Жаҳон | 14:18 / 21.12.2023
8539
2 дақиқада ўқилади

Украина чет элдаги эркакларни сафарбарлик учун қайтариш ниятида

Украина мудофаа вазири Рустем Умеров Германия ва бошқа мамлакатлардан 25 ёшдан 60 ёшгача бўлган украиналикларни қайтаришни режалаштирмоқда. У ҳарбий хизматдан бўйин товлаганлар санкцияларга дуч келиши ҳақида огоҳлантирди.

Фото: ROMAN BALUK/REUTERS

Украина Россияга қарши уруш учун янги аскарларни излаб, келаси йили хорижда бўлган захирадаги украиналик йигитларни ҳарбий хизматга чақирмоқчи. Германия ва бошқа мамлакатларда яшовчи 25 ёшдан 60 ёшгача бўлган украиналиклар Украина Қуролли кучлари (УҚК)нинг чақирув пунктларига келиши керак бўлади, деди мамлакат мудофаа вазири Рустем Умеров пайшанба, 21 декабр куни Bild, Welt TV ва Politico нашрларига берган интервюсида.

Умеровнинг айтишича, гап чақирув пунктларига келиш бўйича таклифлар ҳақида кетяпти, бироқ айни пайтда буни амалга оширмаганлар санкцияга дучор бўлиши эҳтимоли катта. «Агар улар ўз ихтиёри билан келмаса, нима бўлишини ҳали муҳокама қилмоқдамиз», деди вазир. 

Қўшимча сафарбарлик: 450-500 минг киши 

Украина ҳукумати захирага яна 450-500 минг кишини жалб қилмоқчи, аммо бунинг учун молиявий ва сиёсий шароитлар ҳали яратилмаган. Мамлакат президенти Володимир Зеленский сафарбарликни «нозик масала» деб атади. 

Рустем Умеров сафарбарлик масаласида адолат муҳим эканини таъкидлади. Сафарбар этилганлар қандай тайёргарликдан ўтиши ва жиҳозланиши, қаерда ва қачон хизмат қилишини, хизматдан қачон озод этилишини олдиндан билиши керак, деди у. 

Тақиқларга қарамай, кўплаб украиналик эркаклар ҳарбий хизматга бормаслик мақсадида учун хорижга чиқиб кетган. Сўнгги ҳафталарда Россия қўшинлари Украинадаги бутун фронт бўйлаб ҳужумларини сезиларли даражада кучайтирди. Айниқса, Донецк яқинидаги Авдийивка ҳудудида шиддатли жанглар кетмоқда. 

Мавзуга оид