Ўзбекистон | 20:57 / 21.12.2023
8227
1 дақиқада ўқилади

Электр тармоқлари объектлари муҳофаза зоналарида ноқонуний қурилган 9 мингдан ортиқ объект аниқланди 

Ушбу объектлар бўйича маҳаллий ҳокимликлар ва судларга ҳужжатлар тақдим этилган ва уларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш юзасидан иш олиб борилмоқда. 

Фото: Энергетика вазирлиги

2023 йил давомида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» томонидан ўтказилган назорат тадбирларида электр тармоқ хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналарида ноқонуний қурилган 9 минг 57 та объект аниқланган. 

Хусусан, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ тасарруфидаги электр узатиш тармоқлари ҳудудида 8 минг 357 та, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ тасарруфидаги электр узатиш тармоқлари ҳудудида эса 700 та объект аниқланиб, белгиланган талаблар бўйича далолатнома расмийлаштирилган. 

Қайд қилинишича, 7 минг 636 та объект бўйича маҳаллий ҳокимликлар ва судларга ҳужжатлар тақдим этилган ва уларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш юзасидан иш олиб борилмоқда. Айни вақтгача 91 та объект хавфсиз ҳудудларга кўчирилган. 

Таъкидланишича, электр тармоқ хўжалиги объектлари муҳофаза зонасида уй, бино, иссиқхона ва ҳоказолар қуриш, ҳар қандай қурилиш ишларини олиб бориш қатъиян тақиқланади.

Мавзуга оид