19523
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги минтақавий инвестициялар ҳажми бўйича иккинчи ўринда қайд этилди 

Қирғизистон Марказий Осиёда 63 фоиз улуш билан тўғридан-тўғри минтақавий инвестицияларнинг асосий жалб қилувчиси ҳисобланади.

Евроосиё тараққиёт банкининг (ЕОТБ) «Ўзаро инвестициялар мониторинги – 2023» (.pdf) маълумотларига кўра, Қирғизистон Марказий Осиёда 63 фоиз улуш билан тўғридан-тўғри минтақавий инвестицияларнинг асосий жалб қилувчиси ҳисобланади. 

Инвестицияларнинг 24 фоизи Ўзбекистонга, 11 фоизи Қозоғистонга, 2 фоизи Тожикистонга йўналтирилган, Туркманистон иштирокидаги лойиҳалар мавжуд эмас. 

Бундай инвестициялар, ЕОТБ маълумотларига кўра, ҳозирда амалга оширилаётган 27 та йирик лойиҳага киритилган. Инвестицияларнинг умумий ҳажми 1,1 миллиард долларни ташкил этди. 

Минтақадаги энг йирик бешта лойиҳа Қозоғистоннинг Kaz Minerals, United Cement Group, «Народный банк» ва «Верный Капитал» ((иккита лойиҳа) компаниялари томонидан амалга оширилмоқда. Қолган иккита йирик лойиҳа Ўзбекистоннинг Artel ва Alliance Textile компанияларига тегишли. 

Қайд қилинишича, минтақадаги асосий инвесторлар Қозоғистон ва Ўзбекистондир. Капитал қўйилмаларнинг қарийб 87 фоизи Қозоғистон, 13 фоизи эса Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. 

Kaz Minerals томонидан Қирғизистондаги Бўзимчак олтин-мис конига киритган 350 миллион доллар сармояси Марказий Осиё минтақасидаги умумий ўзаро инвестицияларнинг 32 фоизини ташкил қилади. 

Минтақадаги энг йирик ўзбек инвестори Artel бўлиб, 2018 йилда Қирғизистонда ички бозорда сотиш учун музлатгичлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали Марказий Осиё бозорига чиқа бошлаган. Кейинчалик компания Қозоғистон ва Тожикистонда ўз заводларини очди. 

Марказий Осиёдаги 242 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг 22 фоизи молиявий хизматлар секторига тўғри келади, бу соҳадаги барча лойиҳалар Қозоғистон банклари томонидан амалга оширилади.

Мавзуга оид